Ўзбекистон ўз қурол-яроғини ишлаб чиқаришга қодирми?

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳукумат олдига янги қурол-яроғ ва ҳарбий техника ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналарни тузиш ва мавжудларини замонавийлаштириш вазифасини қўйган.
Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбийларга йўллаган табригида жаноб Каримов ҳарбий қисм ва бўлинмаларни замонавий қурол-яроғ билан таъминлаш устувор вазифа эканини таъкидлаган.
Айрим таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон президенти шу тариқа Россиянинг қўшни Қирғизистонга қурол-яроғ етказиб бериш қарорига муносабат билдираётган бўлиши мумкин.
Би-би-си Ўзбек армиясининг жанговор тайёргарлиги борасида мақола эълон қилган россиялик тарихчи ва ҳарбий эксперт Борис Соколов билан суҳбатлашди.
Борис Соколов: Бу ерда тожик-қирғиз чегарасидаги тўқнашувларга муносабат бўлиши мумкин. Аммо Президент Каримов Россиянинг Қирғизистонга қурол-яроғ етказиб бериш қарорига тўғридан-тўғри муносабат билдираяпти, деб ўйламайман. Менимча, у қўшнилар билан қандайдир кичик зиддиятларга ишора қилаяпти. Бу зиддиятлар қудратли давлатларнинг аралашувига олиб келади, деб ўйламайман. Ўзбекистон ҳеч қачон Россия билан урушмайди. Бу аниқ.
Би-би-си: Ўзбекистоннинг ҳарбий саноат комплексидаги аҳвол қандай, деб ўйлайсиз. Умуман, Ўзбекистон ўзининг қурол-яроғини ишлаб чиқариш салоҳиятига эгами?
Борис Соколов: Ўзбекистонда албатта, ҳарбий саноат комплекси мавжуд. Аммо менинг билишимча, у ерда ҳатто мавжуд ҳарбий техникага хизмат кўрсатиш учун ҳам мутахассис кадрлар етишмайди. Ўзбекистон назарий жиҳатдан ҳали ҳам ҳарбий учоқлар ишлаб чиқариш салоҳиятига эга. Ўзбекистон армиясидаги мавжуд ҳарбий техника совет давридан қолган. Уни россияники, деб ҳам айтиш қийин. Чунки Россиянинг ўзида ҳам қурол-яроғ анча такомиллашди. Ўзбекистондаги техника эса, бу совет ҳарбий техникаси. Улар жуда эскирган. Энг яхши ҳолатда,унча катта бўлмаган замонавийлаштириш жараёни амалга оширилган бўлиши мумкин. Мен шахсан Ўзбекистон ўзининг ҳарбий техникасини ишлаб чиқаришни йўлга қўя олади, деб ўйламайман. Аммо масалан, Ўзбекистон Тошкентдаги авиация заводида ҳарбий учоқлар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи бўлса, бунинг учун, биринчи навбатда катта молия, технология ва мутахассис кадрлар зарур бўлади. Буни эса Россия ёки Америка Қўшма Штатларининг ёрдамисиз амалга ошириш қийин. Аммо ҳатто Россия ҳам Ўзбекистонда ўзининг корхоналари билан рақобатлаша оладиган қандайдир йирик ҳарбий - саноат комплексини яратишдан манфаатдор, деб бўлмайди.
Би-би-си: Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳарбий техника соҳасидаги ҳамкорлик борасида АҚШ ва НАТОга юзланганини кўраяпмиз. Келажакда Ўзбекистонда Америка ёки НАТО давлатлари билан қурол-яроғ ишлаб чиқаришга мўлжалланган қўшма корхоналар пайдо бўлишини кутишимиз мумкинми?
Борис Соколов: Мен бунга шубҳа қиламан. Чунки Қўшма Штатлар Ўзбекистонни, айтайлик, Афғонистонда барқарорликни сақлаш борасида реал ҳарбий куч сифатида кўраётгани йўқ. Шунинг учун бу ерда ҳарбий-техника соҳасидаги аниқ ҳамкорликни кутиш қийин ва АҚШнинг ҳарбий маслаҳатчилари Тошкентда пайдо бўлади, деб айтиш мушкул. Қолаверса, биз Ўзбекистонда қандай тузум амал қилаётганини яхши биламиз ва яқин келажакда унинг, дейлик НАТОга аъзо бўлиши ҳақиқатдан йироқ. Менимча, Президент Каримовнинг ҳарбий-техника ишлаб чиқариш ёки уни замонавийлаштириш ҳақидаги сўзлари, шунчаки, чиройли сўзлар, холос.












