Эбола: Банан ваҳимаси ёхуд ўзбек ҳукумати нега жим?

Ўзбекистонда мобил телефонидан фойдаланувчилар орасида "Банан еманг, эбола вирусини юқтиришингиз мумкин" деган ваҳимали СМС тарқала бошлаган. СМСда бу мева Африкадан олиб келиниши ва унда Эбола вируси бор бўлиши мумкинлиги айтилади.

Ўзбекистон ҳукумати Эболага қарши қандайдир профилактик чоралар кўрилаётгани ёки Ўзбекистонга кириш нуқталарида йўловчилар текширилаётгани борасида биронта маълумот тарқатмаяпти. Биз Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат санитар эпидемиология назорати, Миллий вирусолигия институти каби қатор муассасаларга боғландик, бироқ биронтасидан Ўзбекистонда йўлга қўйилган ё режаланаётган чоралар, ёки умуман бу каби чоралар борлиги ҳақида маълумот олишга муваффақ бўлмадик.

Давлат санитар эпидемиология назорати бош бошқармасининг раҳбари Муҳамедов Комил Қодирович қўнғироғимизга қисқача "Ҳа, ҳамма жойда чора кўрилаяпти", дея жавоб берди-ю, гўшакни қўйиб қўйди ва қайта жавоб бермади.

Миллий Вирусология институти раҳбари Мусабоев Эркин Исоқович "юқори"дан рухсат бўлмагани туфайли бу мавзуда гапиришдан бош тортди. У "Мевадан, масалан, банандан Эбола вируси ўтиши мумкинми ўзи?" деган оддий саволимизга, "Мен билмайман" дея жавоб берди.

Сентябрда Ўзбекистон Эбола эпидемияси сабаб, етти нигериялик ва икки сьерра-леонелик курашчи, ҳамда ғарбий Африканинг олти давлати вакилларининг Тошкентдаги Жаҳон кураш чемпионатига сафарини чеклагани айтилганди.

Ўзбекистон Кураш Федерацияси Ғарбий Африкалик спортчилар иштирок ҳақида муносабат билдира туриб, ўз расмий веб саҳифасида: "Африка қитъасининг бошқа давлатларидан бўлган курашчилар ҳам Тошкентга киришда тиббий текширувдан ўтказилади. Ўзбекистонда эканликлари чоғида ҳам улар тиббий назорат остида бўлишади", дея хабар тарқатганди.

Кимнинг банани?

Ўзбекистонда афтидан ҳозирча ҳеч қандай чоралар кўрилмаяпти. Давлат идоралари сукут сақлаётган бир вақтда, оддий одамлар орасида бананлар ва эбола борасида ваҳима тарқалиши давом этмоқда.

Бу мавзу интернетдаги ижтимоий мулоқот сайтларига ҳам сирқиб чиқди. Масалан Фейсбукдаги Потребитель саҳифасида юзага келган мунозарада кўп шарҳловчилар Ўзбекистонга бананлар Африкадан олиб кирилмаслигини, балки Эрон, Малайзия ва Россия орқали олиб келинишини айтишмоқда.

Биз Ўзбекистонга банан сотиш билан шуғулланувчи Санкт Петербургдаги ГК Интегро ширкати билан боғландик ва бу ширкат раҳбари Сергей Маямсин Россияга барча бананлар Эквадордан олиб кирилиши ва у Ўзбекистонга ҳам фақат Эквадор бананларини сотишини билдирди.

Афсуски, бу маълумот барибир тўлиқ эмас, ва бу борада биз Ўзбекистон Савдо ва саноат палатасидан маълумот ола олмадик.

Эбола қандай юқиши мумкин?

Эбола билан оғриган одамдан вирус унинг қони, қусқиси, нажаси ёки суюқликлари орқали бошқа одамга юқиши мумкин. Вирус Эбола билан оғриган одам билан тўғридан-тўғри, очиқ тери ёки оғиз ва бурун орқали алоқадан юқиши мумкин.

Вирус сийдик ва спермада ҳам бўлиши мумкин. Эбола вирусидан халос бўлган эркакнинг спермасида уч ойдан кейин ҳам бу вирус топилиши мумкин.

Эбола вирус билан оғриган одамнинг кўрпа-тўшаги, кийим-кечаги ва у теккан жиҳозлар орқали ҳам юқиши мумкин, лекин уни фақат очиқ тери орқали юқтириш мумкин.

Эбола жиҳозлар сатҳида қанча вақт яшаши ҳозирча номаълум, бироқ баъзи далил-исботларга кўра, бу олти кунгача давом этиши мумкин. Оқартиргич моддалар ва хлорка Эболани ўлдириши мумкин.

Мазкур вирус, масалан, тумовга ўхшаб ҳаво орқали юқмайди. Эбола бир одамдан иккинчисига юқиши учун бу икки одам жуда яқин алоқада бўлиши керак.

Эбола аломатлари инсон организмида 21 кунгача бўлган вақт ичида сезила бошлайди.

Аломатлар сезилмагунча, уни юқтирган одам юқумли бўлмайди.

Шундай экан, банан орқали Ўзбекистон аҳолиси эболани юқтириши эҳтимоли афтидан жуда кам.