Қозоғистон: хорижий меҳнат муҳожирларига эҳтиёж борми?

Азиза
Сурат тагсўзи, Самарқандлик Азиза 8 йилдан буён Қозоғистонда яшайди
    • Author, Шодиёр Сайф
    • Role, Би-би-си, Олма-ота

Қозоғистон меҳнат муҳожирларини қабул қилиш бўйича жаҳонда 9 ўринда туради.

Лекин хорижий ишчиларнинг аксари ноқонуний ишлаши айтилади.

Қозоғистон томонидан қабул қилинган қонунлар меҳнат муҳожирларининг қонуний йўл билан меҳнат қилишлари учун жуда ҳам катта қийинчиликлар туғдиради.

Мамлакат ўз аҳолисини иш билан таъминлаш мақсадида ишлаш учун рухсатномани деярли берилмайдиган даражада мураккаблаштирган.

Лекин сўнгги вақтларда расмийларнинг меҳнат муҳожирларига нисбатан қарашлари ўзгараётгани кузатилади.

Ишлаш рухсатномаси

Олма ота шаҳар марказида шинамгина кафе.

Деворларда Самарқанд обидалари акс этган расмлар, ўзбекча мусиқа ва палов, манти, кўза кабоб каби миллий таомлар Ўзбекистонда экандек тасаввур қолдиради.

Ушбу кафенинг очилганига энди икки ой бўлди.

Соҳиблари Самарқанд шаҳридан келган.

Кафе юритувчиси Азиза уни оилавий бизнес эканлигини айтади.

"Хўжайиним "кафе очаман", деб орзу қилган эди. Биринчи Таразда автобуслар ўтиб турадиган жойда очди. У ерда ишимиз ўнгидан келмади. Кейин Олма ота шаҳрида очдик", дейди Азиза.

Самарқандлик Азизанинг Қозоғистонга келганига 8 йил бўлган.

Уч фарзанднинг онаси Азиза Қозоғистонга келган вақтлари абгор шароитда яшаганини айтади.

"Келган пайтимиз, ростини айтсам, аҳволимиз қийин эди. Турмуш ўртоғимнинг таниши ёрдам берди. Шу кишининг уйида яшаб турдик. Яна ётоқхоналарда яшашимизга тўғри келди", дейди Азиза.

Турмуш ўртоғи уйларни таъмирлаш билан шуғулланади.

Иши яхши бўлгани учун кўрган фойдасига асосан ўзбек миллий таомлари пиширадиган кафени очиб олишди.

Кафе ҳозирча харажатларини қоплагани йўқ.

Ўзбекистондан келган ошпазларга ўз ёнларидан пул тўлаб туришибди.

"Солянка, борш, мампар, шўрва, палов, лўла кабоб, жигар кабоб, манти, хоним каби 20 ҳил таом пиширамиз. Шунинг ҳаммасини бир кунда сотамиз", дейди Ўзбекистонда 33 йил ошпазлик қилган Темур ака.

Темур ака
Сурат тагсўзи, Темур ака Ўзбекистонда 33 йил ошпазлик қилган

Кафе соҳиблари ўнгида катта муаммолар турибди.

Ҳали мижозлар бу жойни яхши билмагани учун зарарига ишламоқда.

Спиртли ичимликлар сотиш учун махсус рухсат олиш керак.

Аммо, энг катта муаммо бу - Ўзбекистондан келган ишчиларга ишлаш учун рухсатномасини олиш қийинлиги.

“Олдин қонун бўйича 3 йил ишлаш учун рухсат олиш мумкин эди. Шунақа руҳсатнома билан ишлардик. Аммо бу енгилликни ҳозир олиб ташлашган”, дейди Азиза.

Ўзгараётган муносабат

Маълумотларга кўра, Қозоғистон меҳнат муҳожирларини қабул қилиш бўйича дунёда 9 ўринда туради.

Қозоғистон Статистика агентлиги тахмини бўйича, 2015 йилга келиб, Қозоғистон қарийб 2 миллионга яқин ишчи кучига эҳтиёж сезади.

Шу билан бирга Қозоғистондаги мавжуд меҳнат муҳожирларининг аксари ноқонуний йўллар билан ишлаши айтилади.

"Иш берувчи чет эллик фуқарони ишга қабул қилиши учун махсус лицензияга эга бўлиши керак. Аммо ушбу лицензияни олиши мумкин бўлган касб эгаларининг рўйхати бор. Агар меҳнат муҳожири бир марталик ва мутахассислик талаб қилмайдиган ишларга келса, ишлаш учун рухсат ололмайди”, дейди асосан меҳнат муҳожирларига ҳуқуқий маслаҳат бериш билан шуғулланадиган "Сана сезим" ташкилоти юристи Элина Еникеева.

Аммо сўнгги вақтларда расмийларнинг бу борада қарашлари ўзгара бошлаган кўринади.

Меҳнат муҳожирларига бундай муносабат натижасида давлат ғазнаси муҳим солиқлардан қуруқ қолаётгани ва хорижий ишчилар ижтимоий жиҳатдан ҳимояланмаётгани айтилмоқда.

"Ушбу муаммолар ўз ечимини топган муҳожирлар ҳақида янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мажлис уни мукаммал қилиш мақсадида 500 дан ортиқ ўзгартиришлар киритиб қабул қилди", дейди Мажилис депутати Айткул Самакова.

Қонун лойиҳаси сенат томонидан тасдиқланиб, президент ўз имзосини қўйганидан сўнг кучга киради.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Қозоғистонда асосан қурилиш, қишлоқ хўжалиги, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш соҳаларида ишлайди. Икки давлат ўртасида меҳнат келишувининг йўқлиги ҳам бу жабҳада муаммолар келтириб чиқариши айтилади.