Ўзбекистон: Расмий Тошкент Украинага гуманитар ёрдам юборди ва Ортиқхўжаев мурожаатчига Spark совға қилди – янгиликлар O'zbekiston, yangiliklar

Сурат манбаси, official
- 34 тонналик гуманитар ёрдам Украинага етиб борган;
- UzAirways хусусийлаштирилади;
- Ортиқхўжаев мурожаатчига Spark совға қилди;
- Йил бошидан бери бозорларда 2 тоннадан ортиқ яроқсиз гўшт аниқланган;
Украинага етиб борган ёрдам
Ўзбекистон Украинага дори-дармон, бирламчи шахсий тиббий ёрдам қутилари, узоқ муддат сақланадиган озиқ-овқат ва бошқалардан иборат инсонпарварлик ёрдами юборган.
Бу ҳақда Украинанинг Закарпатска вилояти ҳарбий маъмурияти хабар берган.
Расмий хабарда 34 тоннадан ортиқ инсонпарварлик ёрдами 8 апрель куни вилоятга етиб келгани айтилади.
Закарпатска вилояти раҳбари Виктор Микита юклар самолёт орқали етиб келганини билдирган ва кўмак учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик билдирган.
"Инсонпарварлик ёрдами зудликда "қайноқ нуқталар"га етказилади", деган у.
Алоқадор мавзулар
- Ўзбекистон: UzAuto Россияга автомобиль экспортини тўхтатганми ва Қозоғистон ноқонуний олиб чиқиб кетилган пулларни қайтармоқчи - янгиликлар
- Ўзбекистон: Бекор бўлган пахта бойкоти ва Сурхондарёда "Улуғбек хазинаси" талон-тарож қилиндими?
- Ўзбекистон Украинадан 1000 нафардан зиёд фуқаросини олиб келди
- Ўзбекистон: Рекламалар давлат тилида тарқатилиши белгилаб қўйилади ва ўзбекистонликларнинг қанчаси ишсиз?
Ҳозирча, Ўзбекистон расмийлари Украинага юборилган ёрдам тўғрисида чиқиш қилгани ёки ушбу воқеа расмий каналларда ёритилгани кўзга ташланмаган.
1 март куни Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Микола Дорошенко расмий Киев мамлакат ҳукуматидан ёрдам сўрагани, Ўзбекистон расмийлари бу борада ижобий қарор қабул қилинганини билдирган бўлсада, ҳалича ёрдам кўрсатилмагани ҳақида гапирган эди.
10 март куни эса Озодлик радиоси билан суҳбатлашган Украина элчиси кўрсатилган дори-дармон ва тиббий воситалардан иборат 28 тонналик инсонпарварлик ёрдами учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик билдирган.
Бироқ бу сафар ҳам Ўзбекистон расмийлари ёрдам тўғрисидаги хабарни изоҳламаган.
17 март куни Сенатдаги чиқишида Ўзбекистон Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олиши ҳамда Донетск ва Луганск халқ республикаларини тан олмаганини таъкидлаган ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакат "бу оғир кунларда Украинага сўзсиз инсонпарварлик ёрдами кўрсатиши"ни билдирган эди.
Uzbekistan Airways хусусийлаштирилади

Сурат манбаси, official
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 8 апрель кунги фармони билан Uzbekistan Airways, "Ўзбекнефтегаз" компанияларини хусусийлаштириш ва UzAuto Motors акцияларининг бир қисмини сотиш режалаштирмоқда.
Мирзиёев 8 апрель куни "Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида"ги фармонга имзо чеккан.
Фармонга кўра, 2022 йил 1 майга қадар тажрибали инвестиция банкини жалб этиб, 2022 йил якунига қадар "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг, шу жумладан, акцияларини оммавий жойлаштириш (IPO) орқали камида 49 фоиз улушини, шунингдек, "Иссиқлик электр станциялари" АЖдаги 51 фоиз ва ундан юқори миқдордаги давлат улушини хусусийлаштириш ишлари бошланади.
2022 йил 1 сентаябрга қадар "Uzbekistan Airways" АЖ устав капиталидаги 51 фоиз ва ундан юқори миқдордаги давлат улушининг савдога чиқарилиши, шу жумладан, акцияларини оммавий жойлаштириш (IPO) ишлари бошланади.
2022 йил 1 августга қадар халқаро инвестиция банки ва консультантларни жалб этган ҳолда, "UzAuto Motors" АЖ акциялар пакетининг 10 фоизгача қисмини маҳаллий фонд бозорида оммавий жойлаштириш (IPO) ва бу корхонанинг қолган улушини ҳамда "UzAuto Motors Powertrain" АЖ, "Самарқанд Автомобиль заводи" МЧЖни стратегик инвесторларга сотиш стратегияси Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
Таклиф учун Spark

Сурат манбаси, Screenshot
Пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев шахмат мактаби очиш таклифи билан келган фуқарога Spark совға қилди.
Ҳоким 10 апрель куни Сергели туманида фуқароларни қабул қилган.
Шаҳар ҳокимлиги Телеграм каналида эълон қилинган видеода мурожаатчилардан бири Сергелида шахмат мактаби очиш ниятини билдиргани кўзга ташланади.
Видеода 35 дан ортиқ ёш шахмат усталарини тарбиялаганини билдирган мурожаатчининг таклифини маъқуллаган Ортиқхўжаев ундан машина ҳайдашни билишини сўрагани қулоққа чалинади.
"Унга эртага президент номидан битта Spark подарка қилларинг", деган ҳоким ўз қўл остидагиларига.
Яроқсиз гўшт

Сурат манбаси, Screenshot
2022 йил бошидан бери мамлакат деҳқон бозорларига келтирилган 2 тоннадан зиёд гўшт ва гўшт маҳсулотлари ҳамда 3,5 тоннадан ортиқ ички органлар истеъмолга яроқсиз, деб топилган ва йўқ қилинган.
Бу ҳақда Тошкент шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бўлим бошлиғи Ўткир Отабоев ЎзА билан суҳбатда маълум қилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















