Минтақа ва хавфсизлик: Ўзбекистон ва Тожикистон душманга қарши яна бирлашди

Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, ANADOLU AGENCY

Минтақа ва хавфсизлик: Ўзбекистон ва Тожикистон душманга қарши яна бирлашди. Икковлоннинг бу режаси АҚШ Президенти Афғонистон Толибон ҳаракати билан Ўзбекистон ҳам бефарқ бўлмаган тинчлик музокараларини бекор қилиш қароридан қисқа вақт ўтмай амалга ошмоқда.

Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийлари бир йилнинг ўзида учинчи бор биргаликда тактик ўқув машғулотлари ўтказишмоқчи.

Махсус-тактик операцияга ҳарбий авиация, енгил зирҳланган машиналар ва артеллерия қўшинларини ташлашмоқчи.

Шартли чегара ҳудудларида ҳамкорликда шартли "жангарилар тўдаси"ни буткул яксон этмоқчи.

Расмий хабарларга кўра, аллақачон бунга тайёргарлик ишларини бошлаб юборишган.

Ўзбекистон ва Тожикистон Марказий Осиёнинг Афғонистонга бевосита чегарадош учта давлатидан иккитаси бўлишади.

Маълум қилинишича, бунга ўхшаш қўшма махсус-тактик амалиётлар томонларга террористик хавф-хатарни бартараф этиш бўйича ўзаро тажриба алмашиш имконини беради.

Бу икки қўшни давлат ўтган йил сентябрь ойида ўз мустақилликлари тарихида илк бор йирик қўшма ҳарбий ўқув машғулотларига бош қўшишган.

Машқларга ҳар икки томондан юзлаб ҳарбийлар ташланган, учувчисиз учоқлар, бронетранспортер, танк, вертолёт ва миномётлар ҳам ишга солинган.

Ўшанда қўшма ҳарбий машғулот ёрдамида икки қўшни давлат ҳарбийлари аксилтеррор амалиёти чоғида ўз ҳаракатларини мувофиқлаштиришни машқ қилишган.

Уларнинг, гўёки, четдан сизиб кириб, Фарғона водийсидаги вазиятни издан чиқариш ниятида бўлган бир гуруҳ "террорчилар"ни топиб, қуршаб олиб, йўқ қилишлари керак бўлган. Бунда "халқаро террорчи гуруҳлар" назарда тутилган.

Машғулот якунида шахсан Ўзбекистон Мудофаа вазирининг ўзи Тожикистонга борган.

Худди ўша йилнинг август ойида эса, бу икки давлат чегара қўшинлари машқ тариқасида Тожикистоннинг жанубий Шаҳритуз туманида "Жайхун" номли махсус амалиётга қўл уришганига оид хабарлар олинган.

Уларнинг Афғонистондаги ИШИД жангариларининг Тожикистоннинг Хатлон ва Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятларига ёриб кириши эҳтимолини ҳамкорликда қандай қилиб бартараф этиш йўлларини машқ қилишгани айтилганди.

Аммо бу галги тактик ўқув машғулотлари АҚШ Президенти Афғонистон билан боғлиқ кутилмаган қароридан қисқа вақт ўтмай бўлиб ўтади.

Дональд Трамп шу ой бошида келишдик, деганда Афғонистон Толибон ҳаракати билан тинчлик музокараларини тўхтатиб қўйган.

Бу - расмий Тошкент, Ўзбекистон ҳам бефарқ бўлмаган жараён эди.

АҚШ Президентининг бу қарорига Ўзбекистон томони ҳали-ҳануз ўзининг расмий муносабатини билдирмаган.

Аммо куни-кеча пойтахт Тошкентдан Тожикистон билан қўшма тактик ўқув машғулотларига оид хабарлар олинган.

Афғонистон, чегара ва хавотирлар

Тожикистон ҳарбийлари

Сурат манбаси, President.tj

Тожикистон Афғонистон билан энг узун чегарага эга Марказий Осиё давлати бўлади.

Бу икки давлат ўртасидаги давлат чегараси 1300 чақиримдан ортиқроққа узанади.

Давлат чегарасининг катта қисми бориш қийин бўлган мураккаб тоғли ҳудудлардан ўтади.

Сўнгги йилларда Афғонистоннинг айнан аксарияти Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош бўлган шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларида хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг жиддий издан чиққани кузатилган.

Бу ҳудудларда толиблардан ташқари ИШИД жангари гуруҳи аъзоларининг ҳам фаоллашганига оид хабарлар олинган.

Афғонистонлик масъуллар эса, бу ИШИД жангариларини Ўзбекистон дохил Марказий Осиё давлатлари фуқароларига нисбат беришган.

Ҳарбий доираларда минтақадаги энг йирик ўзбек жангари гуруҳи, деб кўрилувчи ва 90-йиллар охирларида Фарғона водийсида асос солинган Ўзбекистон Исломий ҳаракати эса, 2015 йилда Афғонистонда тўлиғича Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига байъат келтирганини эълон қилган.

Орада сафлари парчаланиб, ҳаракат ўзагининг яна Афғонистон Толибон ҳаракати лидерига мойиллик билдирганига оид хабарлар ҳам олинган.

Ўзбекистон Исломий ҳаракатидан ташқари, минтақада уларнинг сафларидан ажралиб чиққан яна бир ўзбек жангари гуруҳи - Исломий Жиҳод иттифоқининг ҳам фаолият олиб бориши маълум.

Сўғддаги илк қўшма ҳарбий машғулотлар эса, Тожикистоннинг Афғонистон билан бевосита чегарадош жанубий Хатлон вилоятида уюштирилган ва масъулиятини айнан ИШИД гуруҳи ўз зиммасига олиб чиққан ҳужумдан икки ойча ўтиб бўлиб ўтган.

Ҳужум бир гуруҳ хорижлик сайёҳларга қаратилган ва натижада улардан тўрт нафари қурбон бўлишганди.

Бу - бир Марказий Осиё давлатида ИШИД гуруҳи ўзи уюштирганини даъво қилиб чиққан биринчи ҳужум бўлганди.

Раҳбарларининг, айниқса, сўнгги йиллардаги ошкора ва жиддий хавотирларига қарамай, бунгача бирор бир Марказий Осиё давлати на-да Толибон ва на-да ИШИД гуруҳининг бу каби ҳужумига саҳна бўлган. Бу жангари гуруҳларнинг бирор бир жиддий ҳужуми таҳдиди остида қолмаган.

Ўзбекистон ва "таҳдидлар"

Ўзбекистон ҳарбийлари

Сурат манбаси, VCG

Қолган икки Марказий Осиё давлатиники билан таққосланганда, Ўзбекистон Афғонистон билан энг қисқа, бор-йўғи 144 чақиримга узанган чегарага эга.

Аммо бу давлат чегараси, йилларки, минтақада энг кучли қўриқланувчиси бўлади.

Лекин, бошқа томондан, янги президенти Шавкат Мирзиёев бошчилиги остида Ўзбекистон икки йил аввал Тожикистон билан ҳам чегарасини очишга қарор қилган.

Ўзаро чегара ҳудудига яқин ерлардаги айнан жангарилар сизиб кириши эҳтимолининг олдини олиш мақсади билан ўрнатилгани изоҳ қилинган миналарни эса, шу йил якунига қадар тозалашга келишилган.

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг ўтган йил август ойида Ўзбекистонга қилган илк расмий ташрифи манзарасида эса, томонлар минтақавий хавфсизлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратишган.

"Афғонистонга оид масалаларни жиддий ва батафсил муҳокама этишган".

Айниқса, Афғонистондаги бўлажак сайловларни назарда тутиб, бундан буёғига ўз чегаралари хавфсизлигига жиддий эътибор қаратиш борасида келишиб олишганини баён қилишган.

Уларнинг бу баёноти ўша пайтда минтақавий таҳлилчилар эътиборларини ҳам ўзига жалб этмай қолмаган.

Афғонистонлик таҳлилчилар Америка ҳарбийларининг изчил ҳарбий амалиётлари натижасида, айниқса, сўнгги йилларда ИШИД жангари гуруҳи жиддий зарба еганини айтиб, бу баёнотни Ўзбекистоннинг ички сиёсатидаги бўлажак ўзгаришлар нишонасига ҳам йўйишган.

"Ўзбекистон яна иҳоталаниш йўлини тутиши мумкин"лиги каби тахминларни ҳам илгари суришган.

Аммо Сўғддаги ҳар икки қўшни давлат Мудофаа вазирликлари ҳарбийларининг илк қўшма ҳарбий машғулотлари Тошкентда янграган ана шу хавотирлардан қисқа вақт ўтмай уюштирилганди.

Жангарилар

Сурат манбаси, AFP/GETTY IMAGES

Айрим минтақавий таҳлилчиларга кўра, айнан очилган чегаралари ва шимолий қўшнисининг Афғонистон билан яхши қўриқлашга имконсиз бўлган чегараси сабаб, Ўзбекистон у ердаги жангариларнинг ўзларига сизиб кириш учун Тожикистон ҳудудидан фойдаланиши мумкинлигидан хавотирда.

Тожикистондан фарқли тарзда Ўзбекистон ўзининг Тезкор Кучларига эга Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо эмас.

Аммо Ўзбекистоннинг Қуролли Кучлари, яъни армияси минтақадаги энг йирик ва кучлиларидан биттаси бўлади.

Ўша пайтда Ўзбекистон Мудофаа вазири бўлган Абдусалом Азизов икки йилча аввал пойтахт Душанбеда экан, "Ўзбекистон МДҲ жанубий чегаралари мудофаа қобилиятини таъминлаш учун қўлидан келган барча ишни қилиши"ни баён қилган.

Бу - Ўзбекистон Мудофаа вазирининг 20 йил деганда Тожикистонга қилган илк ташрифи бўлганди.

Тожикистон томони билан яна ҳозирлик кўрилаётгани Ўзбекистон янги президенти Шавкат Мирзиёев қудратга келган уч йилча вақт ичида ўтказаётган кўплаб қўшма ҳарбий мақшларнинг навбатдагиси бўлади.

Ўзбекистон айни шу давр оралиғида бунга ўхшаш машғулотларга зўр берган, бунгача Тожикистондан ташқари, яна Франция, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва яна қатор бошқа давлатлар ҳарбийлари билан бирга машқ қилиш, тажриба алмашишга улгурган.

Расмий Тошкент ҳарбий-сиёсий тактикасидаги бу каби янгиланиш, ўзгаришлар эса, Ўзбекистоннинг Афғонистонга оид тинчлик музокараларида муҳим ўрин тутиш, рақиб томонлар ўртасида воситачилик қилиш ҳаракатлари манзарасида кузатилмоқда.

Етакчи минтақавий экспертларга кўра, расмий Тошкент бу билан хавфсизлик нуқтаи назаридан ўзининг кўп қутбли мавқеъда эканини намойиш қилмоқчи.

Бошқа томондан, худди марҳум президент Ислом Каримов даврида бўлгани каби, Шавкат Мирзиёев бошчилиги остидаги янги Ўзбекистон ҳам минтақавий ҳарбий-хавфсизлик масаласини ўзи учун устивор эканини алоҳида урғуламоқчи.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek