|
Майкл Ҳолл: 'Андижонга етаклаган муаммолар ҳамон долзарб' | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Демак, инқирозлар борасидаги башоратлар асоссиз бўлиб чиқмаяптими? Би-би-си ушбу савол билан Ўзбекистонда инқирозлар юз беришидан огоҳлантирган Халқаро Инқироз Гуруҳининг Марказий Осиёдаги вакили Майкл Ҳоллга мурожаат қилган. Майкл Ҳолл: Менимча, ҳозир Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам инсоний инқирозни бошидан кечирмоқда. Андижон воқеаси мавжуд муаммоларни кўрсатганди, холос. Иқтисоддаги инсон меҳнатидан ўта адолатсиз фойдаланиш сиёсати, қийноқларнинг мавжудлиги, биргина иқрорларга асосланиб ўтаётган маҳкамалар, хукуматнинг қуролига айланган адлия тизими, хавфсизлик хизматларининг таъқиблари каби омиллар Андижон воқеаларидан илгари қандай бўлса, ҳозир ҳам худди ўшандайлигича қолмоқда. Аммо бу муаммолар ҳақида гапирилмаётганига сабаб - бу энди Андижон воқеалари пайти ҳукуматнинг аксар қуролсиз одамларга қарши қилган қуролли жавоби туфайлидир. Яъни, ҳукумат ҳар қанақа норозилик амалларини шафқатсизлик билан, аямасдан бостирамиз, деган муждани тарқатди. Хуллас, Андижон туфайли инсонларда қўрқув шунчалик кучайдики, мен, масалан, келаси яқин йиллар ичида ҳеч қанақа оммавий норозилик амаллари ва ё чиқишларини кутаётганим ҳам йўқ. Би-би-си: Андижон хунрезлиги Ўзбекистонда ўчмас қўрқув уруғини экди, деяпсиз. Демак, жорий ҳукумат ўзи истаганча ҳаракат қила билишини ва бу ўринда ҳеч қандай ташқи ва ё ички босимларга бўйин эгмаслигини намоён қилмоқда. Бу воқелик энди бутун минтақа сиёсатига ҳам таъсир этмай қолмайдими? Майкл Ҳолл: Минтақавий доирада Андижон воқеалари яқиндан кузатилди. Ўша пайтлари халқаро ҳамжамият, хусусан, Оврўпо ва АҚШ тарафи Ўзбек ҳукуматининг Андижон воқеаларидаги ҳаракатларини қоралаши ортидан, Тошкентга қарши ўта қаттиқ ва кескин чораларни қўллашар, деб кутилганди. Аммо ҳали икки йил тўлар-тўлмас, Оврўподаги айрим давлатлар Ўзбекистон ҳукумати билан одатий алоқаларни тиклайлик, деб баҳс юритяптилар. Бу каби воқелар эса минтақа бўйлаб битта хабарни тарқатмоқда. Бу ҳам эса - Андижон воқеалари каби инсон ҳуқуқларининг шафқатсиз топталиши ўз пайтида қораланиши мумкин, аммо масъул бўлган тузумлар учун узоқ муддатли салбий оқибатларга етакламайди. Би-би-си: Шу қаторда сиз санаётган турфа муаммолар туфайли Ўзбекистонда инқироз кечаётган бўлса, бу жараён абадул-абад сезиларсиз кетмай, барибир, қандайдир ярадек очилиб кетиши керак эмасмиди? Аммо жорий ҳукумат анчайин мустаҳкам кўринмайдими? Майкл Ҳолл: Бизни бир савол хавотирга солади: Хўш, Ислом Каримов сиёсий саҳнадан кетганидан кейин нима бўлади? Бундайин бир эҳтимолий ҳолатда нафақат Ўзбекистоннинг келажакдаги барқарорлиги, балки бутун Марказий Осиёдаги тинчлик хавф остида қолади-ку?! Чунки Андижон воқеасига етаклаган сабаблар ҳали ҳамон долзарблигини йўқотмаган. Одамларнинг қалбидаги ғазаб, ва ҳатто, нафрат ҳам кун сайин кучаймоқда. Хуллас, ҳозирги кучли тузум ортидан нима кутиш мумкин? Ўзбекистон аҳоли сони жиҳатидан минтақадаги энг катта мамлакат. Ана шу кўп сонли аҳоли эса ҳозир ўта ғазабга тўлган ҳамда норози. Мамлакат сиёсатидаги ҳукмифармонлар орасида ҳам жуда катта бўлиниш мавжуд. Шу қаторда Ўзбекистондаги яширин исломий ҳаракатларни ҳам эсда тутиш лозим. Би-би-си: Дарвоқе, худди шу каби хавотирлар ва башоратлар илгари бир неча бор Туркманистон борасида ҳам айтилганди. Лекин, Туркманбоши ўлимидан кейин бу мамлакат ҳеч қанақа инқирозга юз тутмади, у ерда бошбошдоқлик ҳам юзага келмади. Қайтага бир қатор ижобий ўзгаришлар, илгари силжишлар кузатилаяпти-ку? Майкл Ҳолл: Кўпчилик, ўта яккаҳоким ва зулмкор раҳбар ортидан ижобий ўзгаришларга юз тутган мамлакат сифатида ҳозир Туркманистонни мисол қилиб келтиришмоқда. Аммо бу икки давлат орасида каттагина фарқлар бор. Аввало, Туркманистондаги аҳоли сони Ўзбекистон билан солиштирганда жуда кам. Шу қаторда аксарият туркманистонликлар президент Ниёзовнинг сиёсатини қабул қилишганини ҳам айтиб ўтиш лозим. Афсуски, Ўзбекистонда бундай эмас. Ўзбекистонда турли сиёсий кучлар, қудратли иқтисодий гуруҳлар мавжуд. Бу мамлакатда радикал исломчилар яширин ҳаракат қилишади ва, айни пайтда, мамлакат халқи ҳам ўта норози. Хуллас, Ўзбекистондаги аҳвол анча мураккаб ва хатарнок. Мазкур жиҳатларга қараб, Ўзбекистонда ҳам худди Туркманистондагига ўхшаб силлиқ ва тинч ўзгаришлар кечишига ишониш мумкин эмас. Албатта, мен Ўзбекистонда тинчлик бўлишини, барчаси силлиқ кечишини истардим, аммо шу истагим ҳақиқатга айланади, деб айтишга асос топа олмаяпман. Би-би-си: Мана ҳозирда Оврўпо Иттифоқи марказий Осиёга нисбатан янгича стратегия ишлаб чиқмоқда, оврўполиклар минтақанинг ўзлари учун муҳимлигини тан олишаяпти. Балки, Оврўпонинг янгича муносабати ва минтақа билан мулоқотни яхшилаш ҳаракатлари ортидан Ўзбекистонда ҳам силлиқ ижобий ўзгаришларга имконият яралар? Майкл Ҳолл: Келинг, аввало мен ўзим ҳам мулоқот тарафдори эканлигимни таъкидласам... Лекин агар бирон мева бермаса, ҳар қанақа мулоқот ҳам аҳамиятсиз бўлиб қолаверади. Мана, Вашингтон ва Тошкент апоқ-чапоқ бўлган йилларни эслайлик. Ахир америкаликлар йиллар давомида ана шу мулоқотни ушлаб туришга интилдилар-ку? Натижа эса Андижон воқеаси бўлди. Афсуски, ҳозир Ўзбекистон ҳукумати бу мулоқотга интилмоқда, деб бўлмайди. Ўйлаб кўринг, иккита одам суҳбатлашганда нуқул уларнинг биттаси гапираверса, бу энди мулоқот эмас, монолог бўлади-ку! Ўзбек ҳукумати ҳам бирон истаги бўлса, уни намоён қилсин. Қани, Қизил Хоч ташкилотининг ҳибсхоналарга киришига изн берсин. Ёки не боис инсон ҳуқуқлари фаолларини маҳкамаларга тортаяпти?! Хуллас, мен мулоқотни ёқлайман, аммо бу мулоқот бемаъни бўлмаслиги лозим. Би-би-си: Мана Ғарб Қозоғистон билан, ва ҳатто Туркманистон билан ҳам яқин алоқаларин ўрнатишга интилмоқда. Бошқа томондан, бу давлатларда мўътадилроқ сиёсий муҳит юзага келиши эҳтимоллари ҳам йўқ эмас. Шундай ҳолатда, икки қўшнисидаги ўзгаришлар Ўзбекистонни ҳеч бўлмаганда бироз иқтисодий тараққиёт учун йўл очишга ундамайдими? Майкл Ҳолл: Агар инсонлар ўз яшаш шароитларини яхшилаш имконига эга бўлишмаса, барқарорлик йўлидаги иқтисодий ўзгаришлар ҳеч нимани англатмайди. Қозоғистонда ҳам қашшоқлик бор, аммо у ердаги одамлар эртага ҳаётлари яхшиланишига ишонадилар. Туркманистонда эса узоқ йиллар газдан келган даромад халққа етмай келди. Аммо мана энди оддий туркманлар ҳам газдан тушадиган пулдан фойда кўришлари аломатлари бўй бермоқда. Ўзбекистон макроиқтисодиётидаги ошаётган ялпи ички маҳсулот эса одамлар учун ҳеч нимани англатмайди. Дейлик, газ, олтин ва пахта ортидан келадиган даромадни олсак, бу пуллар инсонлар ҳаётига ўзгаришлар келтирмаяпти. Одамлар "бу бойликларнинг пули ортидан ҳаётим яхшиланади", дейдиган вақт етсагина бу мамлакатдаги аҳвол яхши тарафга ўзгаради. Хуллас, Қозоғистон ва ҳаттоки, ҳозирги Туркманистондан ҳам фарқли тарзда, Ўзбекистондаги иқтисодий ўсиш мамлакатдаги танглик ва минтақадаги беқарорликни бартараф этишга ижобий таъсир кўрсата олмайди. |
ИЧКИ САҲИФАЛАР Каримов:Андижон воқеалари хорижда тайёрланган29 Июн, 2005 | Bosh Sahifa Райс: 'ҳарбий база овозимизни бўғолмайди'17 Июн, 2005 | Bosh Sahifa Хюман Райтс Уотч ҳисоботи 07 Июн, 2005 | Bosh Sahifa Халқаро тергов чақириқлари18 Май, 2005 | Bosh Sahifa Андижонга ҳукумат уюштирган сафар18 Май, 2005 | Bosh Sahifa Андижонда 'қирғин' иддаоси 17 Май, 2005 | Bosh Sahifa Андижон:вазият кескин, қурбонлар сони ортмоқда13 Май, 2005 | Bosh Sahifa Андижонда маҳкама ишидан норозилик намойиши10 Май, 2005 | Bosh Sahifa | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||