|
Бобур майдони: Гувоҳ журналистларнинг ҳикоялари-Мақсуд | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Би-би-си Бобур майдонидаги отишманинг гувоҳи бўлган журналистлардан кўрган-билганларини ҳикоя қилишни сўраган. Журналистларнинг исми уларнинг хавфсизлиги нуқтаи назаридан ўзгартирилган. Мақсуд: - Тушга яқин мен тор кўчалар оралаб вилоят ҳокимияти олдидаги майдон четидан чиқдим. Чап томонда ўтган аср рус услубида қурилган, сариққа бўялган театр биносининг бир қисми ёниб бўлган, бурқсиб қора тутун чиқарди. Бобур ҳайкали ёнида минглаб одам йиғилган, бошига оқ "ҳожи дўппи" кийган кекса одам мегафондан халққа гапирарди. Ҳаётнинг чидаб бўлмаслиги, ёшларга иш йўқлиги, иқтисодий эркинлик йўқлиги ва порахўрлик авж олиб, раҳбарлар халқ бойлигини чўнтагига ураётгани ҳақида гапирарди у одам. Ҳокимият биносига кириш дарвозаси атрофидаги йигитларнинг аксарияти қўлида Калашников автомати ва ёки Макаров пистолети тутган эди. Ҳовли ичида бир тўда қуролли одамлар ерга ётқизилган бетон плиталарни кўчириб, ҳокимият ҳовлисини ўраб турган темир панжаралар остига тахлаб қўярди. Улар баррикада ясаётган эди. Ҳокимият биносининг орқа томонидаги гулзор четида эса 15 чоғли оломон бир ўликнинг атрофида тўпланишиб, унинг кимлигини аниқлашга ҳаракат қиларди, улардан бири мурдани ёпишга мато қидирарди. Бу пайтда эса ўнлаб болалар кўча ўртасида қолиб кетган ўт ўчириш машинаси устига чиқиб олиб, уни тепкилаб ойналарини синдириб ўйнашарди. Берироқда эса бир неча киши "Дамас" машинаси ичини тош билан тўлдирарди. Бу йўлни тўсиш учун қилинаётган эди. Ҳукумат қўшинлари штурмига қарши тайёргарлик кетаётганини Майдонда ҳамон нутқ янграрди, баъзан бу нутқлар ғазабнок чақириқ, баъзан қарғиш ва гоҳида лаънатлаш тусини оларди. Бир аёл эркакларнинг кўчага чиқиб ишлай олмай қолгани, уларнинг топган пулини орган ходимлари юлиб олиши, шу боис фақат аёллар кўчага чиқиб ишлаётгани ҳақида куйиниб гапирарди. Одамлар сони тобора кўпайиб борарди. Майдоннинг Навоий кўчасига туташ жойида "Нексия" автомбили ёниб ётар, яна бештаси куйиб бўлган, фақат темир устихонлари қолганди. Кўча тўла одам, кимлардир майдон томон, бошқалари аксинча, ғарбга қараб кетишарди. Соат бешга яқинлашиб қолганда Навоий кўчаси бошида бир бронетранспортёр ва унинг ортидан ҳарбий юк машинаси марказ томон кела бошлади. Бир неча дақиқадан сўнг бу икки ҳарбий машина ёнимиздан ўтиб кетди. Иккинчи, усти мато билан ёпилган юк машинасининг ичи қуролларини шай тутган аскарларга тўла эди. Улар майдон яқинидан ўтганда оломон орасида ғала-ғовур кўтарилди ва мегафондан ҳам одамларнинг тарқалиб кетмасликка чорловлар кучайди. "Тарқалманглар, агар тарқалсангизлар битта-битта отиб ташлашади. Ҳаммамиз бирга турсак отолмайди," дея оломонга мурожаат қиларди бир кекса киши. Майдон четидаги ёш яланг йигитлар ғазабнок бўлиб бояги ёндириб ташланган машиналардан баррикада ясаш учун уларни йўлнинг ўртасига сура бошлади. Шу пайт яна бир "Зил" русумли ҳарбий машина кўча бошида пайдо бўлди ва оломон томон кела бошлади. Мен оломондан узоқроқда туриш учун йўлнинг қарши томонига ўтдим. Қасир-қусур овоз тинмасди, автоматлар тинимсиз тарилларди. Қайси томонга отилаётганини англаб бўлмасди. Билардимки, бошларимиз учра ўқлар чувиллаб учиб ўтарди. Гўёки бутун борлиқда автомат ўқлари чийиллаб учиб юрарди. Бу отишма беш-олти дақиқа давом этди ва ҳарбий машина биздан узоқлаша бошлади. Лекин бу пайтда майдоннинг бошқа четидаги, аввалроқ етиб келган ҳарбий машиналар ҳам ўқ отишни бошлаганди. Ёнимиздаги машина узоқлашгач, биз ўрнимиздан туриб қоча бошладик. Мен ўрнимдан тураётиб ёнимда ётган одамнинг бошидан ўқ еб ўлиб ётганини кўрдим. Мурданинг бош мияси ташқарига отилиб чиққанди. Йўлакда қора қуюқ қондан кўлмак ҳосил бўлганди. Новча, қорачадан келган, сочлари бироз жингалак йигит ўликни кўриб, "Отишяпти, қуролсиз одамларни отишяпти, одамларни ўлдиришяпти", дея Афтидан бу йигит ўлган одамнинг шериги бўлса керак. У ердан тош олиб йўл бўйидаги ойналари қорайтирилган серҳашам бинога қараб отди. Ойна чил-чил синди ва шундан сўнг у қоча бошлади. Мен ҳам жон сақлаш умидида тор кўчага ўзини урган бир гуруҳ оломон ортидан югурдим. Шунда яна икки-уч ярадор кишига кўзим тушди. Улардан бири 14 ёш атрофидаги ўспирин эди. Унинг чап оёғидан қон оқиб, пойабзали қонга тўлган, лекин афтидан унинг ўзи ҳали нима бўлганини англаб етмаган кўринар ва оғриқни ҳам сезмаётгандек эди. Одамлар яна бир елкасидан яраланган кишини ҳам маҳалла ичига олиб кириб кетишди. Булар майдоннинг бир четида бўлган воқеалар эди, майдоннинг ўзида, асосий нишонга олинган жойда нималар бўлгани менга қоронғу эди. Ва бу ҳали бошланиши эди... Орадан 4 ой ўтгач, худди шу "Зил" ҳарбий машинасида бўлган аскарлардан бири Тошкентда ўтган судда гувоҳ ва жабрланувчи сифатида кўрсатма берар экан, машинада атиги 15 нафар аскар бўлгани ва улар штурм учун эмас, балки Сойда назорат нуқтаси ўрнатиш учун кетаётиб, ҳокимият биноси олдидан тасодифан ўтиб қолганда қуролли одамлар томонидан ўққа тутилгани ва унинг ўзи оёғидан яраланганини айтади. Ҳакамнинг "Аскарлар қуролли кишиларга қараб ўқ уздими?", деган саволига у "Йўқ, бизга отиш ҳақида буйруқ бўлмади ва биз ўқ узмадик, бизни ўққа тутишди," деб жавоб берди. | ИЧКИ САҲИФАЛАР Бобур майдони: Гувоҳ журналистларнинг ҳикоялари11 Май, 2006 | Bosh Sahifa Бобур майдони: Гувоҳ журналистларнинг ҳикоялари10 Май, 2006 | Bosh Sahifa | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||