"Паризод" фильми энди Хитой фестивалида намойиш қилинди

XVI Шанхай халқаро кинофестивали доирасида режиссёр Аюб Шаҳобиддиновнинг ёзувчи Эркин Аъзамов асари асосида суратга олган "Паризод" филми томошабинлар ҳукмига ҳавола этилган.
"Паризод" фильми кино мухлисларидан ташқари киномунаққидлар ва фестивалда қатнашаётган бошқа соҳа вакилларининг эътиборини тортди, деб хабар беради "Жаҳон" ахборот агентлиги.
Шанхай кинофестивалининг дастурлар бўйича директори Кан Юйнинг таъкидлашича, бир қанча халқаро совринларни қўлга киритган "Паризод"га Шанхайда ҳам муносиб баҳо берилади.
"Паризод" Анапада ўтган "Киношок" фестивалида Гран-Прини қўлга киритган, Нью-Йоркда ўтган II Овроосиё кинофестивалида "Энг яхши режиссура" номинациясида ғолиб бўлган эди.
"Ўзбек фильмининг жаҳондаги таниқли режиссёрлар эътиборини жалб қилган Осиёдаги энг нуфузли кинофестивалда намойиш этилиши хитой-ўзбек кино ижидкорларининг ўзаро ҳамкорлигида янги қадам бўлади", деб айтган жаноб Кан Юй.
Айни пайтда, Ўзбек киночиларининг "Паризод" филми қатор халқаро совринларга эга бўлиши мукаммал сценарий ва маҳоратли режиссура уйғунлиги сифатида баҳоланмоқда.
Филмнинг ғояси ўзига хос тарзда, ўзбек киносида бир қадар янги, кўп қўлланилмаган неореализм йўналиши орқали етказилиши ҳам хорижий кино мутахассисларининг диққатини жалб қила олди.
Киномунаққидлар таъкидлаганидек, "Паризод"қайта-қайта кўриладиган асар.
"Паризод"даги фариштадек қизнинг кечинмалари гарчи у бирор оғиз гапирмасада, синчков томошабинни ҳар гал ҳаяжонга солади, ўйлантиради.
"Паризод"даги воқеалар олис тоғ қишлоқларидан бирида рўй бераётгани кўриниб турсада, қаҳрамонлар томошабинга жуда танишдек туюлади, балки унда ўзини кўради.
Бир сўз билан айтганда, "Паризод" инсон ҳақида, унинг қалби, қадриятлар ҳақида.
Филмда инсон тақдири зиддиятлар орқали ишонарли тарзда кўрсатилар экан, энг кичик деталгача бекорга ишлатилмагани, улар асосий мавзуни тўлдириб бойитиб, кинонинг бугунги муваффақиятини таъминлагани сезилади.












