Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 07 Июн, 2005 - Published 14:58 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Хюман Райтс Уотч ҳисоботи
News image
Ўзбек ҳукумати ҳалок бўлганлар сони 173 дейди
Ўтган ой Андижондаги қуролсиз намойишчиларнинг Ўзбекистон ҳукумат кучлари томонидан ўққа тутилиши шунчалик кенг кўламли ва асоссиз тарзда бўлганки, бу қирғин даражасига бориб етган, деб ёзади Нью Йоркда жойлашган Хюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўзининг ҳисоботида.

Ҳисоботга "Ўқлар ёмғирдек ёғилди" деб сарлавҳа қўйилган.

Бу сарлавҳа Андижондаги ҳодисаларни ўз кўзи билан кўриб, гувоҳ бўлган шахс сўзларидан олинган.

Ҳисобот қон тўкилиши билан якунланган ўтган ойги намойишларда иштирок этган элликдан ортиқроқ одам берган кўрсатмаларини ўз ичига олади.

Ҳисобот Ўзбекистон ҳукуматининг қуролланмаган намойишчиларга нисбатан асосланмаган тарзда қуролли куч ишлатиши ва ҳукуматнинг ушбу воқеа гувоҳларини гапиришдан тийишга қаратилган ҳаркатлари тафсилотларига тўхтаталади.

"13 май куни Андижоннинг Бобур майдонида йиғилган намойишчилар орасида қуролли шахслар мавжуд бўлганлигига қарамай қўлланган куч мавжуд хавф миқёсларига муносиб бўлмаган" - дея айтилади ҳисоботда.

"Ҳукумат бинолари ва қамоқхонага ҳужум қилганлар албатта жиддий жиноятга қўл урганлар. Албатта ҳукумат жиноятчиларни тўхтатиб қолиш масуълияти ва ҳуқуқига эга эди. Аммо қуролланмаган инсонларни ёппасига ўққа тутиш оқланмаган эди",- дейди Хюман Райтс Уотчнинг Ижрочи Директори Кенис Росс.

Хюман Райт Уотч Андижон ҳодисалари гувоҳлари сўзларига таяниб ҳалок бўлганлар сонини бир неча юз киши дея тахмин қилади.

Ҳисобот Андижондаги ҳодисалар қатнашчилари сўзларига таяниб, оломонни тартибга келтириш ё да тарқатиб юборишнинг бошқа йўллари қўлланманганлигини айтади.

Хюман Райтс Уотч Ижрочи Директорининг сўзларига кўра, ташкилот текшируви ҳали кўпгина саволларга жавоб топа олмаган. Масалан ҳалок бўлганларнинг аниқ сони ҳақидаги савол ҳануз очиқ қолмоқда.

Хюман Райтс Уотч Андижон ҳодисалари юзасидан батафсил, мустақил ва халқаро текширув жараёни ўтказилишига даъват қилади.

Ўзбекистон ҳукумати мавқеи

Президент Ислом Каримов
Президент Каримов Ҳукумат кучлари фақат террористларни йўқ қилганлигини айтиб келади

Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлигининг эълон қилган баёнотида айтилишича, Андижондаги ҳодисаларни текшириш мустақил комиссияси фаолияти ва вазиятни нормаллаштириш ҳаракатлари устидан назорат қилиш мақсадида ташкил этилган халқаро ишчи-монитор гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтган.

Йиғилишда Ўзбекиситондаги Россия, Ҳитой, Эрон, Ҳиндистон, Покистон ва қўшни Марказий Осиё давлатлари элчихоналрининг вакиллари иштирок этганлар.

Ўзбекситондаги АҚШ ва Франса элчихоналари вакиллари монитор гуруҳида иштирок этиш хоҳишларини ҳозирча тасдиқламаганликлари, аммо лозим топган тақдирда ҳар қандай вақтда гуруҳга қўшилишлари мумкинлиги айтилади баёнотда.

Ўзбекистон томони Андижон ҳодисаларини текшириш учун тузилган комиссия фаолиятини назорат қилиш ишчи монитор гуруҳига ҳар томонлама ёрдам бериш ва ҳамма лозим ҳужжатлар билан танишишга руҳсат беришга тайёр эканлиги баёнотда билдирилган.

Ўзбекистон ҳукумати май ойидаги Андижон ҳодисаларида ҳалок бўлганлар сонини 173 киши дея кўрсатган.

Ўзбек расмийларининг айтишича, Андижондаги қурбонларнинг барчаси қонуний ҳукуматни ағдариб, исломий давлат қуришни мақсад қилган экстремистлар томонидан ўлдирилган.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов халқаро ҳамжамият томонидан мустақил халқаро текшиув ўтказиш талабларини рад этиб келган бўлиб, мамлакатнинг ўзи бу каби текширувни ўтказишга қодир дея айтганди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Парламенти қошида ҳодисаларни текшириш юзасидан, расмийларнинг таъбирича мустақил текширув комиссияси тузилди.

Хюман Райтс Уотчнинг айтишича эса, Андижонда айнан нималар бўлиб ўтганлиги ва ҳалок бўлганларнинг аниқ сони, шунингдек уларнинг қандай ҳалок бўлганларини аниқлашнинг ягона йўли мустақил халқаро текширув жараёнидир.

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy