Гулнора Каримова онасини ҳақиқатни яшираётганликда айблади

Гулнора Каримова ўз твитларида оила аъзоларини "фош этиш"да давом этмоқда.
Сурат тагсўзи, Гулнора Каримова ўз твитларида оила аъзоларини "фош этиш"да давом этмоқда.

Гулнора Каримова онасини президентга барча гапларни ошкор қилмаслигини ёзди.

"Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов "аҳмоқгарчиликлардан, елкаси оша нималар содир бўлаётганидан хабарсиз", дейди Гулнора Каримова 15 ноябрда Твиттерда.

Унинг твитига эргашган "@ otabekny" "Сиз отангиз билан гаплашасизми?", деб сўраганида, Гулнора "Ҳозирги пайтда йўқ..., ва у ўзининг орқасида нималар содир этилаётганидан бехабар...", деб жавоб қайтарди.

"Maks @ Maksimilyan_S" никли фойдаланувчининг "Унинг яқин одамлари кўп нарсани ундан ўзларининг манфаатларидан келиб чиқиб яширишади деб ўйлайман. Нега сиз бу ҳақда унга гапирмайсиз...?" деган саволига эса, Гулнора Каримова "Уларнинг энг каттаси, "ўз қизиқишлари учун ҳаракат қиладиган" бу менинг онам..." деб айтади.

Олдинроқ у онасини жодугарлик амалларини бажаришда айблаган, шу билан бирга синглиси ҳам бу иш билан шуғулланишини "фош қилган" эди.

"Bekchik @ box00004 " деган фолловери Гулнора Каримовадан отаси билан ярашишни маслаҳат беради. "Нима учун отангиз билан ярашмайсиз? Нима учун ундан кечиришини сўрамайсиз? Ҳаётингиз дақиқа ичида ўз изига тушган бўларди!"- деган сўзларига жавобан Гулнора отаси билан ҳеч қачон урушмаганини айтган. Фойдаланувчилардан бири таниқли қўшиқчи Юлдуз Усмонованинг президент Ислом Каримовга бағишланган қўшиғидан парча келтиради. Лавҳада президент оиласининг архив суратлари ҳам кўринади. "қўшиқ яхши, лекин клип профессионал эмас", дейди клипга изоҳ берган Гулнора Каримова.

Шунингдек, "Дэвид @ MAX davron2003 " номи остидаги фойдаланувчи Гулнорага унинг охирги муаммолари бўйича ёрдам таклиф қилади. "Сиз билан алоҳида гаплашиб олиш мумкинми. Муаммоларингизни ечишда бир нечта режа беришим мумкин...", деган маслаҳатига Гулнора Каримова "Йўқ менда ҳеч қандай муаммо. Муаммо аслида чуқурроқ... сиз ҳаммага ёрдам бермоқчимисиз" деб жавоб қайтарган.

Навбатдаги твитларида Гулнора Каримова ўзини заҳарлашга уринишганини айтади. Бунга ишонмаётганлар учун исбот сифатида кимнинг номига, қачон ва қаердан берилгани номаълум ташҳис қоғоздан бир парчани эълон қилади.

"Заҳарлашга ҳаракат қилишди... бир неча ойдан буён даволаняпман",- деб ёзади у.