Марказий Осиё ва Ҳаж: Энг арзонлиги бобида Қирғизистонга етадигани йўқ

Ҳожилар

Сурат манбаси, official

    • Author, Шоҳруҳ Соипов
    • Role, Би-би-си, Қирғизистон

Аҳолиси олти миллиондан ортиқроқ бўлган Қирғизистондан бу йилги Ҳаж зиёратига олти мингдан ортиқ одам йўл солган.

Бу Саудия Арабистони Қирғизистонга берган квотадан беш юзтага кўпдир.

Қирғизистон Мусулмонлар идораси қошидаги Ҳаж ишлари бўйича қўмита ҳар йил Саудия Арабистони тарафидан берилган ўринлар асосида Ҳажга боришни истаганлар орасида танлов эълон қилади.

Саудия Арабистони бу йил қирғизистонлик мусулмонлар учун аввалига 5510та ўрин ажратган бўлса, диний масъуллар Ҳаж мавсумига яқин яна 500 та қўшимча жойни қўлга киритишга муваффақ бўлишган.

Ҳаж зиёратига бориш истагида бўлган қирғизистонликлар аввалига маҳаллий диний идораларга ҳужжат топширишади.

Сўнгра банкка белгиланган пуллар тўловларини амалга оширишади.

Шундан сўнг улар учун Ҳаж сафари ва ибодатлар бўйича ўқув курслари ўтказилади.

Ҳаж сафарининг бу йилги умумий қиймати 3000 долларни ташкил этган. Ўтган йили эса 2890 доллар бўлган.

Диний идорага кўра, Саудия Арабистони баъзи хизматлар нархини оширган.

"Зиёратчиларнинг яшаш шароити яхшиланди, шунинг учун Ҳаж нархи бироз кўтарилди", - дея хабар беради Қирғизистон Мусулмонлар диний идораси матбуот хизмати.

Қирғизистон жанубида бир миллионга яқин ўзбеклар ҳам яшашади.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, айниқса, сўнгги уч-тўрт йил ичида улар орасидан Ҳаж зиёратига борувчилар сони камайгани кузатилади.

Маълум бўлишича, улар арзонроқ ва қоғозбозлик ҳоллари кам экани боис, кўпроқ Умра зиёратини афзал билишмоқда.

Қирғизистон Тожикистон билан бирга Марказий Осиёдаги нисбатан камбағал иккита давлатдан биттаси бўлади.

2010 йилги этник низолар эса, Қирғизистон жанубидаги одамларнинг тирикчилигига жиддий таъсир қилмай қўймаган.

Ҳожилар

Сурат манбаси, official

Аммо, шунда ҳам, Марказий Осиё давлатлари орасида Қирғизстонда Ҳаж сафарининг умумий қиймати арзон ҳисобланади.

Қўшни Ўзбекистонда бу йилги Ҳаж сафари 3824 доллар бўлса, Тожикистонда 3500 доллардан сал кўрпоқни, Қозоғистонда эса 4000 долларни ташкил этади. Туркманистондаги Ҳаж сафари нархлари эса маълум эмас.

Ҳар йили диний идора Ҳажга борувчиларга махсус кийим тикиш учун тикувчилар орасида танлов эълон қилиб, ҳакамлар ҳайъати тарафидан танлаб олинади.

Унда таклиф этилаётган нархлар, матонинг сифати, кийим дизайнининг эскизлари, ранги инобатга олинади.

Қирғизистон худди шу жиҳатдан ҳам бу йил минтақавий нашрларнинг эътиборини ўзига тортган.

Танловда собиқ "Қирғизистон гўзали"нинг тикувчилик корхонаси ютиб чиққан.

Айкўл Аликжонова 2014 йилги "Қирғизистон гўзали" танлови ғолибаси бўлади.

Ҳар йилги Ҳаж манзарасида бунақаси ҳам бирор бир Марказий Осиё давлатида кузатилмаган.

Қирғизистонлик бўлажак ҳожилар пойтахт Бишкек ва Ўш шаҳридан Саудия Арабистонига жўнаб кетишган.

Ташкилий ишлар

Ҳожилар

Сурат манбаси, official

Шу кунларда Қирғизистон Мусулмонлар идораси раҳбари, муфтий Мақсатбек ҳожи Тўқтўмушев Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги қошидаги қирғизистонлик ҳожиларга хизмат кўрсатувчи 28-сон муссаса раҳбари Хаттоб Ужейми билан учрашиб, ташкилий масалалар юзасидан фикр алмашганлар.

"Зиёратчиларни Мино, Арофат ва Муздалифа водийларида олиб юриш, автобусларни, сув ва музларни етарли миқдорда тақсимлаш, ҳожиларни шайтонга тош отишга боришда жадвалга риоя қилиш, хавфсизлик ва озиқ-овқат бўйича гаплашилди", - дейилади идора ёйинлаган маълумотда.

Шунингдек, қирғизистонлик ҳожиларни Мино, Арофат ва Муздалифа водийларига жойлаштириш йўл хариталари ҳам кўрсатилган.

Бундан ташқари Макка шаҳридаги қирғизистонлик ҳожилар учун махсус тез ёрдам машинаси ҳам ишга кирган.

Ушбу автоулов билан Қирғизистондан борган 16 нафар шифокор соғлиғи ёмонлашган ҳожиларга хизмат кўрсатади.

"Тез ёрдам" машинаси

Сурат манбаси, official

Ҳаж сафари чоғида зиёратчилар таомида муаммо бўлмаслиги учун, уларнинг таъбларига мослаб Маккага Қирғизистоннинг ўзидан сабзовот ва масаллиқлар ҳам олиб борилган.

"Бизнинг ҳожиларга 6 хил таом тайёрланади, кўпчилиги суюқ овқатлардир. Бир кунда 6000 қирғизистонлик ҳожига бир тонна гўшт ишлатилади", - дейилади диний идора маълумотида.

Бу йил таомларни тайёрлаш учун Қирғизистондан Маккага 7 нафар ошпаз борган.

Улардан тўрт нафари ошхонада ишласа, қолган учтаси мехмонхоналарда таомларни тақсимлашни назорат қиладилар.

Ҳар йили Макка ва Мадинага дунёнинг турли бурчакларидан улуғ Ҳаж ибодатини адо этиш учун миллионлаб мусулмонлар келади.

Қурбон Ҳайити ойнинг кўринишига қараб, ҳар йили турли санада белгиланади.

Жорий йилда бу сана 11 августга белгиланган.

Мусулмонлар 10 август куни Арофат тоғига йиғилиб, ибодат қиладилар ва эртаси куни Ҳайит намозини ўқийдилар. Шунингдек, ҳар бир инсон қурбонлик ҳам қилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek