Ўзбекистонда президентликка номзодлар Каримовни мақташда “пойга”га чиқишди

Номзод ва "номзодлар"
Сурат тагсўзи, Номзод ва "номзодлар"

Сайлов куни яқинлашиб келар экан, турфа партияларнинг номзодлари ғалати бир сайловолди ташвиқот тактикасини кашф қилганлар.

Баробарига ва ё “ким ўзди”га бу президентликка номига номзодлар 26 йилдан бери қудратда қолаётган бошқа бир номзод Ислом Каримовни мақташ йўлига ўтиб олганлар.

Расман Каримов учинчи бор президентликка номзод бўлмоқда, яна расман бу ноқонуний эмас экан, аммо мустақил кузатувчилар унинг тўртинчи бор ва конституцияга зид равишда сайловда қатнашаётганини урғулашади.

Минтақа масалаларида мутахассис Жон Маклаудга кўра, “ўзбек мулозимларида тахайюл тақчиллиги бор, бўлмаса бошқачароқ ёндашган бўлишарди ва ҳатто эҳтимол монархия эълон қилиб қўя қолишарди”.

Каримовнинг сайловда “рақиб”ларидан бири Миллий Тикланиш партиясидан Акмал Саидовдир.

Акмал Саидов Ислом Каримовни улуғлашда ҳозирча ўзига хос рекорд ўрнатди.

У Ўзбекистон президентини Амир Темурга тенглаштирди.

“Мен – ҳуқуқшуносман. Лекин на ўзим, на юртимизнинг бошқа юристлари шу вақтга қадар эътибор қаратмаган бир ҳуқуқий ҳақиқатни Қашқадарёда кашф этдим, десам хато бўлмайди. Яъни, вилоят аҳли эътироф этганидек, кўп минг йиллик миллий давлатчилигимиз ўз олис тарихи давомида иккита том маънода мустақил ва ҳақиқий Конституцияга эга бўлган. Булардан бири – Соҳибқирон Амир Темурнинг “Темур тузуклари” бўлса, иккинчиси – Президентимиз раҳбарлигида ишлаб чиқилган амалдаги Конституциямиздир”, – дейди Акмал Саидов.

Абсурд театри давом этади

"Акмал Саидов Каримовни Амир Темурга тенглаштирди"...
Сурат тагсўзи, "Акмал Саидов Каримовни Амир Темурга тенглаштирди"...

Бошқа номзодлар ҳам эҳтиросларга эрк беришган, тошиб-жўшиб Каримов даврида Ўзбекистон қандай ютуқларга эришгани ҳақида юмшоқ қилиб айтсак, “лоф урмоқдалар”.

Собиқ коммунистик партия асосига қурилган, фақат Каримов томонидан номи ўзгартирилган Халқ демократик партиясидан Ҳотамжон Кетмоновга кўра, “мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг тараққиёт асослари ва кафолатларини мустаҳкамлаш, халқимиз манфаатларини ҳимоялаш, турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлида тарихий ютуқлар қўлга киритилди”.

Энг қизиғи, яъни демократиянинг биттаги ҳарфи ҳам тегиб қолган сайловда одатда номзодлар ҳеч қурса, ўзбекча йўлда бўлса ҳам “окалар, бизга ҳам жиччагина овоз берворинглар” дейиши керак эди.

Аммо ҳеч бир номзод юрак ютиб, бу сайловда ўзлари ҳам “ўйин”га тушаётганлари ҳаққи, ақалли “биз ҳам бормиз” деяётгани йўқ...

Партияларнинг вебсаҳифаларида ҳам шу аҳвол.

Номзодлар сайловчиларга тўғридан тўғри мурожаат қилишаётгани йўқ.

Аммо учрашувлар ўтаётгани ҳақида хабарлару расмлар бор.

Сайловолди ташвиқот суратларининг бирортасида, “менга овоз беринг, мен президент бўлишни истайман” деган дангал даъват йўқ.

Такрорланаётган тарих

Бу номзодни ким танийди?

Сурат манбаси, bbc

Сурат тагсўзи, Бу номзодни ким танийди?

Зотан, 26 йилдан бери қудратдан тушмаётган Каримовга аввалги сайловларда ҳам “рақиб” ролини ўйнаб берадиган номзодлар томонидан мақтов ёғдириш янгилик эмас, қолаверса анъанага айланиб қолгандай...

2000 йилда Халқ демократик партияси раҳбари Абдулҳафиз Жалолов “муқобил” номзод ўлароқ, сайлов даврасига тушган ва ўшанда очиқчасига, ўзи ҳам, партияси ҳам Каримовга овоз беришини айтган эди.

Афтидан, ўшанда Каримов ва унинг атрофидагилар бу ҳолатдан анча уялиб қолган ва бу гал бошқа номзодларни бунақа “садоқатни” ошкора ифода этмаслик ҳақида огоҳлантирган кўринади.

Бошқа бир масала, Ҳотамжон Кетмонов ва ё Акмал Саидовни Ўзбекистонда ким танийди деган савол ва бу саволга жавоб билан боғлиқ...

Хуллас, номзодларнинг билбордлари каби зерикарли ва маънисиз сайлов кампанияси яна уч-тўрт кун давом этади...

Ўзбекистонлик кузатувчи

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02