Ўзбекистон таомларига гап йўқ давлатлар рўйхатида

Рўйхатни ўзининг шахсий тажрибасига таяниб, америкалик таниқли сайёҳ Ли Аббамонтэ тузган.
Ўзбекистонни эса, дунёдаги таомлари энг лаззатли бўлган давлатлар ўттизталигига киритган.
Агар, http://www.leeabbamonte.com веб саҳифасига таянилса, Ўзбекистон бу рўйхатда 27-ўринни эгаллаган.
Аён бўлишича, рўйхат муаллифи бу каби тўхтамга келиш учун бутун дунё бўйлаб кезиб чиққан.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, таомлари билан америкалик сайёҳни тан олдириш бобида қолган минтақа давлатларидан бирортаси Ўзбекистонга етолмаган.
Собиқ Шўро давлатлари орасидан эса, фақат Гуржистон бунга муваффақ бўлган.
Ҳали-ҳануз ўзининг кабобларию қондек қизил шароблари машҳур гуржи ошхонаси америкалик сайёҳнинг рўйхатида 17-ўринни забт этган.

Рўйхатга кўз ташларкансиз, Ли Аббамонтэни энг аввало Италия, Аргентина ва Франция таомлари лол қолдирганига гувоҳ бўласиз.
Америкалик сайёҳ наздидаги юқори ўнталикка бу учовлондан ташқари, яна АҚШ, Мексика, Юнонистон, Бразилия, Япония, Тайланд ва Яман киришга муваффақ бўлишган.
Аксар аҳолиси мусулмон бўлган давлатлар орасидан эса, Яман, Туркия, Сингапур, Марокаш, Тунис ва Афғонистон америкалик сайёҳнинг хос эътиборига тушган.

Сурат манбаси, AP
Қовурмасини дунёдаги деярли барча севиб истеъмол қилувчи, зираворларининг туридан унча-мунча одамнинг боши айланиб кетувчи Ҳиндистон эса, бу рўйхатда бор-йўғи 22-ўринни эгаллаган.
Агар, http://www.leeabbamonte.com веб саҳифасига таянилса, америкалик сайёҳ бу каби тўхтамга келиш учун дунёнинг барча қитъасида бўлган.
Асосий устиворликни эса, фақат Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо 193 давлатга берган.

Сурат манбаси, bbcuzbek.com
Уларнинг ҳар бирига камида бир марта сафар қилган, ўша ерда экани чоғида маҳаллий ва миллий таомларини шахсан ўзи татиб кўрган.
Йирик шаҳарлардаги ҳашаматли ва менюлари ҳам қоришиқ бўлган ресторанларда эмас, одмигинаси ёки кўча-куйда тайёрланган овқатларни маъқул кўрган.
Ўшанда ҳам, ўзи бўлган мамлакатларнинг миллий ёки дунёга донғи кетган таомларига асосий эътиборини қаратган.

Худди шу веб саҳифасида ёзган кириш сўзида Ли Аббамонтэнинг ўзи ҳам, жаҳондаги таомининг мазасига гап йўқ ўттизта давлатни танлаб олиш деярли имконсиз бир иш экани, чунки бу масалада ҳар ким ўз қарашига эга эканини алоҳида эътироф этади.
Бу каби рўйхатларнинг энг қизиқ томони ҳам, аслида, худди шунда, дейди америкалик сайёҳ.
“Таом ҳам худди сиёсатга ўхшайди. Яъни, бу масалада ҳар бир киши ўзини шахсий фикрга эга бўлишга ҳақли, деб ҳисоблайди”, - дейилади худди шу веб саҳифада чоп этилган мақолада.












