Гулнора Каримова 'ҳануз уй қамоғида'

Лондондаги пиар ширкати Гулнора Каримованинг гўёки Ўзбекистонни тарк этгани ҳақида мухолифат нашрида пайдо бўлган хабарни рад этган.
Каримова хонимнинг сўзчиси эканини айтган Локсли Райн Би-би-сига унинг ҳануз Ўзбекистонда уй қамоғида қолаётганини айтди.
"Davidson, Ryan, Dore" пиар ширкати вакилига кўра, "Гулнора Каримова ҳам, у билан бирга бўлган қизи ҳам шошилинч тиббий муолажага муҳтож".
У Гулнора Каримованинг озодликка чиқарилгани ҳақидаги "ҳар қандай хабар сохта ва жамоатчиликни чалғитиш мақсадида "қасддан тарқатилгани"ни иддао қилди.
Жаноб Райн Би-би-сининг "Гулнора Каримова мамлакатни тарк этгани тақдирда сиз бундан мутлақо хабар топармидингиз?" деган саволига "албатта" деб жавоб берди.
Аввалроқ uzxalqharakati.com мухолифат нашри шахси номаълум қолаётган "У. Ҳақназаров" имзоси остида Каримова хоним Ўзбекистонни тарк этгани ва Оврўпо давлатларидан бирида экани даъво қилинган мақолани чоп қилган эди.
'Босимлар'
Бугун кечроқ эълон қилиниши кутилаётган баёнотда "ўз сиёсий мақсадлари йўлида Гулнорани уй қамоғида ушлаб турганлар Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисидан Гулноранинг адолатли маҳкамага юз тутиши учун ўтказилаётган босимлар остида ваҳимага туша бошлаганликлари" ҳам даъво қилинади.
Аммо Гулнора Каримованинг "оиласи ва дўстлари томонидан ёллангани"ни айтган жаноб Райн Би-би-сининг "босим ўтказаётганлар" кимлар ва қандай ташкилотлар экани ҳақидаги саволини жавобсиз қолдирди.
Аввалроқ у Гулнора Каримова Швейцария маҳкамасида кўрсатма беришга тайёрлигини айтган эди.
Ўтган ой Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримова ҳамда қизининг шошилинч тиббий муолажага муҳтож экани ҳақидаги даъволарни рад этган.
22 сентябр куни тарқатилган баёнотда Бош прокуратура Каримова хонимнинг АҚШ да туғилган қизи Имоннинг тергов қилинаётган жиноят ишига ҳеч қандай алоқаси йўқлиги ва истаса, АҚШ паспортини олиб, хорижга эркин сафар қилиши мумкинлигини айтган.
Бош прокуратура Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи миллионлаб доллар маблағларни ноқонуний ўзлаштириш ва пул ювиш билан боғлиқ йирик жиноят иши юзасидан терговга жалб этилганини тасдиқлаган, аммо унинг жиноят ишидаги ролига аниқлик киритмаган.
Шунингдек, Каримова хонимга нисбатан қандай эҳтиёт чораси қўллангани ҳам қоронғу қолаётир.
Ўзбекистонда Гулнора Каримовага тегишли экани айтилган тузилмалар ва унга яқин шахсларга нисбатан тергов Оврўподаги коррупция билан боғлиқ йирик текширувлар ортидан бошланган.
Айрим таҳлилчилар ўзбек ҳуқуқ-тартибот идораларининг терговидан мақсад Оврўподаги Гулнора Каримова ҳамда шерикларига тегишли экани тахмин қилинаётган йирик маблағларни Ўзбекистон ғазнасига қайтариш бўлиши мумкин, деган фаразларни илгари суришган.












