Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 17 Июн, 2005 - Published 16:00 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Райс: 'ҳарбий база овозимизни бўғолмайди'
News image
Райс Ўзбекистон Хонободдаги ҳарбий амалиётларга чеклов киритганидан сўнг гапирган
АҚШ Давлат Котибаси Кондолиза Райс Ўзбекистондаги ҳарбий база Американинг Андижон воқеалари юзасидан халқаро текширув ва демократик ислоҳотлар ўтказиш ҳақидаги чақириқларини бўғолмаслигини айтди.

Пайшанба куни Вашингтонда ўтган матбуот анжуманида гапирган Райс хоним, Президент Каримов АҚШ ҳарбий базасини Американинг инсон ҳуқуқлари борасидаги танқидларига қарши "гаровда ушлаб тургани" ҳақидаги тахминларни рад этди.

"Бундай йўл ишламайди",-деб айтди Кондолиза Райс.

Хонободдаги АҚШ базасининг Афғонистондаги амалиётлар учун муҳим бўлганини эътироф этган Америка Давлат Котибаси, шу билан бирга, сўнгги бир неча йил мобайнида Президент Каримов ва унинг маслаҳатчиларини очиқ сиёсий тузум яратишга чақириб келаётганликларини айтди.

"Эҳтимолий экстремизм хавфига жавоб сиёсий тузумни ёпиб қўйиш эмас, балки уни қонуний ва мўътадил кучларга очишдир",-деди Райс хоним.

News image
Буш маъмурияти ўз иттифоқчиси бўлган Президент Каримов билан муносабатлар борасида босим остида қолган
Американинг Андижон воқеалари юзасидан халқаро текширув ўтказишга чақириб келаётганини хотирлатган Райс хоним, "биз Андижон воқеалари юзасидан ягона ишончли текширув, бу-мустақил халқаро текширув, деб ишонамиз", -деди.

Кондолиза Райснинг баёноти Ўзбекистон ҳукумати Америка ҳарбийларининг Хонободаги амалиётларига чекловлар киритганидан сўнг янграмоқда.

Чоршанба куни Пентагон Ўзбекистон Хонободдан тунги парвозларга чеклов қўйганини тасдиқлаган эди.

Ўзбек томони бу қарорни техник сабаблар билан изоҳлаган, аммо кузатувчилар буни Американинг Андижон воқеалари юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказиш ҳақидаги чақириқларига жавоб, деб айтишмоқда.

АҚШ Хонободдаги баъзи учоқларини Бишкекнинг Манас аэропортига кўчиргани ҳам айтилган.

Ўзбек томонининг раддияси

Ўзбекистон томони Америка матбуотининг АҚШнинг Хонободдаги ҳарбий базасидан парвозларга чеклов киритилиши Андижон воқеалари юзасидан халқаро текширув ўтказиш чақириқларига жавоб экани ҳақидаги тахминларини рад этган.

 Агар Америка матбуотининг мантиғига амал қилинадиган бўлса, Андижон воқеалари Ўзбекистоннинг Америка ҳаво кемаларининг парвозларини чеклаш ҳақидаги қарорининг сабаби эмас, балки оқибатидир
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг шанба куни эълон қилинган баёнотида айтилишича, парвозларни чеклаш ҳақидаги қарор Андижон воқеаларидан уч ой аввал олинган ва унинг сабабларидан Америка томони яхши хабардор.

Вазирлик қарор тафсилотларини билдирмаган.

Айни пайтда ўзбек тарафи Андижон воқеалари Ўзбекистоннинг Хонобод тўғрисидаги қарорининг сабаби эмас, балки оқибатлари бўлиши мумкинлигига ишора этган.

"Агар Америка оммавий ахборот воситаларининг мантиғига амал қилинадиган бўлса, Андижон воқеалари Ўзбекистоннинг Америка ҳаво кемаларининг парвозларини чеклаш ҳақидаги қарорининг сабаби эмас, балки оқибатидир" дейилади баёнотда.

Аммо Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг номи ошкор этилишини истамаган мулозими Ассошиейтед Пресс ахборот агентлиги мухбирининг "Ўзбекистон Андижон воқеаларида Американи айблаяптими?" деган саволига жавоб бермаган.

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy