Ўзбекистон Президенти набирасининг интервюси мунозаралар марказида

Сурат манбаси, REN TV

Марказий Осиё билан боғлиқ хабарларни ёритувчи деярли ҳар бир нашр Ислом Каримовнинг Буюк Британиядаги Университетлардан бирида таҳсил кўраётган набирасининг суҳбати шарҳини берган.

Bbcuzbek.com да бу борада босилган ва Facebook орқали тарқатилган мақола ўқувчилармиз орасида энг кўп ўқилиб, кўплаб шарҳларга асос бўлган.

Бобосининг тўлиқ адаши, Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов берган интервьюсига жавобан билдирилаётган фикрлар ҳам кўпгина ва турлича.

Facebook даги саҳифамизда Баҳодир Элибоев томонидан қолдирилган шарҳда айтилишича, "бобонгни ким бошқараётгани билан нима ишинг бор ука, жимгина чет элда ўқиб юравермайсанми". Бу албатта Ислом Каримов томонидан бобосининг ўз қизи тушган аҳволдан бехабар эканлиги, бу ишларни унинг орқасида бошқалар қилаётгани ҳақидаги изҳороти ҳақида айтилган.

Баҳодир Элибоевнинг шунингдек илова қилишича, "Англияда ўқиётганлар қўшимча ишлайдилар. Яшаш осон эканми? Президентнинг невараси бўлиб ишламай юрибсан, тансоқчиларинг бор, жимгина юравермайсанми? Биров бу пуллар қаердан олинди, деб сўрамаётган бўлса. Онангнинг жиноятлари учун ҳали ҳеч ким суд қилмаган бўлса. Нимага хавотир бўласан? Спектакл кўрмаганмисан? Уй қамоғида бўлса ҳам шароити яхши. "Nesquik" ичаётганидан билмадингми? (Бу Гулнора Каримованинг яқинда Интернет нашрларидан бирига йўллаган суратида тасвирланган ҳолатга ишора -Би-би-си) Қишлоқда Nesquik тугул оддий сув ҳам йўқ", дея ёзган Баҳодир Элибоев.

Ҳуқуқ фаоли Малоҳат Эшонқулова эса Ислом Каримовнинг ўзи ва онасини заҳарлаш уриниши ҳақида айтган сўзларига эътибор қаратиб, унга нисбатан ҳам худди шундай амал бўлганини тилга олади ва:

"Гулноранинг инқирозга юз тутишида МТСнинг ёпилиши ортидан ғазаб отига минган Россия мулозимларининг "махинация"си турибди демаганмидинглар куни кеча? Икки кун ўтмай сиёсатнинг санғи боши яна қай томонларга сарсон бўлмоқда экан-а? Бу недан далолат?: Ҳаял ўтмай, Кремлнинг қўллови билан Гулнора бошида яна бахт қуёши балқишиданми? Шу аснода серсаҳоват заминимиз Ғарб ва Кремль ўртасида улоқми? ... Гулноранинг бошини асраб қолиш "кўпкари"сидаги сиёсий ўйин суворийлари от сурган чорбоғдан "ҳосилни ўриш" фурсати етиб келдимикин ё?", деган саволларни ҳам ўртага ташлайди.

Борижон Алимов исмли фойдаланувчи эса Президент набирасининг исми ҳам Ислом Каримов эканлигига эътибор қаратиб, "исмига лойиқ бўла олармикан. Президент буюк инсон", дея ўйланган.

Равшан Раҳмонов фикрича эса, РЕН ТВ даги интервью "мутлақо буюртма". "Бу эски эртакни янгилай олмабсизлар РЕН ТВ", дея луқма ташлаган. Мусанниф Адҳамнинг ҳам фикри шундай, "14 дақиқалик интервюда битта ҳам янги гап йўқ".

"Исломжон RenTV дек канални овора қилиб Лондонга чақирибсиз. Бирон маънили, янги, борингки шов-шувли гап айтмайсизми? Мана масалан, онангиз сизга катта миқдорда пул совға қилган экан. Албатта Оксфордда ўқиш учун. Шу пулнинг суммаси қанча? Сир бўлмаса, онангиз расман давлат ишида ишлаган аёл бунча пулни қаердан олган? Ҳар ҳолда тансоқчилар, Лондонда яшаш, ўқиш аризмаган пул турмаса керак? Узр-да энди. Ўзбекчилик. Шунақа нарсаларга қизиқиб, ковлаб юришни яхши кўрамиз", дея истеҳзо билан узрхонлик қилган Мусанниф Адҳам.

Гулшан Қораеванинг ёзишича, "бобонгизни ҳеч ким бошқармайди, аксинча"...

Тим Бореевга кўра эса, "Ислам Исламович тўғри айтяпти. Бобосини анчадан бери мақсадлари фақатгина ўз чўнтакларини қаппайтириш бўлган шасхлар бошқармоқдалар".

"Бобомни кимдир бошқараяпти"

Россиянинг РЕН ТВ телеканалида намойиш қилинган кўрсатувда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг невараси Ислом Каримов ўзи ва онаси президентнинг оиласидан қандай четлатиб қўйилгани ва онаси юз тутаётган муаммолар ҳақида сўзлаб берган.

Ислом Каримовга кўра, бобосини турли шасхлар ўз манафаатлари йўлида "бошқармоқдалар".

Сурат манбаси, BBC World Service

Сурат тагсўзи, Ислом Каримовга кўра, бобосини турли шасхлар ўз манафаатлари йўлида "бошқармоқдалар".

Бу Ўзбекистон президентининг тўнғич невараси - 22 ёшли Ислом Каримовнинг илк интервьюсидир. РЕН ТВ бошловчисига кўра, президентнинг невараси ўзи уларга суҳбат таклифи билан чиққан, бироқ нима учун унинг Россия телевидениесини танлагани очиқланмайди.

Суҳбатни Лондонда ўтказган "Неделя" дастури бошловчиси Марианна Максимовскаянинг айтишича, ёш Ислом Каримов ҳозирда "Оксфорддаги университетлардан бирида" таълим олмоқда ва ўқишга тан қўриқчилари билан қатнайди.

Интервью бошида Ислом Каримов ўз онаси Гулнора Каримовани жорий йилнинг январь ойи охирлари ва февраль ойи бошларида кўрганини айтади.

"У билан алоқам чегараланган. Кўп тафсилотларни билмайман. Лекин, аниқ биламанки, уни ва синглимни уйдан ҳам, мамлакатдан ҳам чиқаришмаяпти. Синглим ҳатто бу ердаги (Британиядаги) ўқишига қайта олмади", - дейди у.

Хабарларга кўра, Гулнора Каримова ва унинг қизи Имон бир неча ойдан бери Тошкентдаги уй ҳибсида сақланмоқда. Каримова хонимнинг Ўзбекистондаги бизнес манфаатларига алоқадор қатор шериклари ҳибсга олинган. Бироқ, Гулнора Каримовага қарши айблов эълон қилинмаган.

Унинг онасига қарши расмий айбловлар илгари сурилгани ё сурилмагани ҳақида сўралганда: "Йўқ, буни мен қандайдир норасмий уй ҳибси деб атаган бўлардим", - дея жавоб берди.

Ёш Ислом Каримовнинг суҳбат давомида билдиришича, онаси ва бобоси уришиб қолишмаган, ва унинг фикрида, бу ишлар "кўпроқ у билмаган ҳолда юз бераяпти".

Ислом Каримов онаси ва синглиси уйдан ва мамлакатдан чиқарилмаётганини айтади.

Сурат манбаси, BBC World Service

Сурат тагсўзи, Ислом Каримов онаси ва синглиси уйдан ва мамлакатдан чиқарилмаётганини айтади.

У ким ё нима учун онасига қарши таъқибларни бошлаётганини аниқламайди. Гулнора Каримова ўзига қарши таъқиблар бошланганида, қатор давлат расмийлари ва Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати раҳбари Рустам Иноятовга қарши айбловлар билан чиқишдан ташқари, ўз онаси Татьяна Акбаровна ва ўз синглиси Лола Каримова-Тиллаевага қарши жиддий даъволарни қилганди.

Ёш Ислом Каримов суҳбатда бу оилавий низога ойдинлик киритишдан бош тортди.

Бобоси ўз қизи ва неваралари аҳволидан қанчалар хабардор экани сўралганда, ёш Ислом Каримов ўз бобосини кимдир бошқараётганини айтди.

"Кимдир онамни, ва бобомни четдан бошқармоқчи бўлаяпти. Ва уларни бир-бирига қарши қўймоқчи бўлаяпти. Бизнинг душманимиз биз ҳақимизда бобомга нотўғри маълумот етказган бўлиши мумкин. Агар мен у билан алоқага киришга муваффақ бўлсам, ёки у бу кўрсатувни ўзи кўрса, у ўзига яраша хулоса чиқариб, вазиятни ўнглайди", - деди у.

Ўзбекистон президентининг набираси суҳбати ҳақида ўз фикр мулоҳазалрингизни билдирмоқчи бўлсангиз, қуйидаги форма орқали жўнатинг.

Ёки Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02