UzWebiston: Россия интернет нашрларида ўзбекистонликлар масаласи

 Кейинги кунларда меҳнат муҳожирлари мавзуси Россиянинг барча интернет нашрларида кенг ёритилмоқда.
Сурат тагсўзи, Кейинги кунларда меҳнат муҳожирлари мавзуси Россиянинг барча интернет нашрларида кенг ёритилмоқда.

Кейинги кунларда Россияга тирикчилик важидан бориб, меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар тўғрисида Россия веб-сайтларида берилаётган хабар ва мақолалар кўпайган.

Масалан, regnum.ru Ўзбекистон фуқароларини зўрлик билан ишлатган полициячи ҳақида хабар берган.

Ставропол ўлкасининг Предгорний тумани полиция бўлимининг ходими маҳаллий "Грис"бозорига боради-да, у ерда уч нафар Ўзбекистон фуқароси Россия ҳудудида бўлиш қоидаларини бузишганини аниқлайди.

Полициячи қўллаган ғалати жазо

Полициячи қоидани бузган инсонларга нисбатан ғалати жазо қўллайди. У ҳар учала ўзбекистонликни зўрлик билан хизмат машинасига ўтқазиб олиб кетади. Ўзи ишлайдиган бўлимга етгач, мардикорларни "Газел"дан туширади ва ишга буюради.

Мардикорлар полиция бўлими биноси атрофидаги ерга қум тўшашга мажбур этиладилар.

Зўрлик билан ишлатиш ҳолати тергов жараёнида аниқланган.

Полициячига нисбатан хизмат ваколатини суиистеъмол қилганлик айби қўйилган.

"Одам савдогари" қўлга тушдими?

Худди шу Ставропол ўлкасида одам савдосида айбланиб ҳалқаро миқёсда қидирилаётган киши топилган. У Ўзбекистон фуқароларини алдаб, қулликка сотиб юборишда гумон этилмоқда.

Бу борада REGNUM Ахборот агентлигига Ставропол ўлкаси ички ишлар бошқармаси матбуот хизматидан билдиришган.

Маҳаллий автомобил назорати ходимлари ўзларидаги мавжуд маълумотлар бўйича текшириш жараёнида 32 ёшли ҳайдовчининг халқаро қидирувда бўлганини аниқлашган. Михайловскда яшайдиган бу одамни қидиришни Ўзбекистон Республикаси сўраган. У Россия жиноий кодексининг «Одам савдоси» моддаси бўйича айбланмоқда.

Ҳозирча regnum.ruда берилган хабарда ўзбекистонликларни алдаб олиб кетиб, сотиб юбориш ҳолларининг тафсилотлари берилмаган.

Россияга ишлаш учун бораётган одамларни алдаб, оғир меҳнатни бажаришга мажбур қилиш ҳоллари борасида хабарлар тез-тез чиқиб туради. Алданганларнинг ҳужжатлари тортиб олиниб, уларни ҳеч қаерга чиқармасдан, барча ҳуқуқларидан маҳрум қилинган ҳолда ишлатишади.

"Нон топиш"дан маҳрум этилганлар

Санкт-Петербург шаҳрида эса, 50 нафар ўзбекистонлик Тошкентга жўнатиб юборилган. Улар муҳожирлик қонунчилигини бузишда айбланишган.

ИА REGNUM Ахборот агентлигига расмийларнинг маълум этишларича, Россиядан чиқариб юборилганларнинг ҳаммаси учун беш йил давомида бу мамлакатга кириш эшиклари тақатақ ёпилган.

Ўзбекистондан нон топиш умидида Санкт-Петербургга келган кишилар шаҳар прокуратураси томонидан ўтказилган текшириш давомида тутиб кетилганлар. Уларни Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилоятидаги метро бекатларидан олиб кетишган.

Санкт-Петербург шаҳри губернатори Георгий Полтавченко муҳожирлик хизмати қоидаларини бузган кишиларни аниқлаш иши мунтазам давом этиши ва қоидабузарларни чиқариб юбориш ҳоллари тўхтамаслигини таъкидлаган. " Мен муҳожирлик хизмати қоидаларини бузган одамларга тезроқ ўз Ватанларига қайтиш учун ёрдам беришга мажбурмиз, дея ҳисоблайман», деган Санкт-Петербург губернатори.

Булар Россиянинг биргина regnum.ru веб-сайтида икки кун давомида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига оид хабарлардир.

Айни шу ўринда Россия оммавий ахборот воситаларида муҳожирларга нисбатан турлича қарашлар сезилиб турадиган хабар ва мақолалар, кўрсатувлар мавжудлигини таъкидламоқчиман.

Лекин Россия оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар, бу мамлакат ҳуқуқ-тартибот ходимларининг баъзан таҳқир даражасига етадиган муомаласи, Россия фуқаролари орасидаги меҳнат муҳожирларига нисбатан турлича муносабатлар, устига-устак Ўзбекистон Президентининг ўзларини «дангасалар» ва «тиланчилар»га чиқариб қўйишига қара-масдан Ўзбекистондан Россияга ишлаш учун кетаётганлар сони тобора кўпаймоқда. Ким мол-ҳолини сотиб, ким қарз кўтариб, «Қайдасан, жонажон Россия», дея йўлга чиқмоқда.