Ўзбекистон ҳукумати: 'Қаюм Ортиқов қийноқ қурбони эмас'

Сурат манбаси, Human Rights Watch
Ўзбекистон ҳукуматига кўра, Тошкентдаги Британия элчихонасининг собиқ қўриқчиси Қаюм Ортиқовнинг қийноққа солингани ҳақидаги даъволар "ўз тасдиғини топмаган".
Бу ҳақда ҳукуматнинг БМТ Инсон Ҳуқуқлари Қўмитасига йўллаган жавобида айтилади.
Jarayon.com сайтининг расмий хатдан иқтибос келтиришича, Қаюм Ортиқовнинг "Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тергов ҳибсхонасида ноқонуний сақлангани ва "қийноқ" қўллангани билан боғлиқ мурожаат ҳар томонлама текширилган ва тасдиғини топмаган".
Ўзбекистон ҳукуматининг расмий хати Парижда жойлашган "Ўтюраклар клуби" инсон ҳақлари ташкилотининг БМТга Қаюм Ортиқов номидан қилган шикоятига жавобан йўлланган.
Ўз мурожаатида Ортиқов ўзбек ҳукуматини ўзининг инсоний ҳуқуқларини поймол этиш ва шафқатсиз қийноқлар қўллашда айблаган.
Ўзбекистон ҳукумати ўз жавобида шунингдек, "Ўтюраклар клуби"ни "ҳеч нарса билан тасдиқланмаган қийноқ усулларини тўқиб чиқариш"да айблайди.
Жосуслик айблари
Шу йил бошида АҚШдан бошпана олган Қаюм Ортиқов 2008 йил декабрида жосусликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган.
Ўзининг сўзларига кўра, у Британия фойдасига жосуслик қилишда айбланган ва ўзи ҳамда Британия элчихонасининг қатор ходимларига қарши иқрорлик кўрсатмалари бериш мақсадида қийноққа солинган.
2009 йил ноябрида Тоштурмада турмуш ўртоғини бориб кўрган Моҳира Ортиқова Қаюм Ортиқовни "сен Британия жосусисан, кимга қандай маълумот олиб борганинг ва қандай маълумот олиб келганингни айтиб берасан” деб қийнашганини айтган.
Ортиқованинг сўзларига кўра, маҳбусни "совуқда яланғоч ҳолатда соатлаб полга ётқизилиб, устига 4-5 киши ўтирган ҳолатда ушлаб туришган, тирноқлари остига игна тиқиб, тиззаси, қорни ва бошига биттадан одам ўтирғизиб, оёғи остига дубинка билан соатлаб уришган".
Моҳира Ортиқова турмуш ўртоғи қийноқларга чидолмай, бир неча марта ўз жонига қасд қилишга уринганини айтган.
У турмуш ўртоғининг қонга беланган уст-бошини Тошкентдаги "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамиятига топширган.
"Қаюм Ортиқовга нисбатан қийноқлар шу даражага бориб етдики, ҳатто уни маъмурият буйруғи асосида қийноққа солган "лохмач"лар ҳам Ортиқовдан иқрорлик кўрсатмаси олишдан кўра, ўлдириб қўйишлари эҳтимоли кўплигидан қийноқларни тўхтатишга мажбур бўлганлар", - дейилади БМТга йўлланган шикоят аризасида.
Айтилишича, жосуслик айбларини бўйнига олмаган Қаюм Ортиқов одам савдоси билан боғлиқ "сохта айбловлар" билан 6 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилган.
44 ёшли Қаюм Ортиқов қийноқлар натижасида соғлигини йўқотгани айтилади.












