Твиттернинг ўзбекча кўриниши интернетни назорат қилишда янги қадамми?

Сурат манбаси, AFP
Интернет тармоқларидан фойдаланиш Ўзбек фойдаланувчилари орасида тобора кенгайиб борар экан, мамлакатда Фейсбук ва Твиттерга муқобил тизимларни йўлга қўйишга ҳаракат қилинмоқда.
"Бир мамлакат, бир тизим", шиори остида чиқа бошлаган Бамбу.уз ана шундай мулоқот сайтларидан бўлиб, Твиттер ижтимоий тармоғига ўхшаб кетади.
Фақат Твиттерда 140 тагача сўз ёзиш имкони берилса, Твиттернинг ўзбекча нусхасида ундан беш марта кўп -700 тагача сўзни киритиш мумкин. Янги сайтнинг бошқа белгилари Твиттердаги кабидир.
Ўзбек расмийлари Ғарб маданияти ёшларнинг табиатига таъсир қилаётганини бот-бот такрорлашади ва ундан сақланишга чақиришади.
Олдинроқ Ўзбекистонда интернет сайт лойиҳачилари томонидан Facebookнинг маҳаллий кўринишлари Muloqot.uz ва Sinfdosh.uz сайтлари йўлга қўйилиб, бундан мақсад ёшларнинг ахлоқий ва жисмоний соғломлигини мустаҳкамлаш, юксак маънавият руҳида тарбиялаш эканлиги айтилганди.
Интернет қаттиқ назорат қилинадиган Ўзбекистонда ҳукумат иложи борича фойдаланувчиларнинг фикрини кузатишга уриниб, янги мулоқот тизимларини очилган бўлса ҳам, улар ёшлар орасида оммалашмади.
Янги ижтимоий тармоқ сайтининг хусусиятлари ҳақида гапирган Швецияда яшаётган журналист Қудрат Бобожонга кўра, ҳар хил ном билан веб сайтлар ўйлаб топилгани билан, ишлаш тартиби очиқ, шаффоф бўлмас экан, ундай сайтлар фойдаланувчиларда шубҳа туғдиради ва оммалашиши ҳам даргумон бўлиб қолаверади.
Маълумотларга қараганда, айни пайтда Ўзбекистонда интернет фойдаланувчиларнинг сони тахминан 7 миллионга етган.












