Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 29 Июн, 2005 - Published 18:07 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Каримов:Андижон воқеалари хорижда тайёрланган
Ўзбекистон Президенти
Каримов жаноблари Андижон воқеалари Ўзбекистонга қарши кучлар томонидан тайёрланганини айтади
Москвага икки кунлик расмий сафар билан борган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ўз ҳукуматининг Андижондаги норозилик намойишларини бостиришда қўллаган усулини ҳимоя қилган.

Каримов жанобларининг айтишича, Андижонда юз берган ҳодисалар Ўзбекистонга қарши кучлар томонидан бир неча ой олдин хорижда тайёрланган.

“Андижондаги ҳодисаларни саҳналаштирган режиссёрлар бир вақтлар Афғонистонда, бугунги кунда Ироқда жанг қилаётган кучларга таянишган,”-деб айтган Ўзбекистон Президенти.

Каримов жанобларига кўра, айни ҳодисаларнинг амалга оширилишига "Ўзбекистон ҳукумати юрғизаётган мустақил сиёсат ва билдирилган баъзи таклифларнинг рад этилиши" сабаб бўлган.

Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Оврўпо ҳамда НАТОнинг Андижон ҳодисалари юзасидан билдираётган баёнотлари асоссиз экани ва уларнинг хулосалари фақатгина инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва журналистларнинг гапларига таянилганини таъкидлаган.

Айни пайтда Ислом Каримов НАТОнинг Ўзбекистонга,қолаверса, Марказий Осиё нисбатан тутган мавқеини танқид остига олган.

Президент Каримовга кўра, НАТОнинг Марказий Осиёдаги ҳодиса ва жараёнларга таъсир кўрсатишга интилишидан мақсад- Марказий Осиёда ўз иштирокини кучайтиришдир.

НАТО Ўзбекистон ҳукуматини Андижондаги ҳодисалардан ўн кун ўтиб, халқаро ва мустақил текширувларни ўтказишга изн беришга чақирганди.

Шимолий Атлантика Блоки матбуот хизмати эса, Президентнинг ушбу сўзларига муносабат билдирар экан, Андижон ҳодисаларига НАТОнинг муносабати аввал қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай қолаётганини маълум қилган.

“Ўққа тутилганлар тинч намойишчилар эмас...”

Россия Президенти Владимир Путин Андижон ҳодисалари хорижда тайёрланаётгани борасида бундан анча олдин хабардор бўлгани ва бу ҳақда расмий Тошкентни огоҳлантирганини айтган.

Қурбонлар
Россия Мудофаа вазири:"...ўққа тутилганлар тинч намойишчилар эмас"

Айни пайтда Путин жаноблари “ўта мураккаб ва фожиали” Андижон воқеаларининг бошқа қирралари борасида ҳозир гапирмаслигини билдирган.

Ўзбекистон Президенти билан учрашган Россия Мудофаа вазири Сергей Иванов ўққа тутилганлар тинч намойишчилар бўлмаганини айтган.

Россия Мудофаа вазирига кўра:”...милиция идорасига, ҳарбий бўлимга ҳужум уюштириб, кинотеатр ва маданият уйларига ўт қўйган кишиларни тинч намойишчилар деб бўлмайди”.

Сафари сўнгида Президент Ислом Каримов “оғир пайтда” Ўзбекистонни қўллаб қувватлагани учун Россия раҳбариятига миннатдорчилик билдирган.

Айни пайтда у, икки ўртадаги ҳарбий ҳамкорликни янада давом этишига ишора қилган.

“Содиқ дўстлар”

Россия, Ўзбекистоннинг Андижондаги намойишчиларга қарата куч ишлатиш қарорини дастаклаб чиққан икки давлатдан биридир.

Иккинчи хорижий мамлакат эса, Президент Ислом Каримов Андижондаги қонли ҳодисалар ортидан ҳеч қанча вақт ўтмай сафар қилган Хитойдир.

АҚШ мудофаа вазири билан
Андижон воқеалари ортидан икки ўртадаги муносабатлар совуқлашган

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекситон аксарият ҳолларда қисқа муддатли манфаатларни кўзлаган ташқи сиёсатни юргизиб келади.

Шўролар Иттифоқи қулаши ортидан, Ўзбекистоннинг Москва билан муносабатларини муқим деб баҳолаб бўлмасди.

Миллий ғурур туйғусининг кучайиб бориши ортидан, Ўзбекистон, Марказий Осиё давлатлари ичида Москвадан мустақил ташқи сиёсатини ишлаб чиққан биринчи мамлакат эди.

Би-би-сининг Марказий Осиё бўйича мухбири Иен МакУильямга кўра, Андижондаги хунрезликлар Ўзбекистонни дастак илинжида яна Москвага юз буришга мажбур қилган.

Президент Каримов Вашингтонга яқинлашишга интилиб, тўқсонинчи йиллар ўрталарида Оқ Уйга ҳам ташриф буюради.

Ҳамда, унинг ташрифи, таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги тўнтариш сифатида ҳам кўрилганди.

Бироқ, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларига оид ночор кўрсаткичлари, Американи ноқулай аҳволга қўйиб келади.

Ўн биринчи сентябр воқеалари эса, буларнинг барчасини ўзгартириб юборади.

Ўзбекистон, Афғонистондаги қўшинларини дастакламоқчи бўлган Америкага, ҳарбий базаларини жойлаштириши учун зудлик билан ўз эшикларини очиб беради.

Вашингтон инсон ҳуқуқларига оид гап-сўзларини камайтириб, террорчиликка кўпроқ урғу беришни бошлайди.

Ҳам Россия ва ҳам Ўзбекистон давлатлари,Президентининг назарида, радикал исломнинг тарқалиши хавфи остидадир.

Президент Каримовнинг урғулашича, Андижондаги намойишчиларнинг аксариси, ҳукуматни ағдариш мақсадида бўлган исломий террорчилардир.

Ўзбекистоннинг қўлтиғидан кирган Москванинг такроран иддао этишича, Андижондаги намойишларда Афғонистондаги собиқ Толибон ва бошқа жангариларнинг қўли бор.

Бироқ, айни мазмундаги даъволарни дастаклаши мумкин бўлган далиллар келтирилмаган.

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy