Ўзбекистон: 'ИД' минтақани беқарорлаштириши мумкин

"Исломий давлат" сафларида қанча ўзбекистонликнинг борлиги ҳақида расмий маълумот йўқ.
Сурат тагсўзи, "Исломий давлат" сафларида қанча ўзбекистонликнинг борлиги ҳақида расмий маълумот йўқ.

Ҳукуматнинг Дин ишлари бўйича қўмитаси ораларида марказий осиёликлар ҳам бўлган "экстремистлар янги беқарорлик ҳудудларини келтириб чиқаришларидан" хавотир билдирган.

Қўмита веб саҳифасида эълон қилинган баёнотда "Исломий давлат" Қуръон оятларини ўзича талқин қилиб, "Ҳижрат" ва "Жиҳод" тушунчаларини илгари сураётгани ва ҳарбий тўқнашувлар ўчоқларига одамларни жалб қилаётгани айтилади.

Бу Ўзбекистони ҳукумати Ироқ ва Суриянинг катта ҳудудларини назорат қилаётган "Исломий давлат"шу йил июнида Халифалик эълон қилишидан буён ушбу гуруҳ борасида тарқатган биринчи расмий баёнотидир.

Аввалроқ Президент Ислом Каримов Яқин Шарқдаги "янги ва янги жангари гуруҳлар" таҳдидидан огоҳлантирган.

Ўтган ҳафта Туркманистонга сафари чоғида гапирган жаноб Каримов "ҳеч ким томонидан бошқарилмайдиган турли-туман бузғунчи ва террорчи кучлар" минтақага хавф солаётгани, улар, хусусан, қўшни Афғонистонда юзага келадиган сиёсий бўшлиқни тўлдириши мумкин"лигини таъкидлаган.

Ўзбекистон раҳбари "Афғонистонда Ироқдаги вазият қайтарилиши мумкин", - деб айтган.

Ўтган ой интернетда Суриядаги ўзбек жангарилари томонидан суратга олинган, деб ишонилган "Исломий давлат"нинг тарғибот видеоси пайдо бўлган.

Видеотасвирда кадр ортидаги одамларнинг ўзбек тилида сўзлашаётганини англаш мумкин.

Аввалароқ шунингдек, Суриянинг Раққа шаҳридаги ҳаво ҳужумларда 17 нафар Ўзбекистон фуқаролари ўлдирилгани ҳақида хабарлар олинган.

Афғонистон ва Покистоннинг чегара ҳудудларида амал қилаётган Ўзбекистон Исломий ҳаракати шу йил сентябрида "Исломий давлат"ни қўллаб-қувватлаши айтилган баёнотни эълон қилган.

Ўзбекистон ҳукумати интернетда пайдо бўлган видеолар ҳамда ўзбек жангариларининг ИД билан бир сафда эканликлари айтилган баёнотига ҳозирга қадар муносабат билдирмаган.

ИД сафида қанча ўзбекистонликнинг борлиги ҳақида ҳам ҳеч қандай расмий маълумот йўқ.

Афғонистон ва Покистонда жанг қилган ўзбек жангариларининг бир қисми кейинроқ Сурияга ўтган, деб ишонилади.

Ўзбекистон Президентининг собиқ маслаҳатчиси Рафиқ Сайфуллиннинг Би-би-сига айтишича, Ўзбекистон ҳукумати Ироқ ва Суриядаги воқеаларнинг минтақада такрорланишидина хавотирда.

"Биздаги саъй-ҳаракатлар асосан, худди шундай воқеалар ўзимизнинг Ўзбекистонда қайтарилмаслигини таъминлашга қаратилган. Дунёдаги ҳар қандай зиддият Ўзбекистонда ўрганиб чиқилади, тадқиқ ва таҳлил қилинади, лекин, бу дегани - ўзбек ҳукумати очиқча муносабат билдиришга мажбур дегани эмас", - деб айтган жаноб Сайфуллин Би-би-си билан суҳбатда.