Хитойга Ўзбекистон нимаси билан қизиқ?

Ўзбекистон ва Хитой ташқи ишлар вазирликлари Хитой Президенти Ши Жинпингнинг Тошкентга давлат сафарини тайёрлаш бўйича музокараларни ўтказганлар.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги сешанба куни бу тайёргарликларни муҳокама қилиш учун Тошкентга ташриф буюрган Хитой вакиллик гуруҳини қабул қилган.
Музокараларда Хитойнинг Тошкентдаги элчиси Жанг Шиао ҳам иштирок этган.
Совет Иттифоқи қулашидан сўнг Хитой ва Марказий Осиё ўртасида ўзаро боғлиқлик асосидаги алоқалар ривожлана бошланади.
Халқаро Инқироз Гуруҳининг йил бошида чиқарган ҳисоботида дастлаб бу алоқалар кўпроқ иқтисодий бўлган бўлса, кейинчалик сиёсий ва хавфсизлик соҳаларига қадар кенгайгани айтилади.
Хитойга Марказий Осиёдан асосан табиий бойликлар келади. Марказий Осиёга эса Хитойдан сармоялар келади: Хитой ёрдамида газ қувур йўллари ва минтақани Шинжон Мухтор Вилояти билан боғловчи транспорт тизимлари қурилмоқда.
Хитойда ишлаб чиқарилган арзон моллар минтақа бозорларини тўлдирган.
Ҳукуматлар Пекиндан мўмайгина кўмак маблағларини олиб турибдилар.
Халқаро Инқироз Гуруҳига кўра, Марказий Осиёда Хитой таъсири ва мавжудлиги катта суръатларда ўсмоқда.

Ташкилотнинг айтишича, ҳозирда Хитой минтақадаги етакчи иқтисодий куч бўлса, бир неча йилдан сўнг АҚШ ва Россиянинг таъсиридан ўзиб устувор ташқи кучга айланади.
Хитойнинг ўзига келсак, унинг асосий бошоғриғи Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан 2800 км узунликдаги чегарага эга Шинжондаги хавфсизлик ва иқтисодий ривожланаиш.
Кўринишича, Хитой сиёсатининг асосий мақсади Шинжон ва Марказий Осиё ўртасида алоқаларни ривожлантириш ортидан у ердаги иқтисодий ва сиёсий барқарорликка эришишдир.
Бу эса ўз навбатида АҚШ қўшинларининг Афғонистондан чиқарилиши ортидан кутилиши мумкин бўлган салбий оқибатлардан қалқон сифатида хизмат қилишига кўз тикилмоқда.
Лекин муаммо шундаки, дейилади ICG ҳисоботида, Марказий Осиёнинг баъзи қисмларининг ўзида хавфсизлик ва барқарорлик йилдан-йилга ёмонлашиб бормоқда.
Коррупция кенг тарқалган, сиёсий доиралар жиноийлашуви ортиб бормоқда, ижтимоий хизматлар қуламоқда, хавфсизлик заифлашмоқда.
Хитойлик таҳлилчилар Марказий Осиёдаги ҳукуматлар муаммоларга ечимдан кўра, кўпроқ муаммо туғдираётганликларини тан ола бошлаганлар.
Бу муносабатларнинг яна бир муаммоли томони бор - у ҳам бўлса, Хитойга нисбатан шубҳалар аллақачон мавжуд бўлган минтақада унинг бизнес соҳасида тутаётган йўриғи.
Хитой томонидан юритилаётган конлардаги абгор аҳвол, корхонларда ишчиларга бўлган муносабат, хитойлик ишбилармонлар томонидан рақибларни шафқатсиз равишда ва расмийларга пора бериш орқали сиқиб чиқариш усуллари ана шу хавотирларга сабаб бўлаётган омиллардан.












