Зарварақлар: Буюк Фитрат нигоҳи
Хайрулла Исматуллаев

Сурат манбаси, bbc
"Ўзбекистон Адабиёти ва Санъати" ҳафталиги саҳифаларида " Мангу лаҳза" рукни остида берилаётган мақола-суратлар жуда катта аҳамиятга молик бўлмоқда.
Ўзбекистон мустақил бўлганига оз ўтмай, ҳозирги кунларда адабиётшунос ва тарихчи олимлар:"Бу давр ичида яқин тарихимиз, адабиётимизни қайта ўрганиб, тўғри баҳолаб чиқдик, янги дарслик, китоблар ёзиб ўқувчиларга тақдим этдик”, дея олишлари қийин. Бунинг сабаблари кўпдир.
Яқин тарихга тўғри, холис баҳо бериш учун, биринчи навбатда, тарихий ҳужжатлар керак бўлади, "Ўзбекистон Адабиёти ва Санъати"даги "Мангу лаҳза" рукнида эълон қилинишга бошланган мақола-суратлар мана шундай бирдан-бир тўғри, савобли ишнинг бошланиши саналади. Агар яқин тарихимизга оид барча муҳим ҳужжатлар эълон этилиб, қайта мушоҳада этилмас экан, олға силжиш жуда қийин бўлади.
"Ўзбекистон Адабиёти ва Санъати" да эълон қилинган "Ҳасратли нигоҳ” мақоласи ва унга илова этилган сурат Ўрта Осиё маданий меросини хорижий мамлакатларда ўрганаётган аспирант-докторантлар нигоҳдан ҳам четда қолмади.
Бундай ҳужжатлар ўзининг тарихийлиги ва ҳаққонийлиги билан ҳар бир тадқиқотчининг юрагидан ўрин олади.
Машҳур олим, профессор Наим Каримовнинг бу мақолада ёзгани "Атоқли адиб (Фитрат)нинг турли йиллардаги қиёфасини тасвирлаган суратлар етарли бўлмагани учун баъзан унинг асл сиймосини, юз-кўзларини тасаввур қилишимиз маҳол бўлади» сўзларини ўқиб, Фитрат домла ҳаёти ва ижодий фаолиятига оид бир неча йил давомида чет мамлакатларда йиғилган ҳужжатлар, суратларни қайтадан кўздан кечириб чиқишга тўғри келди.
Шўро тузуми даврида ўзимизда йўқолиб кетган ҳужжат ва суратларни чет эл архивларидан келтириб бўлмасди. Ҳозир аҳвол ўзгарди. Ўз архив, китобликларимизда сақланиб қолмаган қадимги нашрлар, ҳужжатлар, расмларни тезлик билан Ғарбий Оврўпо ва Америка архив, музей, кутубхоналаридан қидириб, топса бўлади.
Лондон, Париж, Ҳамбург, Истанбул ва АҚШ кутубхоналарида Туркистон адабиёти ва тарихига оид энг нодир асарлар сақланиб келиняпти.
Фитрат домла фаолиятига бағишланган илмий тадқиқотлар хорижий мамлакатларда жуда ҳам кўп. Агар биз фақат Ҳиндистон, Туркия, Ғарбий Оврўпо мамлакатлари (Англия, Германия, Франция) ва Японияда босилиб чиққан ишларнигина санаб ўтадиган бўлсак, шу вақтгача адибнинг ўз ватанида унинг ижоди етарли даражада ўрганилмаганлиги равшан бўлиб қолади. Фитратшунос олим Ҳамидулла Болтабоевнинг ибораси билан айтганда, адиб ҳануз ўз юртида "номаълум Фитрат"лигича қолиб кетяпти.
Биргина Ҳиндистонда Фитрат ижоди 20-нчи йиллардан ўрганилганлигини, Американинг Колумбия университетида барча кичик асарларни тадқиқ этилиб, нашрга тайёрланганлигини, адиб ижоди буйича диссертациялар ёзилганлигини, Японияда адибнинг ижодий ва ижтимоий фаолияти чуқур тадқиқланганлигини эслатиб ўтсак, буюк адибнинг дунё миқёсидаги таъсир доираси янада яққолроқ англашилади.
20-нчи йиллар Туркистон ижтимоий ҳаётига оид муҳим ҳужатларни нашр этиб қолдирганлардан бири юртдошимиз Туркистонли Абдулла Ражаб Бойсун бўлади. Абдулла Ражаб 20-нчи йилларда жадид ва мужоҳидлар сафида бўлиб, Иброҳим Лақай, Файзулла Хўжа(ев ), Фитрат, Усмон Хўжа, Анвар Пошшо ва бошқа мунавварларнинг фикрдоши ва издоши ҳисобланган.
З0-нчи йилларда бошланган қатағон туфайлн Абдулла Ражаб муҳожирликка юз тутиб, Туркияда истиқомат қила бошлаган ҳамда Туркиянинг Истанбул шаҳрида 1943 йили ўзининг "Туркистон миллнй ҳаракатлари" номли китобини бостириб чиқарган. Мазкур китоб 20-нчи йиллар тарихимизга тегишли ҳужжатларнинг нусхалари ҳақида бир қатор тарихий шахсларнинг ўша даврда олинган суратларининг берилиши билан бошқа ишлардан ажралиб туради.
Бу китобда Фитрат домланииг ҳам нодир расмлари ўрин олганлиги биз учун қадрлидир. Энг муҳими бу китобда ҳаққонийлик ва самимйлик уфуриб турганини имонли ўқувчи тез сеэиб олади.
Абдулла Ражаб китобининг биринчи саҳифасида, "Тилак" сарлавҳаси остида шулар қайд этилади: “На бир муаррих, на бир адибман. Ёлғиз севгили ватаним бўлган Туркистонда жараён этган инқилоб ҳаракатларининг ичида бўлганлигим, жадидлик ва мужоҳидлик ҳаракатларини ёритмоқ учун рафиқам Мунира Бойсуннинг буюк ёрдами или шу китобни ёзмакка жасоратда бўлдим”.
Абдулла Ражаб хотираларида кўрсатилишича, 1921 йил июл ойида Бухорода тўпланган иккинчи Қурултойда ҳукумат тузилган ва асосий қонунлар ишлаб чиқилган. Жумҳур раиси этилиб Усмон Хўжа сайланган. Усмон Хўжа Нозирлар Шўроси раиси бўлган Файзулла Хўжадан ҳукумат тузишни сўраган. Файзулла Хўжа мана шундай ҳукумат тузган:
Нозирлар Шўроси раиси ва Хорижия нозири - Файзулла Хўжа
Ҳарбия нозири - Ориф ўғли Абдулҳамид
Адлия нозири - Мирза Абдулраҳим
Дохилия нозири - Ота Хўжа
Маориф нозири - Қори Йўлдош
Зироат нозири - Абдулвоҳид
Иқтисод, тижорат нозири - Абдулқодир Муҳиддин ўғли.

Сурат манбаси, bbc
Бу маълумотни келтирган Абдулла Ражаб 1921 йил июл ойида тузилган Бухоро ҳукуматининг фақат беш аъзоси суратларини илова қилади.
Бегали Косимов Фитратнинг "Чин севиш" китобига ёзган сўзбошисида "Фитрат ... 1921 йилдаги халқ маорифи нозири, яна бир йил ўтгач, хорижия нозири" бўлганлиги ҳақида маълумот беради.
Профессор Наим Каримов ўз мақолаларида "Демак, Фитрат Бухоро Халқ Шўро Жумҳурияти Халқ маорифи нозирлигига Қори Йўлдош Пўлатовдан кейин 1921 йил охири ё 1922 йилнинг бошларида тайинланган» деган хулосага келади.
Булардан англашиладики, 20-нчи йилларда адибнинг қандай вазифаларда ишлаганлиги ҳануз ўз юртида аниқланмаган.
Қўлимиздаги ҳужжатларнинг далолат беришича, 1921 йилда ҳам, 1923 йилда ҳам Халқ маориф нозири вазифасида Қори Йўлдош Пўлат ўғли ишлаб турган.
Абдулла Ражаб Бойсун китобида берилган 1923 йилга оид бир муҳим ҳужжат ва нодир сурат Туркистон тарихи учун жуда аҳамиятлидир.
Бухоро Халқ Шўролар Жумҳуриятида 1923 йили Фитрат домла Ташқи ишлар нозири (ўша давр атамаси билан айтганда Хорижия нозири) вазифасида ишлаганлар. Бу ҳақда Абдулла Ражаб ҳужжатни келтириб, ўша йили олинган нозирлар суратларини, шу жумладан Фитрат домла суратларини ҳам беради:
Файзулла Хўжа - Нозирлар шўросининг раиси
Ота Хўжа Пўлат ўғли - Нозирлар шўроси муовини
Қори Йўлдош Пўлат ўғли - Маориф нозири
Абдурраҳим Юсуф ўғли - Адлия нозири
Абдулқодир Муҳиддин ўғли - Иқтисод нозири
Муҳторжон Сайитжон ўғли - Дохилия нозири
Фитрат Абдурраҳим ўғли - Хорижия нозири

Бу суратларнинг киши эътиборини ўзига тортадиган томони шундаки, Фитрат домла профессор Н. Каримов эълон этган суратда ҳам, 1923 йили олиниб, Абдулла Ражаб китобнга илова қилинган суратда ҳам бир хил кийимда, бир хил қиёфада, бир хил мунгли ҳолатда акс эттирилган.

Бу даврга келиб, чамаси, Фитратдек буюк инсон Туркистон парчаланиб кетишини, мустақиллик деган орзу сароб каби пучга чиқаётганлигини сезиб етган бир давр эди. Бу даврда мунгли кайфиятдан ўзга кайфият буюк инсонда бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Суратларда акс эттирилган нозирларга эътибор қилсангиз, ҳеч қайси бир нозир хурсанд кайфиятда акс эттирилмаганлиги кўзга ташланади. Даврнинг ношод кайфияти суратларда муҳрланиб қолган. Ўз даврининг илғор вакиллари, машҳур мунавварлар худди ҳозирги авлодга илтижо билан боқаётгандек туюлади,
Доктор Боймирза Ҳайит ўзининг "Туркистонда ўлдирилган турк шоирлари. Мазлум туркларнниг хаётидан парчалар" китобида Фитрат домланинг бошқа бир суратларини эълон қилган. Таҳминимизча мазкур сурат 1937 йили олинган кўринади. Бу суратни кўрган киши, чиндан ҳам “Мана бу 1937 йилга келиб адои тамом қилинган адиб” деб, ўша даврга лаънатлар ўқиши ва буюк адиб Фитратнинг руҳини ёд этиши табиий бир ҳолдир.
Тарихий ҳужжатлар ўтмишимизнинг оинасидир. Биз бот-бот шу оинага қараб, ўзимизга, қилаётган ишларимизга қайта баҳо беришдан бош тортмайлик.

Сурат манбаси, bbc
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












