АҚШ Тошкентнинг Украина бўйича позициясини ҳурмат қилади – элчи ва Шуҳрат Ғаниев яна матбуот эътиборида – янгиликлар O'zbekiston, yangiliklar

Сурат манбаси, kun.uz
- Маҳаллий нашрлар Норинда фермерлар ҳуқуқи бузилаётганини хабар қилди
- Вашингтон Тошкентнинг Украина бўйича позициясини тушунади - элчи
- Янги таҳрирдаги Йўл қоидалари 1 майдан кучга кириши айтилмоқда
- Нукусда тирик чақалоқ ёриб кўрилган - прокуратура
- МИБ ишига аралашганлик учун жавобгарлик белгиланди
- Самарқандда уч шахс қабртошни ўғирлаб кетган
Алоқадор мавзулар
- Ўзбекистон: UzAuto Россияга автомобиль экспортини тўхтатганми ва Қозоғистон ноқонуний олиб чиқиб кетилган пулларни қайтармоқчи - янгиликлар
- Ўзбекистон: Бекор бўлган пахта бойкоти ва Сурхондарёда "Улуғбек хазинаси" талон-тарож қилиндими?
- Ўзбекистон Украинадан 1000 нафардан зиёд фуқаросини олиб келди
- Ўзбекистон: Рекламалар давлат тилида тарқатилиши белгилаб қўйилади ва ўзбекистонликларнинг қанчаси ишсиз?
Фермерларнинг бузилган ҳуқуқи
Маҳаллий нашрлар Наманган вилояти Норин туманида фермерларнинг ҳуқуқи бузилгани ва бунга Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев имзолаган ҳужжат сабаб бўлаётганига оид хабарлар бермоқда.
Ҳолат юзасидан икки оммабоп интернет нашрлари - Kun.uz ва Daryo.uz мустақил журналистлик суриштирувлари ўтказган.
Маълум қилинишича, Норин туманидаги 140 та фермер хўжалиги Шуҳрат Ғаниев имзолаган ёпиқ мажлис баёни асосида ўзлари уч йилдан бери ишлаб келган кластер ўрнига энди ташкил этилаётган янги кластер билан шартнома тузишга мажбур этилмоқда.
Нашрлар суҳбатлашган аксар фермерлар ўзлари ишлаб келаётган кластер билан деярли муаммога дуч келишмаётгани, янги кластер билан ишлашга у қадар истаклари йўқлигини билдирган.
Интернет нашрлари президентнинг ўтган йил ноябрь фармонида фермер хўжаликларига ўзлари хоҳлаган ва ўзлари учун манфаатли бўлган кластер билан шартнома тузиш ҳуқуқи берилгани, Бош вазир ўринбосари имзолаган ҳужжат эса президент фармонига зид эканини тилга олган.
Мамлакат юқори расмийлари, ҳозирча, ушбу ҳолатга изоҳ бергани кўзга ташланмаган.
Узоқ йиллар Фарғона вилоятини бошқарган Шуҳрат Ғаниев 2020 йилнинг сентябрь ойида Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган эди.
"АҚШ Ўзбекистонни тушунади"

Сурат манбаси, .
АҚШ Ўзбекистоннинг Украина масаласи юзасидан нақадар мураккаб вазиятда эканини англайди ва нейтрал позициясини ҳурмат қилади.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм "Америка Овози" билан суҳбатда шундай сўзларни тилга олган.
Элчи географик-тарихий омиллар, манфаатлар, савдо алоқалари ва Россиядаги меҳнат мигрантлари боис Ўзбекистоннинг ҳозирги тутаётган йўли асосли ва мантиқли эканини билдирган.
"Ўзбекистон учун бу - ҳаёт-мамот масалалари. Биз буни тушунамиз", деган у интервьюда.
Ўзбекистон ҳукумати Россиянинг Украинага босқини илк кунларида зиддият юзасидан нейтрал позицияда эканини таъкидлаган эди.
Бироқ 17 март куни Сенатда сўзга чиққан Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон Украина ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини тан олиши, мамлакат шарқида ўзини мустақил деб эълон қилган республикаларни тан олмаслигини маълум қилганди.
Камайтирилмаган максимал тезлик

Ҳукумат қарори билан янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидалари тасдиқлангани хабар қилинмоқда.
Ушбу хабар маҳаллий нашрлар томонидан Президент администрациясига яқин, дея кўрилувчи Телеграмдаги Нигоҳ канали томонидан тарқатилган.
Эътиборлиси, ҳукумат қарори ҳали ҳеч қаерда эълон қилинмаган бўлсада, канал янги қоидалар 1 майдан кучга киришини билдирган.
Нигоҳ'нинг ёзишича, янги Йўл ҳаракати қоидаларида аҳоли пунктларида рухсат берилган максимал тезлик ўзгартиришсиз қолдирилган - соатига 70 километр.
Февраль ойида президент Шавкат Мирзиёев янги йўл ҳаракати қоидаларини ишлаб чиқиш зарурлиги ва Тошкент марказида тезлик соатига 50-60 километрдан ошмаслиги кераклигини таъкидлаган эди.
Ёриб кўрилган тирик гўдак
Қорақалпоғистонда тирик чақалоқ патология бюроси ходимлари томонидан ёриб кўрилиши ортидан вафот этгани хабар қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасининг хабар қилишича, воқеа ўтган йилнинг февраль ойида Нукусда содир бўлган.
Билдирилишича, 2021 йилнинг 14 февраль куни дунёга келган қиз чақалоқ эртаси куни ўлган, дея қайд этилиб, шу куннинг ўзида патология бюросига бериб юборилган.
"Патология бюроси ходимлари томонидан чақалоқнинг кўкрак қафасида анатомик кесма кесган вақтида чақалоқда ҳаётий белгилар аниқланган бўлсада, унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилмасдан, Қорақалпоғистон Республикаси перинатал маркази шифокорлари чақирилиб, чақалоқ қайтариб бериб юборилган", дейилади прокуратура хабарида.
Хабарда суд-тиббий экспертизаси агар ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилганда, чақалоқ ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлган, деган хулоса бергани тилга олинади.
Республика прокуратураси ҳолат бўйича очилган жиноят иши ҳозирда суд томонидан кўриб чиқилаётганини маълум қилган.
МИБ ишига аралашганлик учун жавобгарлик

Сурат манбаси, MIB
Ўзбекистон қонунчилигига суд ҳужжатларининг мажбурий ижросига аралашганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик киритилди.
Адлия вазирлигининг хабар беришича, президент 11 апрель куни имзолаган қонунга кўра, эндиликда, МИБ ишига аралашганлик маъмурий жазо қўлланилгандан кейин ҳам такрорланса, 1 йилдан 3 йилга қадар озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилиши мумкин.
Ўғирланган қабртош

Сурат манбаси, .
Самарқанд туманида уч шахс қиймати $1 000 бўлган қабртошни ўғирлаб кетган.
Тергов департаменти воқеа 23 мартдан 24 мартга ўтар кечаси тумандаги "Талибарзу" қабристони ҳудудида жойлашган қабр тошлар ишлаб чиқариш цехида юз берганини маълум қилган.
Тергов департаменти айни вақтда ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини билдирган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

















