Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 01 Июн, 2005 - Published 14:35 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Андижон: одамлар умидсизлик гирдобида

қуролланган аскар ва андижонликлар
Ҳамма жойда ҳарбийлар ва милиция...
Андижонга сафарим узоққа чўзилмади. Икки кунлик вақт мобайнида Андижон воқеаларидан сўнг ҳувиллаб қолган шаҳар маркази, қуролланиб олган ҳарбийлар ва милиция мулозимлари, нимасинидир йўқотгандай одамлар - хотирамга муҳрланиб қолди.

Энг аввало, кўзим тушгани шаҳарга кириш ва чиқишдаги назорат тартибини кучайтирилгани бўлди.

Ҳамманинг паспортини текширишар, шубҳалироқ туюлган кишиларни қаерларгадир олиб кетишарди.

Андижондаги Янги бозор одамлар билан гавжум, бир қараганда бу ерда ҳеч нима бўлмагандай. Бозор ичида савдо-сотик давом этяпти, лекин кўпларнинг тилидан 13 май кунги воқеалар тушмайди...

Хамма ўзи билган янгиликни бошқаларга етказишга ҳаракат қилади.

Бозор ичидан чиқиб , мижоз кутиб турган таксига манзилни тушунтираман.

Машина курилиши тугалланмаган бинолар оралаб шаҳар марказига қараб юради. Лекин кўп ўтмай, такси ҳайдовчиси менга йўл ёпиқлиги туфайли бошқа юролмаслигини айтади.

ҳарбийлар ва ҳайдовчи
Шаҳар марказига фақат ҳарбий ва милиция машиналари ўта олади, холос...
Пиёда Навоий шоҳкўчаси тамон қадам ташлайман. Кўчада деярли одам кўринмайди, фақатгина Миллий хавфсизлик идораси ёнидаги БТР хамда унинг атрофида қуролланган ҳарбийларни кузатиш мумкин.

Миллий Хавфсизлик Хизмати биноси рўпарасидаги мактабнинг вайрон бўлган қисмини тозалаётган кишилар эътиборимни тортади.

Жума куни содир бўлган воқеаларни қайтадан кўз ўнгимда жонланади.

“Ҳақиқат бўлганида…”

Бобур майдони...

У ерда ҳам БТР ва яна қандайдир ҳарбий машиналар кўринади. Уларнинг ёнига боришга ҳаракат қиламан, лекин милиция мулозимлари мени тўхтатишади.

Чекка маҳаллалар орқали отишма ва портлашлардан қорайиб кетган театр биноси ёнига чиқаман.

У ерда ҳам ҳарбийлар, ҳарбий машиналар, исковуч итлар. Шаҳар худди қамал қилиб олингандай таассурот уйғотади.

Андижонлик бир йигитдан воқеа тафсилотларини сўрайман. Лекин, у ҳақиқат йўқлигини айтиб, ҳақиқат фақат масжидда деб жавоб беради.

Андижонда қурбон бўлганлар, аниқроғи ҳукумат томонидан террорист деб аталаётган кишиларнинг манзилини кидириб Боғишамол даҳасига йўл оламан.

Боғишамолга кириш йўлларида яна ҳарбий ҳолатга кўзим тушади. Қумлар тўла қоплар ортига яширинган қуролли зобитлар киши юрагига ваҳима солади.

Такси ҳайдовчиси қалтираб юриб паспортини постдаги зобитларга узатади. Ҳужжатни синчиклаб текширган зобит Боғишамолга киришга рухсат беради.

Қидириб юриб Қори Ниёзий кўчасидаги хонадонлардан бирини топаман.

Хонадон атрофи милиция зобитлари томонидан қўриқланаётганини кўриб ҳайратланаман, журъат қилиб уйга кираман. «Акромийлар» етакчиларидан деб таърифланаётган Шарифжон Шокировнинг ўлими унинг оила аъзоларини буткул ғамга ботирган.

ўз яқинларидан айрилган аёллар
"Танда жоним олиб кетган Андижоним қолди манинг..."

Бир эмас 5 фарзандидан ҳамда турмуш ўртоғидан айрилган Раҳбархон опа , бир ўғлининг МХХ биносида сақланаётганини, бир ўғли отишмада ўлганини, қолганлари бедарак кетганини айтади.

Чеккада кўзлари ёшга тўлган Шарифжоннинг аёли эрининг бир қўлини снайпер олиб кетганини, ўшанда хам тирик қолганда пешонасидан солдатлар отиб ташлашганини айтиб йиғлайди.

Етим колган 4 қизчанинг энг кенжаси эса, мунчоқ кўзларини менга тикиб отасининг расмини узатади.

Бедарак кетган ўғилларнинг аёллари ҳам МХХ мулозимлари уларни суроққа тутаётгани, аллақандай қоғозларга мажбуран қўл қўйдиришаётганини айтади.

Она эса 4 келину, 10 набира билан ғамлар ичида қолганини гапиради. Кўз-ёшларини обдан тўкиб олган онахон, секингина мени тезроқ кетишимни акс ҳолда менга ҳам мусибат етишини айтиб хавотирланади.

Онадан маҳкама ҳукмини кутмай бошланган воқеа сабаби нима эканлигини сўрайман, у бўлса 12 май куни Андижон қамоқхонасида халқдан яширин ҳукм ўқилганини ва ҳар бир судланувчига 20 йилдан 27 йилгача бўлган қамоқ жазоси берилганини, бу эса йигитларни исён кўтаришга ундаганини айтади.

Агар ҳақиқат бўлганида, шунча одам беҳуда қурбон бўлмасди, агар суд фарзандларимизга ноҳақ ҳукм чиқармаганда бундай фожеани ўзи бўлмасди, дейди онахон алам билан.

Мен аёллар билан хайрлашиб кўчага чиқаман. Милиция мулозимлари менга бошдан оёқ разм солишади. Такси ҳайдовчиси эса, ўзини энди тинч қўймасликларини, мухбир олиб келгани учун сўроққа тутишларини айтиб ташвишланади.

“Менинг яқинларим қаерда....?”

Мен Боғишамолдаги қурбонлар кўмилган қабристонни излайман, лекин атрофни ўраб олган милиция ва ҳарбийлар ортга қайтишни, бу ер қўриқланаётганини айтишади.

Менинг қабристонни зиёрат қилиш ҳақидаги илтимосларим уларни қаттиқроқ ғазаблантиради. Битта солдат қуролини кўрсатиб, тезроқ кетмасам, қабристонда қабрлар яна биттага кўпайишини айтади. Ноилож ортга қайтаман.

Биринчи кун таассуротлари тугамай иккинчи кун ташвишлари бошланади. Кўчадаги аёлларнинг ўзаро гаплари менинг эътиборимни тортади.

янги қабр
Андижонда ўз яқинларини қидираётганлар ҳамон талайгина...
Бир аёл эса менга кеча уйига маҳалла фаоллари келганини, отишмада қурбон бўлганларни «акромийлар» отган, деган тилхат ёздириб олганини айтади. Бошқа аёллар ҳам бу гапларни тасдиқлашади.

Бутун Андижонда бўлгани каби, Боғишамолда ҳам ҳамон яқинларини қидираётганлар талайгина..

Андижонликларнинг аксарияти ҳамон сўраётган ва ё айрим ҳолларда сўрашга ҳам чўчиб дилга туғилган саволлар кўп… аммо, энг кўп сўралаётгани – «Менинг яқинларим қаерда? Менинг яқинларимни ким ва нимага отдилар ?»

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy