Пахта: Ўқитувчиларга талабаларни топишдек изқуварлар вазифаси берилган

Ўзбекистондаги мактаб ва коллежлардаги давомат кўрсаткичлари очиқланмайди, лекин кўплаб мактаб ва айниқса коллеж талабалари таълимни четга суриб, қийналиб қолган оиласига ёрдам бериш учун ишлаши оддий ҳолга айланган. Мажбурий пахта терими бошланар экан, бу ўқувчи-талабаларни йўқлаб қолишган. Ўқитувчиларга уларни қаердан бўлмасин топиш ва далага ҳайдаш буюрилган. Ўзбекистонлик ўқитувчи ҳикояси.
Пахта мавсуми ҳам бошланди. Коллеж 1,5 ойга ёпилди. Соғлиғим яхши эмаслигига қарамай, менга ҳам далага чиқиш буюрилди. Лекин бундан ҳам мушкул вазифа, менга бириктирилган 30 коллеж талабасини топиш ва пахта теримига чиқишга мажбурлаш. Пахта терганим етмагандек, икки кўзим ўттиз болада бўлиши керак, чунки тўсатдан ғойиб бўлиб қоладиган талабаларим бор. Қочиб қолишади, орқаларидан югуришим керак.
Пахта йиғим-терими расман бугун бошланди, лекин 10 кун аввал директоримиз бизни йиғиб, ўқишга келмаётган болаларни топишдек детектив вазифасини топширди. Менга "бозор маҳалла" тушди. Баъзиларини топдим, ва "Пахта-теримига чиқишимга кафолат бераман" деган тилхатларни ёздириб олдим.
Агар бу ваъдасида турмаса, улар участковый рўйхатига тушади.
Коллежда номига ўқиётган талабалар кўп, 10-15 фоизи журналда бор-у, аслида бозорда, кафеларда ё "пайнет"да ишлайди. 17-18 ёшар болалар... Пул топиши керакдир. Лекин ўқиш мажбурий, ва қонунга биноан, 12 йиллик мажбурий таълимни битирмагунча ишлаш мумкин эмас.
Ундан ташқари, коллеж дипломи, айниқса, ўғил болалар учун жуда зарур, чунки усиз улар ҳарбий хизматга ўта олмайдилар, ва ҳарбий хизматсиз милисачилик ё бошқа истаган касбларини эгаллай олмайдилар.
Болаларни журналга "келди" деб ёзиб, пулини олиб қўядиган кураторлар талайгина. Лекин, баъзиларимиз шу болаларнинг изидан тушиб, уларни қулоғидан тортиб коллежга олиб келишга эринамиз, ва бўш парталар ҳам банд деб қўшиб ёзиб қўя қоламиз.
Ғойиб бўлган ўқувчиларимни қидириб бозор ортидаги бир уйга бордим. Уйнинг олдида бир нуроний чол супурги сотиб ўтиради. "Ғанижон пахтага чиқиши керак, Ғанижон қани?" десам, "Ғанижон бу ерда ётмайди, пахтага ҳам чиқмайди, унинг онаси прокуратурада ишлайди, онаси билан гаплашинг" деб таҳдидомуз гапирдилар. "Илтимос, Ғанижонга айтиб қўйинг келганимни, пахтага чиқиши шарт," деб кетдим. Эртаси қайтиб бордим, Ғанижондан ҳали ҳам дарак йўқ. "Ота, Ғанижоннинг онаси нима иш қилади прокуратурада?" деб сўрасам, ота "Пол артади" дейдилар...
Бу болаларнинг изидан юриб оёғим оғрийди. Оёқ оғриғимга справка оламан деб кеча поликлиникага борсам, ҳаммада қўрқув, ваҳима. Справка берилмасмиш ҳеч кимга. Справка бериш жараёни жуда қаттиққўл назорат остида экан. Дўхтирлар ҳам қўрқиб қолишган.
Бугундан бошлаб ҳар куни кечқурун 9да ҳокимиятда мажлис бўлади. Пахта терими қандай кетаётгани борасида ҳоким ва прокурорга ҳамма ҳисобот бериши керак бўлади. Директор ва завучлар билан биз ҳам қатнашамиз. Завучга мазам йўқлигини айтсам, "Сизнинг шоҳингиз борми? Ҳамма касал. Барибир пахтага чиқасиз," деб жеркиб берди.
Сизда ҳам пахта теримига боғлиқ ҳикоянгиз борми? Биз билан ўртоқлашинг.
"Мени опам Норин тумани 22 мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди. Тўлиқ штатда 29 та ўқитувчи ходим бор. Яқинда мактаб директорига буйруқ келибди, мактаб болалари пахтага чиқмайди лекин пахта мавсумига 30 та ўқитувчини жалб қиласан деган шаклда. Ўзи мактабда 29 та ўқитувчи ходим бўлса, хаммаси пахтага чиқса болаларга ким дарс ўтади ёки оладиган озгина ойлигини бировга бериб ўрнига одам чиқарадими. Бу хокимятни ишига тушиниб бўлмайди." Сардор, Наманган
Куни кеча дўстларим билан чойхона қилдик. гапнинг асосий мавзуси Пахта мавсуми хақида бўлди. Чунки биз дўстлар кўпимиз давлат бошқарув идораларида ишлаймиз. биримиз, аэропорт, биримиз ахборотлаштириш қўмитаси ва хоказо. лекин пахта даласига кетаётганларнинг 80% оила ва ишдан ажралган холда 15 кунга пахтага кетади. Хисоб -китобларга кўра емоқ-ичмоқ, етказиб теролмаган пахтасини ўрнини қоплаш эвазига сотиб оладиган пахта ва шунга ўхшаш харажатлар билан 1 000 000 сўмдан ошиқ пул харжланар экан. Ўзингиз ўйланг шунча пуллар эвазига пахта терилади. Бу пахта ўзи арзон тургани билан уни харажати қимматга айланмоқда. Битта хақли саволга урилиб қоласан киши, Ўзбекистон пахтадан бошқа даромадли саноатни йўлга қўя олмайдими? Ахир дунёнинг ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлари, пахтадан даромад кўрмайдику?! Совет замонидан қолган экинни давом эттириш шартмикан?! саволларни қаранг савол кетидан савол. Жавоблар эса хамон сассиз садосиз... Хожиахмад, Тошкент
Мана биззи махалладахам пахтага айтиб юришибди е одам беринг е пулини беринг пули канчаймуш 125минг сум мажбурий биззи махалланинг номи кадамжо Намаккон












