Россия даволанишга келаётган ўзбекларни нега киритмаяпти? - Ўзбекистон

migrant

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Пандемия бошланганида ўзбек мигрантлари Ўзбекистонга қайтишда муаммоларга дуч келганди

Ижтимоий тармоқларда Россия аэропортларида мамлакатга киритилмаётган Ўзбекистон фуқароларининг норозилиги акс этган видеолар тарқалди. Россия чегарачилари Ўзбекистон фуқароларини нима сабабдан киритмаганлигини айтмаган. Айрим ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистондаги авиакассалар кўпчилик йўловчиларнинг "касаллиги ҳақида" сохта маълумотномалар берганлиги чегарадаги вазиятга сабаблигини айтмоқда.

Ижтимоий тармоқларда Россияга гўёки даволаниш учун борган, аммо чегарадан киритилмаган фуқаролар акс этган видеолар тарқалди.

"Настояшее время" нашрининг ёзишича, Шереметьево аэропортида ўнлаб ўзбекистонликлар 3 кун Россияга киритилмагач тўртинчи куни Ўзбекистонга қайтариб юборилган.

Нашрнинг ёзишича, фуқароларга Россияга киритмаслик сабаби маълум қилинмаган. Уларнинг қўлларида даволаниш учун маълумотнома ёки қариндошларини кўриш учун келаётгани ҳақида тегишли ҳужжатлар бўлган.

Бироқ чегара хизмати ходимлари уларни транзит ҳудудидан чиқармаган ва паспортларини олиб қўйган.

"Настояшее время" даволанишга келган онасини кутаётган ўзбекистонлик мигрант Ойбек Маҳкамов билан гаплашган.

Унинг айтишича, онаси Россияда жарроҳлик амалиёти қилиниши керак бўлган, бунинг учун пул ҳам тўланган. Онасининг қўлида Бош шифокор томонидан ёзилган таклифнома бўлишига қарамасдан у Россияга киритилмаган.

Россия Федерацияси қонуни бўйича мамлакатга даволаниш учун келаётган чет эл фуқаролари пандемия шароитида ҳам киритилиши керак.

Чегарачилар адвокат тмонидан берилган сўровга жавоб бермаган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев Москва аэропортидаги ушланишларни сиёсат билан боғлаган.

У буни Кремл томонидан расмий Тошкентга нисбатан сигнал эканлигини айтган.

Бироқ Шереметьево аэропортидагилар нега киритилмагани билан шуғулланган россиялик ҳуқуқ фаоли Валентина Чупик бошқа сабабларга ҳам эътибор қаратган.

У бир рейсда келган ўзбекистонлик 100 йўловчининг барчаси бир хил "Простатани даволаш учун" деб тайёрланган сохта справкалар билан келгани ҳақида айтган.

Бу йўловчилар Ўзбекистонга қайтариб юборилган.

Фаоллар 18 мартдан бери ўзбекистонликлар учун ёпиқ бўлган Россияга ҳамон авиачипталар сотилаётгани ва камига сохта маълумотномалар берилаётганига эътибор қаратишган.

"18.03.2020дан бошлаб ўзбекистонликлар учун ёпиқ бўлиб келаётган РФга авиакассаларда нафақат ноқонуний маршрутли билетлар балки ноқонуний ва ўта-ўта кулгили справкалар таклиф этилаяпти. Ва табиийки, шунча фуқаронинг мақсадсиз учишига ҳамма бефарқ. Истеъмолчилар ҳуқуқи, Антимонопол қўмита, Меҳнат вазирлиги, қалбаки ҳужжат ишларига чек қўйиши керак бўлган ИИБ, Прокуратура каби идоралар вазиятга ОАВ эътибор бермагунча профессионал қизиқиш ҳам билдирмайди", дейди Twitter фойдаланувчиларидан бири.

Ҳуқуқшунос Зарнигор Омонуллаева Facebookдаги саҳифасида бундай сохта справкалар билан Россия келган ва чегарадан киритилмаётган Ўзбекистон фуқароларига имкони бўлиши билан Ўзбекистонга қайтиб учишни тавсия қилган.

"Қайтгач сизга ноқонуний ҳужжат тайёрлаб, алдов йўли билан билет сотганлар ва ушбу махинацияга алоқадор бўлган ҳар қандай шахслар устидан зудлик билан ИИБга ариза ёзинг. Ҳуқуқи бузилган истеъмолчи сифатида судга мурожаат қилинг. Антимонопол қўмитага ёпиқ мамлакатларга очиқ билет савдоси устидан шикоят қилинг", деб ёзади у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek