'Халқаро Меҳнат Ташкилоти кузатувчилари Ўзбекистонга киритилсин'

Ғарбдаги бир қатор ноҳукумат ташкилотлари Оврўпо Иттифоқини Ўзбекистон ҳукуматига Халқаро Меҳнат Ташкилоти кузатувчиларини мамлакатга қўйиш борасида босим ўтказишга чақиришган. Иттифоқ ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Кэтрин Эштон ҳамда Дания ташқи ишлар вазири номига йўлланган мактуб Ўзбекистон пахта далаларида мажбурий болалар меҳнатига барҳам беришга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларнинг бир қисмидир. Ўзбекистон ҳукумати мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланаётганини рад этиб келади. Аммо маҳаллий ва халқаро фаоллар буни аллақачон ҳужжатлаштиришган. Хўш, шундай экан, Халқаро Меҳнат Ташкилоти кузатувчиларининг Ўзбекистонга сафар қилиши нима учун муҳим? Биз ушбу саволни мактубга имзо қўйган Лондондаги "Слейвери Интернейшнл" ташкилотидан Жоанна Эворт Жеймсга бердик:
Жавоб: Ўзбекистондаги болалар меҳнатини кузатаётган мустақил мониторинг гуруҳларидан келаётган барча маълумотлар ва ҳатто, Бирлашган Миллатларнинг бу борада ўз хавотирларини очиқ-ойдин изҳор қилишига қарамай, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда мажбурий болалар меҳнати мавжудлигини инкор қилиб келмоқда. Шунинг учун ҳам, бир томондан Ўзбек ҳукумати, иккинчи томондан эса, халқаро болалар меҳнатига қарши фаоллар ва халқаро ташкилотлар ўртасидаги бу баҳсни ечишнинг ягона тўғри йўли, бу-Халқаро Меҳнат Ташкилоти кузатувчиларининг Ўзбекистонга киришига рухсат беришдир. Ташкилот Ўзбекистонда ҳақиқатда нималар юз бераётганини ўз кўзи билан кўриб, муаммонинг табиати ва миқёсини баҳолаганидан кейингина, Ўзбекистон ҳукумати бу тажрибага барҳам бериш йўлида нималар қилиши кераклиги юзасидан тавсияларини бера олади. Халқаро Меҳнат Ташкилоти аъзо давлатларнинг ҳамкорлиги билан фаолият юритади.
Савол: Ҳозиргача Ўзбекистон ҳукумати Халқаро Меҳнат Ташкилоти кузатувчиларини қандай асосда рад қилиб келаяпти?
Жавоб: Ўтган икки йилда Халқаро Меҳнат Ташкилоти аъзо давлат бўлган Ўзбекистон ҳукуматига ўз кузатувчилари гуруҳини мамлакатга таклиф қилиш ёки уларнинг сафарига изн беришни тавсия қилиб келди. Аммо ҳозиргача ҳукумат бундай таклифнома чиқаргани йўқ. Ўтган йили Ўзбек ҳукумати, ҳатто, бу каби тавсияни қатъиян рад этган. Уларнинг назарида бу каби мониторинг ўтказишга ҳожат йўқ. Ваҳоланки, Ўзбекистон ҳукумати Халқаро Меҳнат Ташкилоти Конвенциясини имзолаган ва бу ҳужжат ташкилот миссиясини мамлакатга таклиф қилиш ёки уларнинг кузатувига рухсат бериш сингари мажбуриятларни ҳам назарда тутади. Аммо Ўзбекистон ҳукуматининг назарида муаммо халқаро жамоатчилик ўйлаётганидек эмас.
Савол: Шу йил бошларида ҳукумат ўзи мамлакатдаги эҳтимолий мажбурий болалар меҳнатини кузатувчи ҳайъат тузиш режасини эълон қилган. Сиз бу ташаббус ҳақида нима дейсиз?
Жавоб: Мен бу ташаббуснинг тафсилотларини билмайман. Аммо меҳнат стандартларини назорат қилиш учун ваколатли ташкилот, бу Халқаро Меҳнат Ташкилотидир. У дунёда бу каби тажрибага барҳам бериш юзасидан етарли тажрибага эга ва зарур тавсияларни беришга қодир. Агар Ўзбекистон ҳукумати бу борада қандайдир ишончли қадамларни қўйишни истаса, бунинг учун ўзи аъзо бўлган ва меъёрий ҳужжатларини имзолаган Халқаро Меҳнат Ташкилоти билан ҳамкорлик қилиши керак.
Савол: Ўзбекистон ҳукумати Халқаро Меҳнат Ташкилоти кузатувчиларига рухсат берди ҳам дейлик. Улар мажбурий болалар меҳнатини ҳужжатлаштиришди, деб тасаввур қилайлик. Ўзбекистон ҳукумати учун бунинг қандайдир оқибатлари бўладими?
Жавоб: Халқаро Меҳнат Ташкилоти меҳнат стандартларига риоя этилишини кузатади. Агар ташкилот Ўзбекистонга кириш имконига эга бўлса-ю, биз ҳозирда билган нарсаларни тасдиқласа, яъни мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланилади, деган хулосага келса, у ҳолда Ўзбекистон ҳукуматига ўз амалий дастури ва техник ёрдамини таклиф қилади. Яъни асосий мақсад бу қулликнинг замонавий кўринишига барҳам бериш, кимнидир жазолаш эмас.
Би-би-си: Сўнгги йилларда "Адидас" дохил, дунёнинг кийим-кечак ишлаб чиқарувчи қатор йирик ширкатлари Ўзбекистондаги болаларнинг мажбурий меҳнатига қарши кампанияни қўллаб-қувватлашган ва Ўзбек пахтасини бойкот қилганлар.
Шу тариқа Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнати борасида тобора кўпроқ босим остида қолаётир.
Аммо бу босим мамлакат ичкарисида сезиладими?
Бу йилги пахта мавсумининг ўтган йиллардигидан фарқли бўлишини кутишимиз мумкинми?
Суҳбатдошимиз қаршилик фаол Нодир Аҳатов:












