Тошкентдаги 'Қатортол' савдо мажмуасида ёнғин рўй берган

Тошкентнинг Қатортол кўчасида жойлашган шу номдаги улгуржи савдо мажмуасида ёнғин келиб чиққан.
Мухбирларнинг шу ерда яшайдиган инсонларга таяниб хабар қилишларича, кўп қаватли савдо биносида олов тунги соат 3 ларда кўринган.
Савдо мажмуаси биринчи қаватидаги озиқ-овқатлар билан савдо қилинадиган дўконлар ва иккинчи қаватдаги кийим-кечаклар бўлимлари кўп зарарлангани айтилмоқда.
Бу ерда савдо қиладиган тужжорлар анча моддий зарар кўрганлар.
Қатортолга кўп сондаги ўт ўчириш автомобиллари ва милиция ходимлари юборилган.
Воқеа жойида бўлган мухбирларга кўра милиция ходимлари "Қатортол"да савдо қиладиган тужжорларнинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатларини кўрганларидан кейингина ичкарига киришларига рухсат бермоқда.
Ёнғин келиб чиқишининг иккита сабаби бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
Бири, дўконлардан бирида ўчирмай кетилган кондиционердан.
Иккинчиси, атайин ўт қўйиш.
Ўзбекистондаги буюм бозорларида ёнғинлар тез-тез рўй бериб туради.
Шўролар замонида асос солинган "Ёшлик", "Ёш куч" журналлари таҳририятлари ва собиқ "Ёш гвардия" нашриёти жойлашган бинога туташ қилиб барпо этилган "Қатортол" савдо мажмуаси 1990 йилларда машҳур бўлган.
Бу ерда озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилинган.
Тошкентликлар бу мажмуани "Roz Trading" ширкати очганидан яхши хабардорлар.
Бу ширкат Гулнора Каримованинг собиқ турмуш ўртоғи оиласи Мақсудийларга тегишли бўлган.
2002 йилда савдо мажмуаси соҳиби ўзгариши кўплаб тужжорларни савдо қилаётган нуқталаридан айирган ва бу нарса савдогарларнинг норозилигига ҳам сабаб бўлган эди.












