Андижон хунрезлигига бағишланган янги ҳисобот эълон қилинди

Хориждан бошпана топган андижонликлар тузган "Андижон - Адолат ва Тикланиш" ташкилоти янги ҳисобот эълон қилган.
Ҳисобот муаллифларига кўра, 2005 йил 13-14 май кунлари 500 дан зиёд инсон ҳалок бўлганини ҳужжатлаштирганлар.
Янги ҳисобот "Андижон қочқинлари гувоҳлик берадилар" деб номланади.
Муаллифларга кўра, чет элда яшаётган андижонликлар дастлабки йилларда Ўзбекистон ичкарисида қолганлари яқинларидан хавотирланганлари сабабидан ўз бошидан кечирганлари ва Ўзбекистондаги режимга нисбатан ўз муносабатлари ҳақида ошкора гапиришдан тийилганлар.
Ҳозирга келиб 13 май ҳамда ундан кейинги кунларнинг тўла манзарасини қайта тиклашга қарор қилинган.
"Андижон қочқинлари гувоҳлик берадилар" ҳисоботида 220 кишининг ўз кўзи билан кўрганлари борасида савол-жавоб ўтказилгани хабар қилинган.
"Гувоҳларнинг кўрсатмаларидан келиб чиқадиган асосий хулоса - Ўзбекистон ҳукуматининг сиёсатидан норози инсонлар 2005 йил 13 май куни митингга чиққанлар, улар ўзларининг биродарлари, 23 андижонлик бизнесмен устидан маҳкамадан, адолатсиз турмуш шароити ва ҳукумат томондан таъқиб этилаётганидан норозилик изҳор этмоқчи бўлганлар. Бунга жавобан ҳукумат қўшинлари огоҳлантиришсиз ўт очдилар", дейилади ҳисоботда.
Муаллифларга кўра, ҳукумат кучлари Андижон шаҳридаги Бобур майдонига олиб чиқадиган барча кўчаларни тўсиб қўйган, фақат намойишчилар учун Чўлпон шоҳкўчаси очиқ қолдирилган.
"Андижон қочқинлари гувоҳлик берадилар" ҳисоботига кўра, раҳбарият Андижонда йиғилган намойишчиларни тарқатишни эмас, қириб ташлашни мақсад қилган.
Ҳисобот муаллифларига кўра, 13-, 14-май кунлари ярадор бўлиб шифохонага тушган инсонлар, хунрезликни ўз кўзи билан кўрган гувоҳлар ҳибсга олинганлар, қийноқларга тутилган, ўзларининг айбдор эканлари ҳақидаги кўрсатмаларга имзо чекишга мажбур этилганлар.
"Андижон - Адолат ва Тикланиш" фаоллари Андижон ҳодисалари юзасидан янги халқаро мустақил тергов ўтказиш талабини илгари суриш мақсадида эканини айтадилар.
2005 йил 12 майдан 13 майга ўтар кечаси Андижондаги қамоқхона ва қатор давлат муассасаларига қуролли ҳужумлар уюштирилган, Ўзбекистон ҳукумати бу ҳужумларда "Акромия" оқими аъзоларини айблаган.
Ўзбекистон ҳукуматига кўра, мамлакатда конституциявий тузумни ағдаришни мақсад қилган "Акромия" оқими Ўзбекистон ва Қирғизистонда ўз аъзоларини ҳарбий тайёргарликлардан ўтказган, ўзларининг қамоқдаги 23 шеригини озод қилиб, ҳокимиятни қўлга олиш мақсадида қуролли ҳужумлар қилганлар.
Андижон вилояти ҳокимлиги биносида террорчилар ва уларнинг қариндошлари йиғилган, дейди ўзбек расмийлари.
Андижон ҳодисалари юзасидан Тошкентдаги Олий Судда ўтган маҳкамада Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги Ички ишлар вазири Зокиржон Алматовнинг "Акромия" оқими раҳбарларидан деб тақдим этилган Қобил Парпиевга "ўз одамларини олиб чиқиб кетиш учун автобус берилиши" ҳақидаги музокаралари бўлиб ўтгани, бироқ "террорчилар гаровга олинган инсонларни қалқон қилиб" гуруҳ-гуруҳ бўлиб тарқалганлари айтилган.
Олий судда айбланувчилар "ўқотар қуроллардан фойдаланишни билмайдиган шерикларининг пала-партиш ўт очиши оқибатида" ҳарбийлар ва тинч фуқаролар ҳалок бўлгани ҳақида кўрсатма берганлар.
Бироқ инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Тошкентдаги маҳкама ва ундаги кўрсатмаларни танқид қилганлар.
Аксар гувоҳлар Ўзбекистон ҳукумат кучларининг Андижонда қуролсиз тинч фуқароларни Андижон шаҳрида, Ўзбек-Қирғиз чегарасида ўққа тутганлари ҳақида айтганлар.
Биз "Андижон - Адолат ва Тикланиш" ташкилотидан Бахтиёр Мухторов билан боғланиб, янги ҳисобот нималар асосида тайёрлангани ҳақида сўрадик.












