Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 10 Май, 2006 - Published 14:13 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Бобур майдони: Гувоҳ журналистларнинг ҳикоялари-Собир
Ўзбек аскарлари
Ўзбекистон ҳукумати Андижон ҳодисалари мобайнидаги фуқаро қурбонлари террорчилар томонидан бошлаб юборилган отишма оқибатида ҳалок бўлганлар, дея тақдим этар экан, гувоҳлар отишмага ҳукумат кучлари ибтидо берган, деб айтадилар.

Би-би-си Бобур майдонидаги отишманинг гувоҳи бўлган журналистлардан кўрган-билганларини ҳикоя қилишни сўраган. Журналистларнинг исми уларнинг хавфсизлиги нуқтаи назаридан ўзгартирилган.

 Навоий шоҳкўчаси чўп тиқилган чумоли уясини эслатарди. Майдон томон юзлаб одамлар оқими тўхтамасди. Бу одамларнинг бари, ёшу қари, болалару чоллар, аёллар...
Собир

Собир - Андижонда ўша кунлар ғалати бир ҳолат ҳукмрон эди. Кимдан "Акромийлар" ҳақида сўраманг, сизга шаҳар маҳкамаси биносини кўрсатишарди. У ерда 23 тадбиркорнинг диний экстремизм айблари билан иши кўриларди. Иш чўзилгандан чўзилиб борарди.

Ҳукм чиқишидан аввалроқ маҳкама ўз ишида танаффус эълон қилди. Бир неча ҳафтадан бери маҳкама биноси олдида тинч намойишлар ўтказаётган минглаб андижонликлар тарқалишди.

13 май эрта тонгда эса Андижондаги ҳарбий қисмга ҳужум бўлгани ва шаҳар қамоқхонасидан маҳбуслар озод этилгани ҳақида хабар тарқалди.

Эрталабдан Навоий кўчасига кириш йўллари юк машиналари билан тўсиб қўйилганди.

Соат тўққизга яқинлашиб қолганида бизнинг ёнимиздан қарама-қарши томонга аскарлар тушган ҳарбий юк машиналари ва "Ленд Ровер" русумидаги жип машиналар ўтиб кетишди. Улар қуролларини шай ушлаб олгандилар.

Навоий шоҳкўчаси чўп тиқилган чумоли уясини эслатарди. Майдон томон юзлаб одамлар оқими тўхтамасди. Бу одамларнинг бари, ёшу қари, болалару чоллар, аёллар - ишқилиб улар оддий андижонликларга ўхшашарди. Нима бўлаяпти экан деб қизиққан одамлар...

 Соат олтиларга келиб майдон ёнидан бир юк машинаси ва бир бронетранспортёр ўтди. Оломон жунбушга келди. Бир неча дақиқадан кейин яна бир "Урал" машинаси майдонга яқинлашиб кела бошлади
Собир

Миллий Хавфсизлик хизмати биносининг ёнида ётган икки жасад атрофида бир неча одамлар юришарди.

Бир неча бронетранспортёр эса пулемётларини йўловчиларга тўғрилаб у ёқдан бу ёққа юрарди.

Шаҳарда ёнган машиналарнинг устихонларини кўриш мумкин ва умуман, гўё ҳокимият ағдарилгандай эди... Бирорта ҳам милиция кийимидаги одам йўқ эди. Улар беркиниб олгандилар.

Улардан баъзилари шаҳар ички ишлар биноси ҳовлисида бир-бирларига қунишиб туришарди. Барчаси қуролланганди.

Ишғол қилинган вилоят ҳокимлиги биноси қаршисида икки мингга яқин одам тўпланганди. Аёллар ва болалар кўп эди. Эркаклар уларни ўраб олишганди.

Кечқурун соат тўртларга яқин ҳокимият атрофидаги қуролланган одамлар ғишту нимарсалардан баррикадалар ясай бошлашди. Одамлар кўпайиб борарди. Ҳисобларимга кўра, майдонда ўн мингча одам бор эди. Соат олтиларга келиб майдон ёнидан бир юк машинаси ва бир бронетранспортёр ўтди. Оломон жунбушга келди. Бир неча дақиқадан кейин яна бир "Урал" машинаси майдонга яқинлашиб кела бошлади. Мен хавфсизроқ жойга ўтмоқчи бўлдим.

 Майдондан бир чақиримча берироқда мактаб ёнида бу одамларнинг қочадиган йўли қолмаган. Уларнинг орқасида ҳукумат қўшинлари ўт очганлар. Автоматлар қатори йирик калибрли оғир қуроллар ишга солинган. Кейинроқ биргина шу жойда камида 200 киши ўлдирилгани айтилди
Собир

Шу хаёл билан йўлакчага қадам қўйганим билан юк машинаси тўхтади. Шундоққина бир неча қадам нарида... Ўқ ўтказмайдиган камзуллар кийиб олган аскарлар икки томонга ҳам қақшатқич ўт очишарди. Бизга ҳам, майдондаги одамларга ҳам... Асфальтга ўзимни ташларканман, жойида қотиб қолган бир эркакни кўрдим. Орадан бир мунча вақт ўтди.

Отишма тингандай бўлди. Юк машинаси секин орқага жила бошлади. Биз қоча бошладик. Мендан уч қадам нарида эса бояги эркак ётарди. У калласидан ўқ еганди. Унинг боши остидан қон ариқча бўлиб оқарди... Майдондан бир юз эллик қадамча узоқроққа қочишга улгурдим. Ваҳимага тушган одамлар тўдаси кела бошлади. Улар, биз ўликларни кўрдик, дейишарди. Бир ўсмир, менинг кўз ўнгимда бир эркакни ўлдиришди, дерди... Майдондан тинимсиз ўқ овозлари эшитиларди.

Мен ўзим камида бешта ҳарбий юк машинасини кўрдим, уларнинг ортидан эса бронетранспортёр майдон томонга йўл олганди.

Қоча-қоча яна том маънода қирғин кетаётган жойга яқин келиб қолдим. Кейинроқ эса бу қуролланган исёнкорлар гаровга олинганлар ва яна бошқа кўплаб одамлар билан майдондан Чўлпон кўчаси бўйлаб қочишаётганини билдим. Майдондан бир чақиримча берироқда мактаб ёнида бу одамларнинг қочадиган йўли қолмаган. Уларнинг орқасида ҳукумат қўшинлари ўт очганлар. Автоматлар қатори йирик калибрли оғир қуроллар ишга солинган. Кейинроқ биргина шу жойда камида 200 киши ўлдирилгани айтилди. Гувоҳларга кўра, эртасига тонгда бир неча юк машиналарига шоша-пиша жасадларни ортишган ва номаълум томонга олиб кетганлар. Ўша куни ёққан ёмғир ҳам қон кўлмакларни, мия бўлаклари ва одамларнинг ичак-чавоқларини ювиб кетолмаган эди.

Туни билан отишма овозлари тинмади.
Эртаси куни йўлимиз вилоят шифохонасига тушди. Бинонинг орқа эшикларидан чиққан шифокор, қурбонлар ва яраланганлар сони жуда жуда кўп эканини, касалхонада эса яраланган ҳомиладор аёл устидан жарроҳлик амалиёти кечаётганини айтди.

Отишма овозлари тинмасди. Бир аёл бизга, аскарлар осмонга ўқ узиб одамларни кўчага чиқармаслик ҳаракатига тушишган, дерди...

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
ИЧКИ САҲИФАЛАР
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy