Ўзбекистон қуёш энергиясини ўзлаштириш соҳасида оқсамоқда

Ўзбекистон Тошкент вилоятидаги Паркент туманида қуёш энергиясига асосланган фотоэлектрик станциясини қуришни режалаётгани хабар қилинади. Узбекэнерго ширкатининг билдиришича, станциянинг қуввати 3 мегаваттга тенг бўлади. Қуёш энергиясига Ўзбекистонда тобора салоҳиятли муқобил энергия манбаи дея қаралмоқда. Бундан фойдаланиб қолишни истаётган хорижий ширкатлар ўз технологияларини таклиф қилиб, Ўзбекистонга кела бошлаганлар. Жумладан Франциянинг йирик Алстом ширкати ўтган ҳафта Тошкентда қуёш энергиясини олиш йўлидаги инновацион ғоялар борасида тақдимот маросимини ўтказган. Серқуёш Ўзбекистон қуёш энергияси учун ажойиб маскан бўлишига қарамай, бу каби энергиядан фойдаланиш бўйича оқсамоқда. Би-би-си муқобил энергиялар бўйича ихтирочи, Тошкентлик иқтисодчи Герман Трешаловдан бу оқсаш сабаблари ҳақида сўраган.
Герман Трешалов: Муқобил, яшил энергетика бўйича ҳар қандай технологиялар ҳозирча анча серхаражат деб кўрилади ва улардан қисқа муддат ичида ўз пулини қоплайдиган фойдани олиш қийин. Уларни ривожлантириш йўлидаги инновацион ғояларни тадбиқ қилишга эса қўшимча вақт ва қўшимча харажатлар керак. Ўзбекистонда булар фақат синаб кўрилаяпти, холос. Масалан, Паркентдаги қуёш энергия станцияси анчадан бери мавжуд, лекин у ерда ҳозир айнан қандай ўзгаришлар ё синовлар олиб борилаётганини айтишга қийналаман. Аммо ташаббуслар йўқ эмас. Маиший талабларга жавоб сифатида ҳали бу каби энергия бизда ривожланганича йўқ. Ҳозирча қуёшли коллекторлар қўлланилаяпти. Авваламбор, қуёш энергиясини бир неча йўллар билан олиш мумкин. Биринчи усул - қуёш энергиясини бевосита электр энергиясига мослаштириш. Бу фото элементлар деб номланади. Томга фото элемент ўрнатилади ва бу асбоб бевосита электр энергияси ишлаб чиқаради. Аммо, унинг қуввати кам бўлади, шунинг учун ҳам маиший мақсадларда ишлатиб бўлмайди. Маиший энергия истеъмолига 220 вольтлик энергия керак, фотобатареялар эса 12-13 вольт беради, холос. Масалан, у орқали ноутбукни, ёки мобил телефонини заряд қилиш мумкин, лекин кенг саноат мақсадларида қўллаб бўлмайди. Иккинчи усул эса - сувни қизитиш орқали. Қизиган сувнинг буғи турбинага йўналтирилади, турбина эса 220 вольтли стандарт электр энергиясини ишлаб чиқаради. Ундан саноат кўламида фойдаланса бўлади, лекин Ўзбекистонда бу ҳали қурилмаган. Мексика, Америкада синаб кўрилаяпти. Учинчи усулга келсак, бу иссиқлик йиғиш коллекторларини ўрнатиш усули. Унда оддий радиаторлар томга ўрнатилади, унда сув айланиб туради, бу сув 70-80 градусгача исийди ва бунинг натижасида истеъмолчи иссиқ сув билан таъминланади. У қиш ойларида жуда қўл келади, чунки уйни ҳам иситиш мумкин. Ёзда эса душ ё ванна учун қўллай оласиз. Мен Самарқандда баъзи хўжаликлар бундан фойдаланишаётганини биламан. Уларнинг вольт қувватини чамалаш қийин, чунки улар сизга сувни қизитиб беради, холос.
Би-би-си:Бу технологиялар анча серхаражатли дедингиз, нима учун бундай?
Герман Трешалов: Уларнинг қимматлигига сабаб шуки, улар ишлаб чиқарадиган энергия уларга сарфланган харажатга нисбатан жуда оз. Масалан, оддий теплостанция қурмоқчи бўлсангиз, бир киловатт ишлаб чиқариш учун 200-300 доллар сарфлайсиз, қайта ишлаб чиқариладиган энергия, ва жумладан қуёш энергияси учун эса бу харажатлар 10-20 бараварга ошиб кетади. Лекин, тепадан айтганларим ичида учунчи усул анча арзон, уни оддий ўртахол оила сотиб олиб ўрнатиши мумкин. У ҳатто кўмирдан арзонроқ тушиши мумкин. Шаҳарларда, албатта, уларни тадбиқ қилиш қийин бўлади, чунки кўп қаватли бинолар кўп. Қишлоқларда эса улар жуда самарали бўлиши мумкин. Лекин, бир томони бор, улар фақат қуёш чарақлаб турганда самарали бўлади, булутли кунда эмас. Агар, улар қуёшли кунда олинган иссиқликни йиғиб, узоқ вақт ўзида сақлашини истасангиз, анча қимматроқ технологияларни харид қилишга тўғри келади.
Би-би-си: Ўзбекистонда ўртача ҳисобда 300 кун қуёшли бўлар экан, лекин айни дамда шунча энергиядан фойдаланилмаяпти.. Яъни, Ўзбекистон бу каби энергия қўллаш бўйича, айтайлик, Туркия каби давлатлардан анча ортда қолаяпти. Нега шундай?
Герман Трешалов: Чунки Туркияда энергия манбалари йўқ, ва уларда қуёш энергиясига бўлган эҳтиёж анча аввалроқ пайдо бўлган. Биз Совет Иттифоқи таркибида бўлган вақтимиз, бизга қуёш энергиясининг кераги йўқ эди, чунки марказлашган энергия тақсимоти бор эди. Иттифоқ қулагач эса, бутун собиқ иттифоқда иқтисодий ўсиш тўхтади ва муқобил энергия бобида биз бошқа мамлакатлардан 10-15 йил ортда қолиб кетдик. Ундан ташқари, бу технологиялар ҳозирча жуда қиммат ва етарлича самарали эмас. Лекин, Ўзбекистон президенти мунтазам равишда ўз нутқларида уларни ривожлантириш ҳақида кўрсатмалара беради, лекин афсус бу ташаббуслар мулозимлар идораларида сўниб кетаверади.








