Сочи 2014: Кампирнинг дарди ғозада, қолганларники-чи?

Дунё тарихидаги энг қиммат Қишки Олимпиада Ўйинларининг очилиш маросими арафасида кўпчиликни кимни қандай медал олиши эмас, ўзларини ҳам кулдириб, ҳам ‘йиғлатаётган’ ҳодисалар кўпроқ ўйлантирган.
Ўйинларни ёритиш учун Сочига келган қатор хорижлик журналистлар ўзлари тушган меҳмонхоналардаги хоналарнинг қанчалик аянчли эканидан шикоят этиб, неча кундирки, Твиттерда ҳамманинг "қулоғини қоматга келтиришган".
Меҳмонлардан кимларидир ейиш-ичиш ҳам шундай қиммат бўладими, деяётган бўлса, бошқаси расмий очилиш маросими бошланай, деб турган пайтда ён-атрофдаги чироқларнинг ишламаслигидан таажжубда.
Ғарбда Россиянинг "ҳануз буюклиги"ни кўрсатиш ҳаракати сифатида талқин этилаётган Ўйинларга шундоқ ҳам яқинда минтақада уюштирилган қатор ҳужумлар ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ хавотирлар ҳам ўз соясини ташлаб улгурганди.
Биз ҳозир Сочида бўлган мухбиримиз Рафаэль Сааков билан боғланиб, мезбон шаҳардаги сўнгги вазият ва янграётган шикоятларнинг қанчалик асосли экани билан қизиқдик:
Рафаэль Сааков: Ҳа, ҳақиқатан ҳам шундай. Ҳамкасб журналистларнинг менга айтишларича, меҳмонхоналаридаги аксарият хоналар аянчли аҳволда. Жўмраклардан сап-сариқ сув келаётгани, айримларида, ҳатто, иссиқ сув йўқлигини айтишди. Баъзи хоналарда истиш ускуналари ишламаётган экан. Фаолиятлари учун сув ва ҳаводан зарур эканига қарамай, бошқасида соатлаб интернетга имконият йўқ, дейишди. Кейин хоналар ва ресторан таомномаларида инглиз тилида битилган ёзувлардаги хатолар ҳам кўпчиликнинг кулгусига сабаб бўлмоқда. Бошқаларни эса, розеткаларнинг шундоққина бошингиз тепасида, ёстиғингизга тегадиган қилиб ўрнатилгани ҳайратга солган. Олимпиада қишлоқчасидаги спортчиларга етишмаяпти, деб, ғиринг дейишларига йўл қўймасдан, кўнгилли ишловчиларнинг ёстиқлари йиғиштириб олиб кетилган воқеалар ҳам анчагина гап бўлди. Хуллас, Қишки Олимпиада Ўйинлари пойтахти учун нохуш бўлган бунга ўхшаш ҳодисалар озмунча эмас.
Би-би-си: Шунча хорижлик журналистнинг бу каби шикоятларига масъуллар, Ўйинлар ташкилотчиларининг муносабатлари қандай бўлаяпти?
Рафаэль Сааков: Тез орада ҳаммаси жойида бўлади, дегандек бир гапларни айтишаяпти. Айрим журналистларни эса, хоналари тайёр бўлгунча, хусусий меҳмонхоналарга юборишаяпти. Лекин уларнинг шикоятларига алоҳида бир эътибор бериб, сабабини дуруст-қуруқ изоҳлашаётгани йўқ. Менимча, бундай қилишмаса ҳам керак. Аммо, ҳатто, алоҳида ҳолатлар бўлганида ҳам, бу - катта муаммо. Чунки Олимпиада Ўйинлари каби муҳим тадбирга лозим даражада ҳозирлик кўриш учун ташкилотчилар ихтиёрида етарлича вақт бор эди. Аммо Сочида бир эмас, учта Олимпиада қишлоқчаси бўлса, у ердаги шароитлар яхши. Ҳозирча, бирор бир спортчи шикоят қилгани йўқ. Менимча, Ўйинлар ташкилотчилари ҳам кўпроқ диққатларини айнан шунга қаратишган, шекилли.

Би-би-си: Агар бу каби шикоятларнинг ижтимоий мулоқот тармоқларига чиқиб кетгани назарда тутилса, бу – Россиянинг обрўйига путур етказиши мумкинлиги нега ташкилотчиларнинг эътиборидан четда қолди, деб ўйлайсиз?
Рафаэль Сааков: Менимча, ташкилотчилар бу ҳақда қайғуришаяпти. Аммо, худди шу ўринда, камчиликларга ҳам йўл қўйилаяпти ва улар шундоққина кўриниб турибди. Кимлардир Россиянинг обрўйига путур етказиш учун хорижлик айрим журналистлар атайдан тирноқ остидан кир қидиришаяпти ҳам дейишлари мумкин. Лекин бундай эмас. Агар, ҳаммаси кўнгилдагидек бўлганида, бу ҳақда ҳеч ким бонг урмасди.
Би-би-си: Рафаэль, айнан Ўйинлар сабаб, Сочидаги ресторан, қаҳвахона ва дўконлардаги нарх-наволарнинг ҳам осмонга сапчиб кетганига оид хабарлар бор. Улар қанчалик ҳақиқатга яқин?
Рафаэль Сааков: Ҳа, нархлар ростдан ҳам қиммат. Ҳатто, медиа марказлар, Олимпиада иншоотларининг ўзида ҳам бир овқатланишингиз 10 фунтдан ортиқроққа тушади. Журналистлар тушган меҳмонхоналар ҳудудида эса, қўшиб ҳисобланганда, тушлик ва кечки овқатингизнинг нархи қарийб 40 фунтга боради. Бир томондан, буни ғайриодатий, деб ҳам бўлмайди. Ҳамма Олимпиада Ўйинлари баҳона пул ишлаб қолсам, дейди. Чунки бундай имконият ҳар доим ҳам бўлавермайди.
Би-би-си: Мана, 7 феврал куни XXII Қишки Олимпиада Ўйинлари расман очилади. Ҳозир мезбон Сочидаги кайфият, руҳ қандай?
Рафаэль Сааков: Куни-кеча Сочига Олимпия машъаласи етиб келди. Одамлар машъалани анчайин байрамони руҳда қарши олишди. Шаҳарда вазият осойишта. Жиддий хавфсизлик чоралари кўрилган ва кўрилмоқда. Кўчаларда катта сондаги полиция ходимлари кўзга ташланади. Россиялик масъулларга кўра, ҳаммаси жойида бўлади. Уларнинг ишонтиришларича, бирор бир муаммо юз бермайди. Шаҳар жуда гўзаллашиб кетган. Қурилиш ишлари сабаб бир неча йилдан буён йиғилиб кетган чиқиндилар ҳам ҳозир кўзга ташланмайди. Атрофда ям-яшил пальмалар,.. Қишки Олимпиада Ўйинлари бўлишига қарамасдан, худди ёз дейсиз. Ҳаво ҳарорати +11 даража иссиқ. Қуёш чарақлаб турибди. Демоқчиманки, Сочидаги кайфият ва об-ҳавони кўриб, ҳеч ҳам ҳозир қиш, деб ўйламайсиз.








