Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 13 Май, 2005 - Published 18:03 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Андижон:вазият кескин, қурбонлар сони ортмоқда
Андижондаги ғалаён саҳнаси
Шаҳар театри ва кинотеатри, ҳамда бир неча машинага ўт қўйилган
Андижондан келаётган хабарларга кўра, ҳукумат кучлари намойишчилар ва қуролли гуруҳларга қарата ўқ очган.

Президент Каримов Андижон воқеалари ортида "Ҳизбут Таҳрир" партиясининг гуруҳи турганини даъво қилган.

Унга кўра, ҳукумат кучларидан ўн киши қурбон бўлган.

Қуролли гуруҳ аъзоларидан ҳам қурбонлар борлигини айтган. Аммо аниқ бир сон йўқлиги ва вазият ўрганилаётганини маълум қилган.

Сўнгги маълумотларга қараганда, шаҳар марказига яна одамлар йиғилишган.

Уларнинг сони ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Аммо гувоҳлар юзларча одамлар марказга келаётгани ва тўпланганлар сони бир неча минг эканини айтишмоқда.

Шаҳар осмонида вертолётлар парвоз қилган.

Шунингдек, воқеалар шоҳидлари юзлаб қурбонлар бўлгани ҳақида гапиришмоқда.

Ҳукумат манбалари бу хабарларни тасдиқлашгани йўқ.

Айримлар ўнлаб жасадларни "КамаАЗ" автоуловларига ортилаётганини ва улар орасида болалар ва аёллар борлигини айтишмоқда.

News image
Каримов яна исломий радикалларни айбламоқда

Намойишга йиғилганлар орасида Президент Каримовнинг истеъфосини талаб қилаётганлар бор.

Айрим хабарларга кўра, Андижон вилоятининг Қорасув шаҳрида ҳам намойишга чиққанлар бор.

Шунингдек, вилоятнинг қўшни Қирғизистон билан чегарасига қочқинлар тўпланаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Кеча намойишларни тарқатиш учун ҳукумат ҳарбий машиналар – БТРларни ишга солган.

Айрим мухбирлар, қурбонлар ва ярадорларнинг кўплиги сабаби ҳукумат кучлари баъзида дуч келган томонга ва одам танламай ўт очганидан, деб айтишмоқда.

Журналистларга шаҳарни " ўз хавфсизлиги" учун тарк этиш буюрилган.

Қуролли гуруҳ вакиллари вилоят ҳокимияти биносини ташлаб чиқишганини айтишган.

Шаҳарда туни билан отишма давом этгани айтилмоқда.

Кундузи ўз юмушлари билан шаҳарга чиққан кўплаб андижонликлар қақшатқич отишмалар туфайли ўз уйларига қайтишолмаган.

Шаҳарликларнинг аксарияти ваҳимага тушган ва эртанги кундан хавотирлик билдиришмоқда.

Намойишчилар
Намойишчилар қуролларни тунда ўзлари ҳужум қилган қамоқхонадан олишганини айтишган
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Андижонга сафар қилгани айтилмоқда.

Мамлакат матбуоти, радио телевизиони Андижондаги воқеаларни бир томонлама ва ўта чекланган ҳолатда ёритмоқда.

Би-би-си, Си-Эн-Эн, Евронюс телевизиони дастурлари ва Россия каналлари Ўзбекистонда 13 май тонг соат ўн бирда ўчириб қўйилган.

Бир неча хабар агентликларининг интернет саҳифалари умуман ўчириб қўйилган.

Тошкентда ва Фарғона водийсида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Ҳукумат кучлари билан тўқнашган қуролли гуруҳлар кеча тунда қамоқдан озод этилганлар ва " Акромийликда" айбланган 23 киши ҳамда уларнинг тарафдорлари экани айтилмоқда.

Аввалроқ, мамлакат телевидениеси намойиш ташкилотчиларини "бандитлар" ва "жангарилар" деб атаркан, улар ўзларига аёллар ва болаларни қалқон қилишганини айтган.

Кеча ярим тунда Андижон қамоқхонасига номаълум қуролли кучлар ҳужум қилган ва у ердаги маҳбусларни озод этган.

Андижонда ўт кетган бино
Отишмаларда ҳалок бўлганлар орасида ёш болалар ҳам бор, уларнинг бири 7 ёшда экани айтилади
Айни вақтда шаҳардаги ҳарбий бўлинмага ҳам ҳужум бўлгани айтилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, тўққиз киши қурбон бўлган ва ўттиздан ортиқ киши яраланган.

Норозилик ташкилотчиларидан бири, биз билан суҳбатда уларга шахсан Ички Ишлар вазири Зокиржон Алматов сим қоққани ва намойишларни тўхтатиб, ҳукумат биноларини тарк этишни талаб қилганини айтган.

Аммо улар бу талабларни рад этган ҳолда, бундан бир неча йил аввал узоқ йиллик қамоққа ҳукм қилинган Акром Йўлдошевнинг озод этишни сўрашган.

Бу талаблар вазир томонидан рад этилган.

Хавфсизлик чоралари кучайтирилган

Ўзбекистон ўзининг Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон билан чегараларини бир томонлама ёпиб қўйган.

Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда.

Айрим бозорларда савдо тўхтатилган. Милиция ва ҳарбийлар сони ортгани ҳақида айтилмоқда.

Маҳкама ишидан норозилар
Оҳирги бир неча кунда Акромия гуруҳига аъзоликда айбланган 23 кишининг маҳкама ишига норозилик қилиб мингларча одам йиғилганди
Шу ҳафта бошларида “Акромия” ноқонуний диний гуруҳига аъзолик айблари билан 23 киши устидан маҳкама иши давом этди.

Уларга ноқонуний диний уюшмалар тузиш ва конституцион тузумга қарши ҳаракатларни назарда тутадиган бир неча айбловлар қўйилаётир.

Сешанба ва Чоршанба кунлари мингларча одамлар судланаётганларнинг айбсиз эканлари ва уларни озод этишни талаб қилгандилар.

Маҳкамада кўрсатма берган айбланувчилар ўзларига қўйилган барча айбловларни рад этишган.

Улар ўзларининг тадбиркорлик билан шуғулланишганини айтишади.

Эркаклар бир томон, аёллар иккинчи томонда саф тортган намойишчилар эса жараён кечаётган Андижон маҳкамаси биносини ўраб олишганди.

Уларга кўра судланувчилар ишбилармонлар бўлиб, намоз ўқишган ва хайр-эҳсон улашиб туришган.

Андижондаги мухбирларимизга кўра, намойишнинг анча пухта ташкиллаштирилгани кўриниб турган. Хусусан, тинч намойишчиларга вақтида озиқ-овқат ва сув етказиб турилган.

Намойишчиларнинг ўз соқчилари ва милиция ходимларининг аралашувини тўхтатиш учун келтирилган видеотасвирчилари ҳам бор.

Маҳаллий расмийлар намойишга қаршилик кўрсатишмаган.


Андижондаги воқеаларга доир Сизнинг фикрингиз қандай? Бу ҳақда бизга юқоридаги махсус форма орқали мактуб йўллашингиз мумкин.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy