Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 11 Май, 2006 - Published 16:10 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Бобур майдони: Гувоҳ журналистларнинг ҳикоялари - Ҳусан
Ўзбек аскарлари
Ўзбекистон ҳукумати Андижон ҳодисалари мобайнидаги фуқаро қурбонлари террорчилар томонидан бошлаб юборилган отишма оқибатида ҳалок бўлганлар, дея тақдим этар экан, гувоҳлар отишмага ҳукумат кучлари ибтидо берган, деб айтадилар.

Би-би-си Бобур майдонидаги ҳодисаларнинг гувоҳи бўлган журналистлардан кўрган-билганларини ҳикоя қилишни сўраган. Журналистларнинг исми уларнинг хавфсизлиги нуқтаи назаридан ўзгартирилган.

12 майдан 13 майга ўтар кечаси

Ҳусан -Тунги соат 1 лар чамасида дабдурустдан қўл телефонимга қўнғироқ бўлди. Тошкентдаги ҳамкасбларимдан бири эди. "Андижонингда нимадир бўляпти, отишмалар тўғрисида хабар келяпти", деган гапларини дастлаб англамадим. Аввал ҳарбий ҳаво қўшинлари гарнизони бўлган жой яқинида яшайдиган танишларимга телефон қилдим. Уларнинг айтишича, ҳарбий қисмда ҳақиқий жанглар бўлаётган, аскарлар жон аччиғида қўшни уйларда яширинишга уринаётган экан. Сўнгра Андижон қамоқхонасига ёндош жойда истиқомат қилувчи бошқа танишлар қамоқхонага ҳам қуролли ҳужум бўлганини тасдиқлашди, тартибсиз отишмаларда йўловчи машина ҳайдовчиси ҳалок бўлгани маълум бўлди.

 Зайнобиддинов интернетдаги чиқишларида бу тадбиркорлар асло зўравонликни ёқламасликларини, аксинча улар аҳолининг ночор табақаларига мунтазам кўмак бериб келаётганларини уқдирар эди
Ҳусан

Андижон кўчаларида ўқ овозлари тинмай эшитилар экан, кўпларнинг тинчлиги бузилган, кўп қаватли уйларда ёнмаган чироқ деярли қолмаган эди. Аммо асосий савол жавобсиз эди - қандай кучлар бундай ҳаракатга қўл уришди? Хорижий матбуотда кенг ёритилаётган шу кунлардаги маҳкама жараёни кўп ҳамкасблар диққат марказида турган бўлсада, расмийлар томонидан "акромийлар" деб ном қўйилган андижонлик тадбиркорларнинг бундай кескин ҳаракатга, қуролли қўзғолонга қўл уришлари мумкинлиги хаёлий бир тахмин каби туйиларди. Айни тахмин маҳкама жараёнида айбланувчиларнинг жамоатчи ҳимоячиси сифатида иштирок қилган Саиджаҳон Зайнобиддинов билан сўзлаша олганимдан сўнг аниқлашди. Унинг алам устида менга айтган дастлабки сўзлари айнан мана булар бўлди: "Одамларни шунчаликка олиб келган ҳукуматга минг лаънат, сабр қилмасдан бош кўтарганларни ҳам ёқламайман".

Саиджаҳон Зайнобиддинов "акромийлар" деб аталган тадбиркорларнинг "ғоявий раҳнамоси" сифатида тақдим этилаётган Акром Йўлдошевнинг "Иймонга йўл" рисоласини тадқиқ этган ва интернет саҳифаларидаги чиқишларида бу тадбиркорлар асло зўравонликни ёқламасликларини, аксинча улар аҳолининг ночор табақаларига мунтазам кўмак бериб келаётганларини уқдирар эди. Барча учун буткул тасодиф бўлган ўша дамдаги унинг мана бу сўзларини ҳам тушуниш мумкин эди: "Бизнинг уларни ("акромийлар"ни) ҳимоя қилиб шунча елиб-югурганларимиз бир пул бўлди."

 уйғонмаган андижонликларни шаҳар четидаги аэропортга келиб қўнаётган улкан ҳарбий транспорт учоқларининг ноодатий овозлари буткул оёққа турғизди
Ҳусан

Ҳаракат қилаётган кучлар, уларнинг ўзлари кейинчалик айтганидек, сўнгги чорага умид боғлаган "акромийлар" деб аталган (тадбиркорлар бу номланишни кескин инкор қилиб келишади, уларга бундай ном ўзбек расмийлари томонидан тақалганини таъкидлашади) тадбиркорлар тарафкашлари эди. С. Зайнобиддинов кейинроқ бу тахминни инкор қилади. Унинг ишонишича, ўта муҳим объектларни қўлга киритиш учун давлат тизимлари тасарруфида бўлган махсус кучларгина ҳаракат қилган бўлиши лозим ёхуд маҳкаманинг адолатли ҳукм чиқаришидан умидини узиб, чорасиз қолган "акромийлар"нинг ҳаракатлари мақсадли тарзда махсус йўналтириб турилган. Хуллас, ўша тун шаҳарнинг турли қисмларида яшайдиган таниш-билишларга қўнғироқ қилиб тинмадим. Уларнинг ҳаммаси аллақачон уйқуни тарк этган, кўплар шаҳарда нима бўлаётганини тушунмасди. Бу орада эса гоҳ суст, гоҳ муттасил ўқ овозлари эшитилиб турарди (кейинроқ маълум бўлишича, қамоқхонадан маҳбусларни озод қилган қуролли гуруҳ йўл-йўлакай Навоий шоҳкўчасида жойлашган ички ишлар ва миллий хавфсизлик хизмати бошқармалари қаршисида отишмага дуч келган эди). Вазиятга ойдинлик киритиш учун фақат тонг отишини кутишдан бошқа чора йўқ эди.

Шу тунда отилаётган олис ўқ овозларидан уйғонмаган айрим андижонликларни шаҳар четидаги аэропортга келиб қўнаётган улкан ҳарбий транспорт учоқларининг ноодатий овозлари буткул оёққа турғизди. Чиндан ҳам Андижонга бошқа вилоятлардан махсус қўшинлар ва ҳарбий техника ташланганига шубҳа йўқ эди. Кўчаларда Фарғона томондан келаётган БМП ва БТРлар колоннаси пайдо бўлганди.

13 май эрталаб

 мен бу қуроллилар махсус хизмат одамлари экани, тунда қамоқхонага ҳужум қилган гуруҳ қўлга олинганидан сўнг эса улар сўнгги ўтинч сифатида журналистлар билан суҳбатлашишни сўрашган бўлиши керак, деган ишончда эдим
Ҳусан

Тонг ғира-ширасида бу тунги воқеаларни ўрганиш учун қамоқхона ва ҳарбий қисм томонга отландим. Кўчаларда транспорт қатнови сийраклашган, кўплар иш жойларига пиёда етиб бориш пайида эди. Одамларнинг юзларидан хавотир ва тушунмасликни уқиш мумкин эди. Йўл четида машина пойлаб ярим соатлар қолиб кетдим. Соат 6 30 лар чамаси қўл телефонимга қўнғироқ бўлди. Ўзини Шарифжон Шокиров деб таништирган йигит "Ака, агар ҳақиқий вазиятни биринчи манбадан билмоқчи бўлсангиз, тезда вилоят ҳокимлигига етиб келинг. Биз бу ерда матбуот конференцияси уюштирамиз." деб хабар қилди. Бир амаллаб такси тутиб, ҳайдовчини одатдагидан кўпроқ кира ҳақига рози қилиб, ҳокимлик томон кетдим. Кўчаларда одамлар оқими одатдагидан кўп эди, уларнинг аксари эски шаҳарга йўл олишганди.

Такси эгасини ҳар қанча қистасам ҳам Ички ишлар бошқармаси ва Миллий хавфсизлик хизмати жойлашган ва бу тунги асосий воқеалар бўлиб ўтган Навоий шоҳкўчаси бўйлаб юришни истамади. Аслида ҳам бу кўча бошланишига блокпостлар қўйилган, тўсиқлар ортида қуроллилар кўринарди. Шу тариқа ҳокимиятга орқа томондаги айлана йўл билан боришга тўғри келди. Манзилга 100 қадамлар чамаси қоларкан, ҳайдовчи хавотирлана бошлади:
- "Кўряпсизми анави йигитларни, автоматлар билан туришибди. Яхшиси, шу ердан қайта қолайлик." У гапини тугатмасидан автомат ушлаган икки йигит биз томонга қурол тўғрилаб югуриб келишди. Биз машина ичида ўтирарканмиз, жондан умидимиз бўлса, қимирламаслигимизни ва ҳужжатларни кўрсатишимизни буюришди. Ҳайдовчининг эсхонаси чиқиб кетган, тили калимага келмасди. Ўзимнинг ҳам ҳолатим яхши эмасди - пешонамга тўғриланган қурол қаршисида қолгандим. Ҳарқалай ўзимни қўлга олиб, гувоҳномамни кўрсатиб, журналист эканимни, бу ерга Шарифжон исмли йигит матбуот анжуманига таклиф қилганини айтдим.

 менга айтишларича, бир соатлар аввал, яъни эрталабки соат 6 ларга яқин бир неча бор БТРлардан оломонга ўқ узиб кетилган, натижада 5-6 олти чоғли одам ҳалок бўлган
Ҳусан

Шундан сўнг қуроллилар машинадан ташқарида сабр қилиб туришимизни тайинлаб, телефонда кимлар биландир гаплашишди. Бирор ўн дақиқалардан сўнг қўлида тўппонча тутган қирқ ёшлардаги йигит, афтидан журналист эканимга ишонч ҳосил қилган шекилли, бирга юришимни айтди. Ҳақиқат шуки, мен охирги дақиқаларга қадар бу қуроллилар махсус хизмат одамлари экани, тунда қамоқхонага ҳужум қилган гуруҳ қўлга олинганидан сўнг эса улар сўнгги ўтинч сифатида журналистлар билан суҳбатлашишни сўрашган бўлиши керак, деган ишончда эдим.

Ҳокимиятни ўраб турган панжара томон яқинлашарканман, шундоққина рўпарада жойлашган Йўлдош Охунбобоев номли вилоят мусиқали драма театри биносига ўт қўйилганини кўрдим. Бинодан қуюқ тутун ўрлаётган эди. Кўчанинг нариги томонидаги Аббос Бакиров номли кинотеатр ҳам тутун исканжасида эди. Мени қўриқлаб келаётган йигитлардан бу ҳақда сўраб улгурмасимдан, "ака, -деди,- агар ҳақиқатни ёзаман десангиз, билиб қўйинг, бу биноларга биз ўт қўймадик. Буларнинг ҳаммаси милициянинг иши. Улар атай шундай қилиб, бор ишни бизга ағдаришмоқчи." Умуман, ҳокимиятга элтувчи йўллар енгил машиналар, автобус ва ўт ўчириш машинаси билан тўсиб қўйилган эди. Буни ҳам қуроллилар ҳукумат кучлари томонидан кутилаётган ҳужумдан ҳимоя сифатида тушунтиришди. Панжара ортида ҳам бетон плиталардан қўлбола тўсиқ тикланаётган, дарахтлар панасида эса 2-3 нафардан қуролли йигитлар мудофаада туришган эди. Уларнинг яна менга айтишларича, бир соатлар аввал, яъни эрталабки соат 6 ларга яқин бир неча бор БТРлардан оломонга ўқ узиб кетилган, натижада 5-6 олти чоғли одам ҳалок бўлган эди. Ўлганлар орасида ёш болалар ҳам бўлганлигини ўз кўзим билан кўрдим - 12-13 ёшлар чамасидаги бола жасади ҳокимият атрофидаги йўлак четига олиб қўйилган эди.

 Оддий андижонликлар биринчи маротаба, ўзлари айтмоқчи, ҳақ- ҳуқуқларини талаб қилиб, тирикчиликни ўнглашни ҳукуматдан очиқ-ойдин ва бу қадар миқёсда талаб қилиб чиқишган эди
Ҳусан

Ҳамроҳларимдан қурол кўтариб чиқиш оқибатлари ҳақида қандай фикрда эканларини сўрайман. "Мана бу пистолет ва автоматларни халққа пистирмадан ўқ отаётган аскарлардан тортиб олдик, ака, - дейди улар. - Ҳозиргача 5 снайперни қўлга туширдик. Мана бу ёш болани ҳам улар отиб ташлашди."
Бобур майдони томон юрарканман, бу ерда тумонат одам тўпланганини кўрдим. Aтрофдаги чорраҳалар ҳам халойиқ билан лиқ тўлган эди. Aтрофларда автомат ва тўппончалар билан қуролланган йигитлар кўринса-да, йиғилганларнинг асосий қисми оддий одамлар эди, айниқса томошага ўч ёш болалар ва ўспиринларнинг кўплиги ҳам аллақандай байрам кайфиятини бағишлар эди. Ҳа, кўплар учун бу кун бир байрамдек эди, ёши катталарнинг бир-бирларини қучоқлаб саломлашаётгани-ю шундоққина Бобур мирзо ҳайкали пойига ўрнатилган микрофонга чиқиб, галма-гал сўз олаётганларнинг кўтаринкилиги атрофда йиғилганларга осонгина кўчиб ўтаётганди.

Оддий андижонликлар биринчи маротаба, ўзлари айтмоқчи, ҳақ- ҳуқуқларини талаб қилиб, тирикчиликни ўнглашни ҳукуматдан очиқ-ойдин ва бу қадар миқёсда талаб қилиб чиқишган эди. Мана, ёши 70 ларни қоралаб қўйган оқсоқол одамларни тарқалмасдан хотиржам туришга чақиради:
-Қачонгача қўймижоз бўлиб яшаймиз?! Бугун бу ердан кетиш йўқ. Агар ҳар ким ҳар ёққа кетса, бизни битталаб йўқ қилиб ташлайди. Мана, қўшнимиз қирғизистонликлар бирдамлик билан кўп нарсага эришди. Наҳот ўшаларча бўлмасак?!
Ёшу қари гулдурос қарсаклар билан оқсоқолни қўллаб қувватлайди. Шу ернинг ўзида иссиқ овқат ташкил қилишга келишилади.

 Каримов келармиш, шунда ҳақиқат юзага чиқиб қолар, ҳукумат ҳаммани тирқиратиб отиб ташламас...
Бобур майдонидаги намойишчилардан бири

Галма-гал сўзга чиқаётганлар халқнинг оғир иқтисодий аҳволи тўғрисида, ишсизлик тўғрисида, оиламни боқаман деб фаҳш йўлига кириб кетаётган аёллар тўғрисида куйиниб сўзлашади. Ҳукумат, шахсан президент Каримов 15 йилдан буён қуруқ ваъдалар билан халқни алдаб келаётгани, бундай қасамхўрликка ортиқ чидаб бўлмаслиги ҳақидаги гаплар ҳамманинг қўллашига сабаб бўлади.
Қўлимдаги микрофонни кўрган одамлар бир зумда атрофимни ўраб олишади. Бошқа кунлардан фарқли тарзда бугун одамлар қийин аҳвол ҳақида, бугунги намойиш ҳақида юрагидаги гапларни баралла айтиб қолишга шошилади:
-Ака, ишонаверинг, мен бир кўча боласиман. Яширмайман, вақтида ўғирлик қилганман. Лекин "катталар" шунга мажбур қиляпти. Бошқача тирикчилик қилиб бўлмаса. Савдо қиламан, десак ҳоли-жонимизга қўймайди.
-Мен шу йигитларни қўлида ишлаб, оила юргизардим. Ўтган ёзда уларни қамаб, ишхоналар ёпилганидан кейин менга ўхшаганлар ишсиз қолдик. Бу йигитларнинг айби камбағалларни қўллаб турганидами, ахир?!
-Мана шу йигитларни отасига минг раҳмат,- дейди оппоқ соқоли кўксига тушган яна бир отахон. - Халқ учун ҳақиқатда жон куйдирадиган шулар. Бизга ўз чўнтагидан бошқани ўйламайдиган ҳокимиятнинг нима кераги бор?
-Лекин қурол кўтариб, қўзғолон қилиш оқибати нима бўлади, дейсиз? - сўрайман улардан.
-Ахир булар шу тўпланган халойиқни ҳимоя қиляпти. Каримов келармиш, шунда ҳақиқат юзага чиқиб қолар, ҳукумат ҳаммани тирқиратиб отиб ташламас...

 Биз, яъни Андижонда ҳокимиятни қўлга олган кучлар тадбиркорларга нисбатан бўлаётган адолатсиз муносабат туфайли шундай йўл тутишга мажбур бўлдик
Жаҳон ҳамжамиятига мурожаатномадан

Интервьюдан сўнг яна қуроллилар ҳамроҳлигида ҳокимият ичкарисига кираман. Бино ичида 5-10 чоғли йигитлардан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Биринчи қаватдаги хоналардан бирига таклиф қилишади. Бир оздан сўнг ўзини таништиришни истамаган, сипо кийинган 40 ёшлар чамасидаги йигит бир варақ қўлёзмани ўқиб берди. Йўлма-йўлакай ёзилган бу мурожаатнома жаҳон ҳамжамиятига йўналтирилган бўлиб, унда қуйидаги сўзлар бор эди:
-Биз, яъни Андижонда ҳокимиятни қўлга олган кучлар тадбиркорларга нисбатан бўлаётган адолатсиз муносабат туфайли шундай йўл тутишга мажбур бўлдик. Халқнинг оғир аҳволини ўнглашда ҳукуматга бераётган ёрдамимиз баъзиларга ёқмагани туфайли бизнинг сафдошларимиздан кўпларни ҳибсга олиб, адолатсиз маҳкама олиб боришди. Биз бундай адолатсизликка чек қўйишни, узоқ йиллардан буён ноҳақ қамоқхонада сақланаётганларни ва хусусан, Акромжон Йўлдошевни озод қилишни талаб қиламиз. Бизнинг бу ҳаракатларимизда Россия президенти Владимир Путин ёрдам беришини сўраймиз.

 Узоқ йиллик қўрқувдан сўнг журъат билан бош кўтариб чиқа олган андижонликлар соддадиллик билан гўёки Президент Каримов келиб, уларнинг тирикчилик муаммоларини адолат билан ҳал қилиб беришини кутарди
Ҳусан

Умуман, матбуот анжумани шундай "қўлбола" шаклда кечди. Бу маҳал эса ташқаридан ҳамон митинг ўтказаётган халойиқ ҳайқириқлари эшитилиб турарди. Мана, яна ўқ овозлари эшитилиши билан бақир-чақир авжига чиқди. Оломон театр биноси томон отилди. Мен, демак, аскарлар ҳужуми бошлангани туфайли одамлар қочишга тушди, деб ўйладим. Аммо салдан кейин бир гуруҳ одамлар бир аскарни ўртага олиб қайтаётганини кўрдим.
-Бу бугун одамларнинг ўзи қўлга олган олтинчи снайпер, - деди Шокир Шокиров. - Аввалгиси театр томидан туриб бир ўсмирни отиб ўлдирганидан кейин уни оломон "йиртиб" ташлашига сал қолди. Вақтида қутқариб қолдик. Ҳозир ҳаммасини бир жойга йиғиб, сўроқ қиляпмиз.

Шу куни эрталабки 7 дан тушгача Бобур майдонида одамлар орасида бўлдим. Сўнгроқ атрофдаги барча кўчалар аскарлар томонидан ўраб олинаётгани ҳақида овоза тарқалди. Дам-бадам отишмалар бўлиб турар, аммо оломон тарқалишни хаёлига келтирмасди. Узоқ йиллик қўрқувдан сўнг журъат билан бош кўтариб чиқа олган андижонликлар соддадиллик билан (аксари бола-бақраси билан) гўёки президент Каримов келиб, уларнинг тирикчилик муаммоларини адолат билан ҳал қилиб беришини кутарди. Бу ердаги воқеалар асосида мақола ёзиш мақсадида уйга қайтишга қарор қилдим. Бу гал ҳам қуролли йигитлар мени хавфсиз жойгача кузатиб қўйишди.

 Эски шаҳардан элас-элас эшитилаётган ўқ овозлари тезлашган, катта калибрли қуроллардан ҳам муттасил ўқ отилаётгани эшитилиб турарди. Ҳарбийлар вилоят ҳокимлигини штурм қила бошлагани аниқ эди
Ҳусан

Уйга қайтарканман, эски шаҳарга элтувчи йўлларда ҳарбий техника билан кучайтирилган махсус қўшинлардан иборат соқчилар постлари кўпайганига эътибор қилдим. Эски шаҳарга (кимдир бозор-ўчарга, яна кимдир митингга) йўл олганлар ноодатий либос кийган ва тиш-тирноғигача қуролланган бу аскарларга ҳайиқиб боқишар, аммо одамлар
йўлдан қайтарилмас эди.

Кечга томон ҳаво бирдан ўзгариб, кучли жала қуя бошлади. Эски шаҳардан элас-элас эшитилаётган ўқ овозлари тезлашган, катта калибрли қуроллардан ҳам муттасил ўқ отилаётгани эшитилиб турарди. Ҳарбийлар вилоят ҳокимлигини штурм қила бошлагани аниқ эди. Бу вақтда қирғиндан жон сақламоқчи бўлган юзлаб одамлар Чўлпон номли кинотеатр яқинида пистирмада бўлган аскарларнинг ўқ ёмғири остида қолганлигини, қирғиндан омон қолганлар кейин сўзлаб беришларича, аксари қуролсиз одамлар аёвсиз қирғин қилинганлигини хаёл қилиш амри маҳол эди. Аввалги тун каби бу тун ҳам уйқусиз ўтди.

14 май, шанба

 ҳукуматнинг аёвсиз ҳаракатларидан ғазабланган одамларнинг лаънатлари ёғилади. Эгалари топилмаган 10-12 чоғли жасадлар кафанланиб, шундоққина ҳокимлик боғига жаноза билан дафн этилади
Ҳусан

Иккинчи кунки, дунё эътибори Андижонга қадалган. Кеча аёвсиз қирғин бўлгани аёнлашган, аммо қурбонлар сони ноаниқ эди. Фожеа кўламини аниқлаш лозим эди. Эрталабдан Андижонда тозалаш тадбирлари бошланган, хорижий журналистлар чиқариб юборилган эди.

Яна уйдан Эски шаҳар томон йўл оламан. Шаҳардан алланечук файз кетган, ҳамманинг тилида кечаги воқеа. Бу гал чорраҳаларда махсус хизмат аскарлари пайдо бўлган, аммо ҳокимлик томонга яёв бориш мумкин эди.

Торкўчалардан юриб, Навоий шоҳкўчасига чиқишим ҳамон проспектни тўлдирган одамларга рўбарў келаман. Бу бир намойиш эди. Бу гал бирор одам қуролланмаган, аммо оломоннинг важоҳати кечагидан зўрроқ эди. Кимдир биров атрофда зир югурганча кечаги қурбонлар учун қасос олишга даъват қилиб ҳайқирарди. Бу кимсанинг меъёрдан ошган қутқуси шубҳали ва хатарли эди. Чунки 200 қадам наридаги МХХ биноси қаршисида ҳукумат кучларининг БТРлардан иборат колоннаси отишга шай турган эди. Хайриятки одамлар тўхташди. Пайтдан фойдаланиб уларга микрофон тутаман:

 Кеч соат 5 лар чамаси ҳокимлик бошқармалари жойлашган бинонинг сўнгги қаватидан тутун ўрлай бошлади. Одамлар бундан ғазабларини яширишмайди
Ҳусан

- Кеча кечаси билан аскарлар оддий одамларни қирди, маҳаллаларга кириб отиб чиқишди. - алам билан сўзлайди одамлар. - Каримов ўлганларни террорист дейди, ўлиб ётган хотин, бола-чақалар қандай террорист?
- Дунё қаёққа қараяпти? Анжан халқи емишга айланди-ку! Ким бизни ҳимоя қилади?
- Ўз кўзимиз билан санадик - Сой томонда камида 500-600 одам жувонмарг бўлди. Кўп ўликларни "Камаз"ларга юклаб, яширинча қаёққадир олиб кетишди.

Бирмунча вақтдан сўнг намойишчилар Бобур майдони томон қайтишади. Бу ерда ҳар қадамда кечаги отишма излари, атрофда ёниб битган машина қолдиқлари. Вилоят театри ҳамда кинотеатр ҳам қарийб ёниб битган. Майдондаги одамлар кечагидан кам эмасди. Кечаги қирғинда ҳалок бўлган ёхуд дом-дараксиз кетганларнинг қариндошлари майдонда қолган ўликлар орасидан яқинларини излашади. Бу ерда ҳам ҳукуматнинг аёвсиз ҳаракатларидан ғазабланган одамларнинг лаънатлари ёғилади. Эгалари топилмаган 10-12 чоғли жасадлар кафанланиб, шундоққина ҳокимлик боғига жаноза билан дафн этилади.

Кеч соат 5 лар чамаси ҳокимлик бошқармалари жойлашган бинонинг сўнгги қаватидан тутун ўрлай бошлади. Одамлар бундан ғазабларини яширишмайди:
- Бу кимга керак? Бу ҳукумат яна бир балони бошламоқчи шекилли...
Шундан сўнг майдон узра худди кечаги каби вертолёт пастлаб уча бошлади. "Солдатлар яна одамларни отишга тайёрланаяпти", деди кимдир. Ҳамма ўзини панага олади. Мен ҳам ортиқ бу ерда қола олмадим.

15 май, якшанба

 аҳоли ўртасида, айниқса, ҳалок бўлганлар яқинлари ўртасида "фикр тозалаш" тадбирлари бошлаб юборилган. Ўша кунги фожеа гувоҳлари ёхуд яраланганлар ғойиб бўлаётгани ҳақида овозалар тарқалади
Ҳусан

Бу кун шаҳар тўла ҳукумат кучлари қўлига ўтди. Биргина Андижон шаҳри эмас, балки вилоят ва умуман, Фарғона водийсига олиб борувчи йўллар ҳарбийлар томонидан кучли назорат остига олинган.
Айниқса, 13 май кунги воқеалар маркази - Бобур майдони оғир техникалар воситасида бир неча ҳалқа шаклида ўраб олинган.

Корхона ва ташкилотлар ҳамон ишламайди. Ўрта мактаб ўқувчилари муддатидан илгари таътилга чиқариб юборилган.

Қирғин изларини астойдил йўқотиш уринишларига қарамасдан, фожеанинг яққол далиллари ҳар қадамда кўзга ташланади - Чўлпон шоҳкўчаси бўйлаб кўлмак ҳосил қилган қон, айрим одам аъзолари, қон қотиб қолган кийим-бошлар ҳамда атрофдаги уй ва бетон устунларни ўйиб юборган ўқ излари...

Андижоннинг кўплаб маҳаллаларида ҳукумат кучлари ўқларидан ҳалок бўлганларнинг дафн маросимлари бўлиб ўтмоқда. Ўз навбатида махсус хизматлар аҳоли ўртасида, айниқса, ҳалок бўлганлар яқинлари ўртасида "фикр тозалаш" тадбирларини бошлаб юборган. Ўша кунги фожеа гувоҳлари ёхуд яраланганлар ғойиб бўлаётгани ҳақида овозалар тарқалади. Ҳадик оралаган бўлса-да, аксар андижонликлар воқеа тафсилотларидан барибир бохабар эди.

Расмий Тошкентнинг уқдиришларига қарама-қарши ўлароқ, қуролли қўзғолончилар билан бирга юзлаб бегуноҳларнинг ёстиғини қуритишда одамлар Каримов ҳукуматини айблайди.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
ИЧКИ САҲИФАЛАР
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy