Президент Каримовнинг қизлари яна Швейцариянинг энг бой одамлари рўйхатида

Лола Каримова "энг бой одамлар" рўйхатига бу йил биринчи марта киритилган

Сурат манбаси, lolakarimova.com

Сурат тагсўзи, Лола Каримова "энг бой одамлар" рўйхатига бу йил биринчи марта киритилган

Гулнора Каримованинг ортидан Ўзбекистон Президентининг кенжа қизи Лола Каримова ҳам Швейцариядаги энг бой одамлар рўйхатидан ўрин олган.

Швейцарияда чиқадиган русийзабон "Наша Газета"нинг "Bilan" иқтисодий журнали тартиб берган рўйхатга иқтибосан хабар беришича, Ўзбекистоннинг биринчи рақамли опа-сингилларининг бойлиги 1 миллиард долларни ташкил этган.

Нашрга кўра, Гулнора ва Лола Каримовалар ўтган бир йил мобайнида 200 миллионга "камбағаллашган".

"Bilan" журнали ўтган йилги рўйхатида Президентнинг тўнғич қизи ва Ўзбекистоннинг Испания ҳамда БМТдаги элчиси Гулнора Каримованинг бойлигини 1-1.5 миллиард швейцария франки атрофида баҳолаганди.

Гулнора Каримова 2009 йилдан буён Швейцариянинг энг бой аёллари рўйхатидан ўрин олиб келади, аммо унинг синглиси Лола Каримова бу рўйхатга биринчи марта киритилган.

Лола Каримова-Тиллаева Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги ваколатхонаси раҳбаридир.

Швейцария матбуоти уларнинг Женева кўли соҳилида ҳашаматли виллаларни сотиб олганлари ҳақида ёзган.

"Bilan" журнали 2009 йилда Гулнора Каримова сотиб олган уйнинг нархи 18.2 миллион долларга тенг экани ҳақида ёзган.

Гулнора Каримованинг ўзи ҳеч қачон шахсий бойликлари ҳақида матбуотга шарҳ бермаган, аммо 2009 йилда "Bilan" журнали келтирмаган маълумотлар "ошириб юборилгани" ни айтган.

Дипломатия, заргарлик ва можаролар

Гулнора ва Лола Каримоваларнинг бойлиги рўйхатнинг "Меросхўрлар ва сармоядорлар" категорияси бўйича баҳоланган.

Президент Каримовнинг қизлари рўйхатнинг "меросхўр ва сармоядорлар" қаторидан ўрин олган
Сурат тагсўзи, Президент Каримовнинг қизлари рўйхатнинг "меросхўр ва сармоядорлар" қаторидан ўрин олган

Швейцария нашри Ўзбекистон президенти тўнғич қизининг нефт, газ ва телекоммуникация соҳасида ўз манфаатларига эга экани ҳақида ёзган.

Бундан икки йил муқаддам касодга учраган "Зеромакс" ширкатининг ҳам асосий хўжайини Гулнора Каримова бўлган, деб ишонилади.

Аммо бойликларнинг асл манбаси ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

"Bilan" журналининг ўтган йилги рўйхатида 2010 йилда Гулнора Каримованинг бойлиги 2009 йилдагига нисбатан 61.5 фоизга ошгани кўрсатилган.

Худди шу даврда у соҳиби деб ишонилган "Зеромакс" ширкати сармоядорлардан 5 миллиард доллар қарз бўлиб қолган ва маҳкамага тортилган.

АҚШ дипломатларининг "Викиликс" веб саҳифасига сизган ёзишмаларида Гулнора Каримова "Ўзбекистонда энг кўп нафратга сазовор шахс," деб тасвирланган.

Америка дипломатлари Гулнора Каримова Ўзбекистондаги ҳар қандай даромадли бизнесдан дўқ-пўписа йўли билан ўз улушига эга бўлгани ҳақида ёзганлар ва уни "ўғри барон" деб атаганлар.

Гулнора Каримова Ўзбекистоннинг стратегик соҳаларида ўз бизнес манфаатларига эга экани билингани ҳолда унинг синглиси Лола Каримованинг бизнеси ҳақида кўп нарса маълум эмас.

Лола Каримова-Тиллаеванинг турмуш ўртоғи Темур Тиллаев Ўзбекистонга хориждан келтириладиган кўпгина истеъмол моллари импортини назорат қилади, деб ишонилади.

Ўзбекистоннинг юқори мартабали дипломатлари саналган Гулнора ва Лола Каримовалар шу йил камида икки йирик халқаро можаронинг марказида бўлишган.

Май ойида француз маҳкамаси Лола Каримованинг отасини "диктатор" деб ёзган Rue89 нашрига қарши даъво аризасини рад этган бўлса, сентябрда унинг опаси Гулнора Ўзбекистондаги болалар меҳнатига қарши халқаро кампания боис Нью Йорк модалар ҳафталигида ўзининг Guli брендини намойиш эта олмаган.

"Золимнинг қизи бўлиш осонмас"

Шу кунларда Британия матбуоти совет диктатори Сталиннинг қизи Светлана Алиллуеванинг вафоти манзарасида Гулнора Каримованинг шахсига яна бир бор эътибор қаратган.

Швейцария матбуоти опа-сингиллар Женева кўли соҳилида қимматбаҳо виллалар сотиб олишгани ҳақида ёзган
Сурат тагсўзи, Швейцария матбуоти опа-сингиллар Женева кўли соҳилида қимматбаҳо виллалар сотиб олишгани ҳақида ёзган

"Золимнинг қизи бўлиш осонмас" деб номланган мақолада "The Telegraph" рўзномаси отасининг ҳукмронлиги даврида Совет Иттифоқидаги ҳаётга мослашиб, унинг ўлимидан сўнг исён кўтарган ва ғарбга қочган Светлана Аллилуева билан Гулнора Каримованинг ҳаёти ўртасида ўхшашликлар борлигини ёзади.

Мақола муаллифи Девид Блейрга кўра, Гулнора Каримова ҳам Аллилуевага ўхшаб, Ўзбекистондаги ҳаётга кўникишни афзал билган.

"Аммо шу билан бирга, деб ёзилади мақолада, - у мамлакатдаги ҳамма билан жанжаллашиб улгурган".

Рўзнома америкалик дипломатларнинг ёзишмаларида Гулнора Каримовага нисбат берилган сўзларни келтиради: "Агар сен ҳаммага яхши муносабатда бўлсанг, ўзинг боши берк кўчага кириб қоласан".

АҚШ дипломатлари "Каримова хоним янчиб ташлаган одамлар уни ўзи айтган боши берк кўчада кўришни жуда ҳам исташлари" ҳақида ёзганлар.

"Ўлим ҳамма вақт диктаторларни таъқиб қилади ва улар ўз авлодларининг ҳаётини барбод қиладилар. Энг яхши йўл, бу - ўғилни ворисликка тайёрлашдир. Аммо Каримовга ўхшаб, ўғли бўлмаса, золим нима қилиши керак?" деб савол қўяди "Телеграф" рўзномаси.

Мақола муаллифининг тахминича, 73 ёшли Каримов Гулнорани олий лавозимга қўйиш ҳақида ўйлаган, аммо қизининг хали президент бўлмай туриб, ҳамманинг нафратини қозонгани уни бу фикрдан қайтарган бўлиши мумкин.