Тошкент аҳолиси учун чиқиндини ташлаш бўйича қонун чиқди

Янги қонун Тошкендаги санитария аҳволини яхшилашга қаратилгани айтилади.

Сурат манбаси, pixland.uz

Сурат тагсўзи, Янги қонун Тошкендаги санитария аҳволини яхшилашга қаратилгани айтилади.

Ўзбекистон матбуотидаги хабарларга кўра, жорий йилнинг 1 августидан бошлаб Тошкент аҳолиси уй чиқиндиларини турли рангли пластик пакетларга солиб, турли рангдаги махсус контейнерларига ташлашлари керак бўлади.

Хабарларда айтилишича, Тошкент Халқ Вакиллари Кенгаши пойтахтдаги санитария ва эпидемиология аҳволини яхшилаш, ҳамда шаҳар озодалигини таъминлаш учун янги қонун-қоидаларни қабул қилишган.

Янги қонун жисмоний ва юридик шахслар учун мажбурий бўлади.

Унга биноан, чиқиндилар энди тўрт ҳил пластик пакетларга солиниб, махсус контейнерларга ташланиши шарт.

"Тошкент оқшоми" газетасида чоп қилинган қонун-қоидаларда айтилишича, хўжалик чиқиндилари бешта турга ажратилиши керак. Улардан тўрттаси пластик пакетларга солинади . Бешинчи ҳил чиқинди, ртутли лампалар учун махсус контейнерлар ишлаб чиқарилади.

Рангли пластик пакетлар пластмасса, қоғоз, озиқ-овқат ва бошқа қолган чиқиндилар учун алоҳида бўлади.

Янги қонун, шунингдек, бинолар, муассасалар, хусусий ва кўп қаватли турар жойлар яқинида чиқиндиларни махсус ажратилган майдончадан ташқари ерларга ташлашни, ҳамда кўча ва ариқларга ахлат тўкилишини ман қилади.

Бироқ, чиқинидини қайта ишлаб чиқариш ривожланган, хусусан, Ғарб давлатларидагидан фарқли ўлароқ, аҳоли бепул платик пакетлар билан таъминланмайди.

Ҳукумат идораларига маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликда турли рангли пакетларни ишлаб чиқариш ва пойтахтнинг барча дўконларида арзон нархда сотиш масъулияти юкланган.