Зарварақлар: Султон Ҳусайн Бойқаро фармони

Хайрулла Исматуллаев дунё музей ва кутубхоналаридаги қўлёзмаларни тадқиқ этган
Сурат тагсўзи, Хайрулла Исматуллаев дунё музей ва кутубхоналаридаги қўлёзмаларни тадқиқ этган

Ота-боболаримиздан қолган улкан маънавий бойлик, қўлёзма асарлар Қизилқум саҳросига сочилиб кетган олтинни эслатади. Авлодларимиз яратган бу асарлар дунё кутубхона, музейларига сочилиб кетган. Жаҳондаги бирорта машҳур кутубхона йўқки, у ерда халқимиз тарихи ва адабиётига тегишли қўлёзма асар бўлмасин. Британия Музейи, Париж Миллий Кутубхонаси, Оксфорд, Кэмбриж, Сорбонна, Харвард, Йел университети кутубхоналари, Голландия, Олмония, Испания, Италия, Ватикан китобликлари, ҳамда Туркия, Эрон, Ҳиндистондаги кутубхоналарда ўзимиз сақлай олмаган кўплаб ёзма адабиётларимиз намуналари авайлаб асраб келинмоқда.

Бизнинг ниятимиз яқин фурсатда Оврупо музей, кутубхона ва шахсий китоб фондларида сақланаётган ўзбек адабиётининг нодир намуналари билан ўқувчиларни таништириб бориш.

Кейинги вақтларда мен темурийлардан ва темурийлар давридан қолган машҳур асарларни аниқлашга, иложи бўлса, айримларининг нусхаларини олишга уриниб кўрдим.

Султон Ҳусайн Бойқаро даври ҳакида ҳозирги авлод бироз маълумотга эга. Бунинг боиси, албатта, Алишер Навоий. Алишер Навоий ҳақида нисбатан кўп маълумотга эга бўлган ҳолда, Ҳусайн Бойқаро ҳақида билганларимиз ҳамма вақт ҳам ишончли ва ҳужжатли маълумотларга асосланган эмас.

Ўрта Осиё тараққиёти учун Уйғониш ҳисобланган бу давр биз учун муҳим аҳамиятга моликдир. Маълумки, Султон Ҳусайн Бойқаро асарлари Британия­даги Честер Бетти кутубхонасида 404 рақами билан, Британия Музейида Оr.208 рақами билан, Париждаги Миллий кутубхона­да 993 рақами билан, Туркиядаги Тўпқапи Сарой Музейи кутубхонасида Е.Н. 1686 ва А.2381 рақамлари билан сақланиб келинмоқда. Аниқланишича, Султон Ҳусайн Бойқаронинг ўз замонаси машҳур кишиларига йўллаган хатлари ҳамда чиқарган фармонлари ҳам жаҳон китобликларида сақланиб қолган.

Британия Музейида Оr. 61 каталог рақами билан Султон Ҳусайн Бойқаронинг Боёзид 2 га ёзган хати, шу музейда яна Ог. 1702 каталог рақами билан Султон Ҳусайн Бойқаронинг Ҳасанбег Баҳодирга ёзган хати сақланади.

Бу ерда биз Ҳусайн Бойқаронинг бир фармони хусусида фикр юритмоқчимиз.

Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Тўпқапи Сарой музейи кутубхонасида Е. 12305 инвентар рақами билан Султон Ҳусайн Бойқаронинг бир фармони сақланиб келиняпти. Султон Ҳусайннинг мазкур фармонини биринчи бўлиб француз шарқ­шунослари А. Беннингсен ва Ш. Лемерсиер-Келкужей (А. Bennigsen, Ch. Lemercier-Quelquejay) топганлар,

Султон Ҳусайн Бойқаронинг бу фармони 879 ҳижрий (1474 мелодий) йили чиқарилган бўлиб, мутахассисларнинг аниқлашича, у Султон Ҳусайн Баҳодир имзоси билан чиқарилган фармоннинг асл нусхасидир.

Бу фармон етти сатрдан иборат бўлиб, у қоғозга бир неча нусхада кўчирилган ҳамда Хуросон вилоятидан то Усмонли турк салтанатига етгунча бўлган Султон Ҳусайн Бойқарога тегишли манзилларда учрайдиган шаҳар, кент, қишлоқ ва ҳордиқ чиқариш манзиллари бошлиқлари номига юборилган бўлган.

Фармонда айтилишича, Паҳлавон Муҳаммад отлиқ усмонли турк (Рум) элчисини Хуросондан Истанбулга етиб боргунича йўлда муҳофаза этиш топширилган .

Амир Темур вафотидан сўнг Ўрта ва Кичик Осиёда содир бўлган рақиблик ва турли-туман найранглар, йўллардаги нотинчлик Султон Ҳусайн Бойқарони шундай фармон чиқаришига мажбур этган. Бойқаро ўз салтанати ҳудудида мансабдорлар ва жавобгар шахслар турк элчисини иззат­-икром, меҳмондўстлик билан қарши олишларини истаган.

Бу фармоннинг бир неча нусхалари турк элчиси қўниб ўтадиган шаҳар, кентлардаги маҳаллий мансабдор шахсларга, ҳокимларга, йул қўриқчиларига жўнатилган бўлган. Бундай пайтларда ҳар бир жавобгар шахс нима қилиши лозимлиги мўғуллар даврида ҳам, Амир Темур даврида ҳам қатъий белгилаб қўйилган эди

Ҳар бир амалдор бу фармонни олганлигига ишонч ҳосил қилиш учун Султон Ҳусайн Ҳиротдан Кичик Осиёгача отда чопар жўнатган. Маълум бекатда чопар тўхтаб, отни алмаштирган, ўзи олиб кетаётган хабарнинг шошилинч ва муҳимлигидан маҳаллий ҳукуматни хабардор этган.

Турк элчиси Паҳлавон Муҳаммад Хуросондан тўрт ҳамроҳи, тўрт хизматкори билан икки от ва бир туяда йўлга чиққан.

Хуросон Султони Ҳусайн Баҳодир (Бойқаро) бобоси Амир Темур орзуларини амалга оширишга интилиб, Рум (Усмонли турк) мамлакати билан яқин, биродарона алоқа ўрнатишга катта эътибор берганлигини мазкур фармон яна бир бор исботлайди.

Султон Ҳусайн турк элчиси Паҳлавон Муҳаммад шахсиятига жуда катта иззат-икром билан муносабатда бўлганлиги фармонда у ишлатган "ақзап қуззот мадаллоҳу" ["Оллоҳ қозилар қозиси соясини бошимиздан кўтармасин"] ибораси ҳам равшанлаштиради.

Темурийзода Султон Ҳусайннинг турк элчисини бундай улуғлаши Туркия томонида эътиборсиз қолмаган. Чунки туркларга ҳам ота юрт саналган ўлкадан етиб келган ҳар бир қутлуғ сўз уларнинг бошини кўкка кўтарган,

Султон Ҳусайн Бойқаро ҳам фармон чиқариш, расмий хат ёзиш услубини катта бобоси Амир Темур услубидан ўзга қилмаган, ўша услубни сақлаб қолган. У ҳам фармонларни, улар қайси тилда ёзилишидан қатъи назар, "сўзимиз" -"Абул Ғози Султон Ҳусайн сўзимиз" ибораси билан бошлаган [Амир Темур ва бошқа темурийлар услубига қиёсланг: "Амир Темур Кўрагон сўзимиз"; "биз ким Мироншоҳ Кўрагон сўзимиз"].

Фармоннинг кирил ёзувидаги матни:

Ҳувал Ғани

Абул Ғози Султон Ҳусайн Баҳодир сўзимиз.

Ҳукком ва доруғагон вилоёт ва мустах физони собол ва туруқ. Бидонанд, ки Паҳлавон Муҳаммад минжумла олийжаноб фазойил маоб рафъат паноҳи ақзал қуззот мадаллоҳу, зил-ла низоман аз жониби Рум жиҳати меҳмони ба Хуросон омада буд.

Дарин вило бо чаҳор нафар маовидат намуд ва чаҳор ғулом ва ду сар асп ва як нафар шутур ҳамро дорад.

Мебояд, ки мони ва музоҳим нашаванд. Ва дармароҳил ва манозил муҳавиза муовинат намуда ба саломат гузаронанд.

Дар ин тақсир нанамоянд.

Таҳриран фи зулқаъдат ул-харом, сана тис-а ва сабъин ва самона миа.

[Муҳр]

Абул Ғози Султон Ҳусайн Баҳодир

Иттала алайҳи ".

ФАРМОННИНГ ТАРЖИМАСИ:

Унинг ўзи бениёз ғани

Абул Ғози Султон Ҳусайн Баҳодир сўзимиз.

Вилоятларнинг ҳокимлари ва доруғагонлари (йўл кўрсатувчилари) билсинларки, олийжаноб, фозил, донишманд, олиймақом Паҳлавон Муҳаммад, "Оллоҳ қозилар қозиси соясини бошимиздан кўтармасин" Рум тарафдан меҳмон бўлиб Хуросонга келиб эди. Бу вилоятга тўрт киши билан келди. Тўртта қул, икки бош от ва бир туя бор эди. Уларга ҳеч ким озор бермасин ва хатарнок жойлардан уларни саломатлик билан ўтказсинлар. Бу ишда пала-партишлик қилмасинлар.

3улқаъда ойи, саккиз юз етмиш тўққизинчи санада ёзилди, ((1474 йил 9 март-8 апрел орасига тўғри келади)

[Муҳр)

Абул Ғози Султон Ҳусайн Баҳодир тасдиқлади

Мазкур номанинг олтинчи ва еттинчи сатрлари орасига, чап томонга Султон Ҳусайн Баҳодирнинг муҳри босилган. Бу фармон Султон Ҳусайн Бойқаро чиқарган юзлаб, балки минглаб фармонларнинг биридир. Бироқ шунга қарамасдан у бизнинг халқимиз учун жуда қадрли ва мўътабар ҳисобланади. Давлат сиёсатимиз бундан беш юз йил олдин ҳам бошқа халқларга ўта ҳурмат, эъзоз билан муносабатда бўлишга асосланганлигини, туркий халқлар бирлигини сақлашга темурийлар катта эътибор берганлигини қўрсатиш борасида мазкур фармоннинг аҳамияти ниҳоят даражада беқиёсдир.

Хайрулла Исматуллаев билан Би-би-си суҳбатини мана бу ерда <link type="page"><caption> ўқишингиз</caption><url href="http://www.bbc.com/uzbek/news/story/2008/04/080419_talkingpoint_ismatullaev.shtml" platform="highweb"/></link> мумкин

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio