Қашқадарёда ўқитувчи ва талабалар яна пахтага ҳайдалди

Сурат манбаси, BBCUZBEK
Қашқадарё вилоятининг Нишон, Косон, Касби туманларида талабалар, ўқитувчи ва шифокорлар қайта пахта теримига сафарбар қилинган.
Бу ҳақда мажбурий меҳнат мониторинги билан шуғулланаётган маҳаллий фаоллар хабар қилмоқда.
Шу йилнинг 7 октябр куни Қашқадарё вилоятига сафар қилган ҳуқуқ фаоллари Малоҳат Эшонқулова ҳамда Елена Урлаеваларнинг маълум қилишларича, Қашқадарё вилоятининг Нишон туман далаларига, хусусан, Ибн Сино хўжалиги далаларига пахта теримига жалб этилган Шаҳризабз туман шифокорлари жойлаштирилган.
Шунингдек, 19-мактаб рўпара қисмида жойлашган 2-қаватли болалар боғчаси биносида Шаҳрисабздаги пахта йиғим-теримига сафарбар қилинган бир қатор мактаб ўқитувчилари қўним топган.

Сурат манбаси, BBCUZBEK
Малоҳат Эшонқулованинг Би-би-сига айтишича, пахта теримига жалб қилинган ўқитувчи, шифокор ва талабаларга "маҳалладанмиз", "уюшган аҳолимиз", "Фидоий ёшлар отрядиданмиз" деб айтиш борасида қатъий кўрсатма берилган.
"Шу сабаб биз даставвал ўқитувчиларга ҳуқуқбон эканлигимизни очиқ айтмадик. "Биз ёлланма ишчи сифатида ўқитувчиларга ёллангани келдик" десангизгина, ўқитувчилардан хавотир кўтарилиб, эркинлашади, очиқча сўзлашга ўтишади. Биз ана шу усул кўмагида ўқитувчи теримчилар билан ўзоро "тил топишдик". Аниқлик киритишимизча, трактор парки биносига Шаҳрисабздаги 3-,4-, 6-, 83- мактабларнинг пахтага жалб қилинган 86 нафар тўқитувчилари жойлашган экан", -дейди Малоҳат Эшонқулова.
Унинг иқтибос келтиришича, Нишон туманидаги "Самарқанд-3"хўжалиги трактор парки биносида жойлаштирилган ўқитувчилардан бири, 58 ёшли Сайёра опа ҳуқуқ фаолларининг "чарчаб қолмайсизми, опа?" деган саволларига "Кўпга келган тўйда, ўргилай" дея жавоб берган.

Сурат манбаси, BBCUZBEK
Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, Сайёра опа Шаҳрисабздаги 6-мактабда психология фанидан дарс берувчи келинининг ўрнига пахта термоқда.
Ҳуқуқ фаоллари шунингдек, болалар боғчасининг биринчи ва иккинчи қаватига Шаҳрисабздаги 10-, 13, 21-, 43- мактабдан пахта теримига сафарбар этилган ўқитувчилар жойлаштирилганига гувоҳ бўлишган.
"Икки қаватли болалар боғчаси айни дамда ҳам фаолиятда. Маҳаллий аҳолига кўра боғчада кундуз куни боллаар тарбияланади, кечаси пахта теримига жалб этилган ўқитувчилар боғча биносидан ётоқ сифатида фойдаланишади", - дейди Малоҳат Эшонқулова.

Сурат манбаси, BBCUZBEK
"Эски трактор паркида, боғча биносида, 19-мактабнинг эски биносида истиқомат қилаётган ўқитувчилар, мажбурий ижро бўлими ходимлари, ҳашарчиларнинг шароитини кўриб ачинасан киши. Тоза ичимлик суви муаммоси ҳам теримчиларни қийнаб қўйган. Биз ўқитувчилар ювиниш учун, овқатланган идиш-товоқларини ва ёки уст-бошларини ювиш учун сув топа олмай қийналаётганликларига гувоҳ бўлдик.
Нишон туманидаги "Самарқанд-3" посёлкасининг қоронғу кўчаларини кезарканмиз, маҳаллий йигитлар бизга 19-мактабнинг эски биноси пахта теримига жалб этилган мажбурий ижро бўлими ходимларига ётоқ сифатида берилганини айтишди. Биз 19-мактабнинг эски биноси томон қайрилдик. Бу ерда Нишон, Чироқчи, Шаҳрисабз туманидаги мажбурий ижро бўлими ходимлари ўрнига кунига 25 минг сўмга ёлланиб келган Маржона, Юлдуз исимли қизлар билан суҳбатлашдик. Отасининг ўрнига келиб тераётган қизлар эса ўзларини таништиришни исташмади", - дейди ҳуқуқ фаоли.
Селектор
Қашқадарё вилоятига сафар чоғида фаоллар ҳар куни тунги соат 22.00 да Нишон туман ҳокимияти биносида пахтага сафарбар этилган бюджет ташкилоти ходимлари томонидан кунлик режанинг уддаланишига доир селектор йиғилиши бўлиб ўтиши ҳақида хабар топганлар.

Сурат манбаси, BBCUZBEK
"Биз мазкур слекторда иштирок этиш мақсадида Нишон туман ҳокимияти томон йўл олдик. Туман ҳокимияти биносига етиб келганимизда селектор йиғилиши бошланиб кетиган эди", - дея ҳикоя қилади Малоҳат Эшонқулова.
Унинг айтишича, Елена Урлаева чаққонлик билан селектор йиғилишига кириб кетган ва микрофонни олиб, ҳокимга савол берган: "Нима учун ҳукумат қарорига зид равишда Нишон туманидаги "Самарқанд-3" савхози далаларида шаҳрисабзлик ўқитувчи ва Ибн Сино далаларида Шаҳрисабзлик шифокорлар пахта теримига мажбурий жалб қилинган?".

Сурат манбаси, BBCUZBEK
Малоҳат Эшонқулованинг тасвирлашича, мажлислар залида ўтирган вилоят ҳокимининг муовини, туман прокурори, туман ИИБ бошлиғи, залда ўтирган барча бюжет ташкилот раҳбарлари "Альянс" етакчисининг кутилмаган нутқидан аввалига карахт ҳолга тушган бўлса, кейинчалик туман раҳбарларида саросима бошланган.
Туман ҳокими Елена Урлаевани мажлис трибунасига таклиф қилган, ҳуқуқбон ҳокимлар қаторида ўтириб, ўқитувчиларнинг пахта теримига жалб этилган ҳудудлар, улар тунаётган бинолар, шарт-шароитлар хусусида гапириб берган.

Сурат манбаси, BBCUZBEK
Аммо Нишон туман ҳокими Асрор Жўраев "Қанақанги ўқитувчилар? Қаерда экан? Бўлиши мумкинмас. Бизда ҳеч қанақанги ўқитувчилар пахта термайди, жалб ҳам қилинмаган" дея мажбурий меҳнат ҳолларини рад этган.
Қашқадарёга сафар чоғида фаоллар ички ишлар ходимлари томонидан ушланиб, аввалига сўроқ қилиниш учун ИИБ идорасига оли кетилган, аммо ярим йўлда қўйиб юборилган.
Шу йилнинг 21 сентябр куни Бош вазир Абдулла Арипов ўқитувчи ва шифокорларни пахта далаларидан қайтаришга буйруқ берганди.
Буйруқ Президент Мирзиёевнинг Нью-Йоркда Жаҳон Банки Президенти Жим Ёнг Ким билан музокаралари ортидан берилган.
Жаҳон Банки Ўзбекистон раҳбари мамлакатда мажбурий меҳнатни тугатишга ваъда берганини айтган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












