Термиздан Мозори-Шарифга узанган темир йўлнинг дастлабки қисми ишга туширилди

Ўзбекистоннинг Амударё кўприги устидан ўтган темир йўлдан бошланган ва Афғонистон шимолидаги Мозори-Шариф шаҳрига етиб борган янги темир йўл ишга туширилган.
Илк бор 75 километрлик йўлдан етти вагонли поезд ўтган, у Мозори-Шариф станциясига кириб борган.
Ушбу темир йўл Афғонистон ҳудуди орқали Оврўподан Осиёга, шимолдан жанубга юк олиб ўтишга мўлжалланган йирик тармоқ лойиҳасининг бир қисми деб кўрилаяпти.
Шу билан бирга ушбу темир йўл участкасининг Афғонистондаги хорижий қўшинлар учун шимолий таъминот йўли сифатидаги аҳамияти сўнгги пайтда ортган.
Покистон-Афғонистон чегарасида НАТО ҳаво ҳужуми оқибатида Покистон аскарлари ўлдирилганидан кейин Афғонистонга таъминот йўли ёпиб қўйилган, яқин йилларда Афғонистондан халқаро кучларнинг олиб чиқиб кетилишида ҳам шимолий йўналиш муҳим бўлиши кутилмоқда.
Покистондан Афғонистонга йўл олган хорижий кучларга мўлжалланган юклар ортилган автомобиллар карвонига ҳужумлар кўпайгани АҚШ расмийларини кўпроқ Афғонистон шимолига эътибор қаратишга ундаган, сўнгги йилларда қатор юқори мартабадаги Америка расмийлари Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари билан музокаралар ўтказган.
Яқин вақтларгача ҳам Покистон орқали жами таъминот юкларининг 75 фоизгачаси Афғонистонга олиб кирилган бўлса, бугуннинг ўзида шунча юк шимолдан олиб борилаяпти.
Ўзбекистоннинг Афғонистон чегарасидаги Термиз шаҳри аэропортида Олмония қўшинлари ҳам жойлаштирилган.
Термиз яқинида Шўролар Иттифоқининг ишғоли пайтида Амударё устидан қурилган кўприк мавжуд, бу кўприк узра автомобил ва темир йўллари ўтказилган.
Амударёнинг Афғонистон соҳилидаги Ҳайратон бандаргоҳ шаҳарчаси темир йўл станцияси имконияти ҳам кенгайтирилди, расмийларга кўра, темир йўл тўла ишга тушганидан кейин Ҳайратон орқали ҳозирги ойига 4000 тонна юк ўрнига 40 минг тоннагача юкни қабул қилиш имконияти пайдо бўлади.
Ҳайратон-Мозори-Шариф темир йўл қурилишини Осиё Тараққиёт банки молиялаган, лойиҳага 165 миллион доллар маблағ сарфлангани хабар қилинган.
Йўл қурилишида Ўзбекистон ширкатлари банд бўлганлар.
Хабарларга кўра, ушбу йўналишдаги юк ташиш ишлари билан Ўзбекистоннинг давлат назоратидаги Sogdiana Trans ширкати шуғулланади.
Афғон расмийларига кўра, Ҳайратон-Мозори-Шариф йўлини Туркманистонга ҳам улайдиган шохасини қуриш борасида Ашхобод расмийлари билан музокараларни мўлжалламоқдалар.
Илк Афғонистон темир йўли фойдаланишга топширилганининг тантанали маросимини яқин орада ўтказиш режаланган.












