Президент Каримов 'дангасалар' ҳақидаги қарорни имзолади

Қарор Россияга иш излаб бораётган ўзбеклар сонини камайтиришга қаратилган чораларнинг бир қисми бўлиши мумкин
Сурат тагсўзи, Қарор Россияга иш излаб бораётган ўзбеклар сонини камайтиришга қаратилган чораларнинг бир қисми бўлиши мумкин

Президент Ислом Каримов Жанубий Корея билан меҳнат муҳожирлигини ривожлантиришга доир қарорни имзолаган.

"Корея Республикаси билан меҳнат муҳожирлиги соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳақида" деб номланган қарордан мақсад айни соҳада "ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш" экани айтилади.

Norma.uz сайтининг қарордан иқтибос келтиришича, Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги қошидаги Ташқи миграция бўйича агентлик ўзбекистонлик ишчиларни Жанубий Кореяга юбориш учун маъсул идора этиб белгиланган.

Президент вазирлик ва маҳаллий ҳокимиятларга ишчиларни ёллаш ва синовдан ўтказишда кўмак кўрсатишга буйруқ берган.

Қарорда айтилишича, Ўзбекистон фуқаролари бандлик ва малакани баҳолаш тизими бўйича синовда иштирок этиш учун тўлайдиган бадал "Корея Республикаси Инсоний заҳираларни ривожлантириш бўйича агентлигининг даромади ҳисобланади ва Ўзбекистон ҳудудида солиққа тортилмайди".

Шунингдек, тестдан ўтказиш учун Ўзбекистонга олиб келинадиган материаллар ҳам бож тўловларидан озод қилинган.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида меҳнат муҳожирлиги 1990-йилларнинг бошидан йўлга қўйилган.

Ҳар йили минглаб ўзбекистонликлар Жанубий Кореяга ишлаш учун юборилади.

Маҳаллий кузатувчилар Меҳнат вазирлиги томонидан назорат қилинадиган жараённинг ўта коррупциялашгани ва ҳатто жиноийлашганини айтишади.

Ўзбекистон матбуоти Кореяга ишлаш учун жўнатиш мақсадида одамлардан пора олган шахслар ва бандлик хизмати ходимлари билан боғлиқ ўнлаб жиноят ишлари ҳақида хабар берган.

'Дангасалар' ҳақидаги қарор

Президентнинг қарори Жанубий Кореяга ишчиларни жўнатишнинг амалдаги тартибига ҳеч қандай ўзгартириш киритмайди.

Расмийлар нима учун айнан ҳозир бу каби қарорга эҳтиёж пайдо бўлганини изоҳлашмаяпти.

Маълум бўлишича, қарор Президент Ислом Каримов Россияга иш излаб бораётган ўзбекларни "дангасалар" деб аташидан кўп ўтмай, 1 июл куни имзоланган.

20 июн куни Жиззахга сафари чоғида гапирган жаноб Каримов "Москвада кўча супураётганлар бутун ўзбекларни шарманда қилаётгани"ни айтган эди.

Президент Ўзбекистоннинг ўзида "ҳеч ким очидан ўлмаётгани"ни айтган.

Айни пайтда у ўзбеклар Россияда ишлаб топаётган миллиардлаб доллар маблағлар ҳақида ҳеч нарса демаган.

Ўтган йили ўзбек муҳожирлари Россиядан уйларига юборган маблағлар 6 миллиард доллардан кўпроқни ташкил этган.

Таҳлилчилар, хусусан Россияда ишлаётган ўзбек меҳнат муҳожирлари уйларига юборган маблағлар сўнгги йилларда ўзбек сўмини бутунлай барбод бўлишдан сақлаб қолганлигини айтишади.

Кузатувчиларга кўра, Президентнинг қарори Россияга бораётган ўзбеклар сонини камайтириш учун кўрилаётган чораларнинг бир қисми бўлиши мумкин.

Президентнинг баёнотидан сўнг, хусусан, Россияга ишлаш учун кетиб қолаётган коллеж талабаларини қайтариш юзасидан прокуратура ота-оналарга босимларни кучайтиргани ҳақида хабарлар олинган.