Россиядаги меҳнат муҳожирлари: Қоч, полиция келяпти!

    • Author, Соҳиба Ҳайитбоева
    • Role, Мустақил журналист, Москва

Россиядаги меҳнат муҳожирлари учун азалий бир муаммо бор: полиция билан келишмовчилик.

Муҳожирлар полициядан душмандан қўрққандек кўрқишади. Гарчи хужжатлари жойида бўлса ҳам, улардан қочишади, иложи борича дуч келмасликка интилишади.

Аслида меҳнат муҳожирларини кўча-куйда тўхтатишга, хужжатларини текширишга уларнинг ҳуқуқлари маълум тартибларга асосланган бўлса-да, негадир рус полицияси бу қоидаларга кўп ҳам амал қилаверишмайди.

Куни кеча Москвада бўлиб ўтган "Полиция ишидан фуқароларнинг қониқиши" мавзусидаги давра суҳбатида айнан шу масала кўтарилди.

Тадбир ташкилотчиси "Мустақил матбуот хизмати" бўлиб, унда РФ Президенти ҳузуридаги фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича Кенгаш аъзолари, Москва шаҳри ички ишлар бош бошқармаси вакиллари, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Давра суҳбати иштирокчилари полиция хизмати борасида жамоатчилик назорати, ходимларининг саводхонлиги ва тажрибаси тўғрисидаги саволларни ўртага ташлаб муҳокамага қўйдилар, ҳамда ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар ишини такомиллаштириш борасида таклифлар ишлаб чиқишди.

"Ички Ишлар Вазирлиги фаолияти билан боғлиқ ҳеч бир масала Полиция фаолиятичалик баҳсларни келтириб чиқармайди", -деди РФ Президенти ҳузуридаги фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича Кенгаш аъзоси Андрей Бабушкин.

Давра суҳбатида Москвадаги "Ватандош" ўзбекистонликлар жамияти раҳбари, ҳуқуқшунос Усмонхон Баратов ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

"Меҳнат муҳожирларини депортация жараёнида ойлаб қамоқхоналарда ушлаб туришда қонунбузарликлар жуда кўп содир бўлмоқда", деди ҳуқуқшунос.

У.Баротовнинг сўзларига кўра, полиция хизматчилари меҳнат муҳожирларини тўхтатиб, уларнинг сумкаларини титкилаши, сўроқ қилишда таржимонлардан фойдаланилмаслик каби қонунни бузиш ҳоллари юз бермоқда.

"Меҳнат муҳожирини ишга олишда рус тилидан имтиҳон олиниб, камида 800 та сўзни билиши талаб этилаяпти. Бўлмаса, тил билмас экан, деб ишга олинмаяпти. Лекин ушлаб полиция маҳкамасига олиб борилганида, рус тилида битта ҳам сўз билмайдиган меҳнат муҳожирига таржимон керак эмас, деб хужжат расмийлаштиришади, имзо чектиришади", - дейди У.Баротов.

Полиция идоралари билан боғлиқ бу каби муаммолар жуда кўп.

Айниқса, полициячиларнинг меҳнат муҳожирлари билан муносабатида. Маълумки, кейинги пайтда ноқонуний меҳнат муҳожирларига қарши кураш авжига чиқди.

Полиция ходимларига кўмаклашиш учун жамоатчи патруллар ташкил қилинди. Бу эса хукумат кутган натижани берди, ҳар куни ўнлаб, юзлаб ноқонуний меҳнат муҳожирлари қўлга олина бошланди. Лекин бу сафарбарлик меҳнат муҳожирлари учун бутунлай бошқа муаммони келтириб чиқарди.

"Кунора ишга кетаётганимда йўлимни тўсишади. Ҳужжатларим жойида бўлишига қарамай, текшириб ҳам қўйиб юбораверишмайди. Авваллари маҳкамага олиб боришарди, ҳозир мени таниб қолишган. Барибир, тўхтатиб вақтимни олишни канда қилишмайди. Уларни дастидан неча марта ишга кеч қолиб, гап эшитаяпман, жарима тўлаган вақтларим ҳам бўлаяпди", - дейди Сарвар исмли меҳнат муҳожири.

Яна бир муҳожир Саидаъзамнинг сўзларига кўра, полиция ходимлари ҳар куни кечки пайт (муҳожирлар ишдан қайтадиган маҳал) метронинг ер ости йўлагида кутиб туришади. Кўзларига соддароқ кўринган муҳожирларни тўхтатиб хужжат текширишни бошлашади.

"Тўғри, сохта хужжат билан юраман, - дейди у. - Ҳар гал тўхтатишганда "қандай келишамиз?" деб сўрашади. Мен эса индамай чўнтакларига 100 рубль солиб қўяман, бўлди. Бир куни "бугун пулим йўқ, бир пачка сигаретимни бераман", дегандим, кўнишди".

Бу каби воқеалар Москва ҳаётида кунда-кунора учрайди. Шахсан ўзим кўп бора кузатганман. Ноқонуний меҳнат муҳожирларига қарши полициячилар метролардаги, муҳожирлар гавжум жойлардаги "қоғозчилар"ни қўриб кўрмасликка олишади.

Сохта хужжатлар тайёрловчи йигитчаларнинг нима сабабдан полициячилардан чўчишмаслиги сабаби билан қизиқдим.

"Биз уларга "доля" бериб турамиз", дейди "қоғозчи" йигитлардан бири. Шу тариқа, қонунбузарликнинг илдизи уларнинг ўзларига бориб тақалмоқда.

Давра суҳбатида сўзга чиққан "Миграция ва қонун" ҳуқуқий-ахборот маркази раҳбари Гавҳар Жўраева эса "Бахтимизга ҳозирги кунда вазият ўзгара бошлади", деди.

Унинг айтишича, фуқароларнинг ҳуқуқларини поймол этишда полиция иш берувчилардан кейинги, 2-ўринда туради. Шунингдек, хуқуқшунос ўз ишига виждонан ёндошмаётган полиция бўлимлари рўйхатини тузиш лозимлигини таъкидлади.

Гавҳар Жўраеванинг сўзларига кўра, сўнгги пайтларда полиция ходимларининг меҳнат муҳожирларига нисбатан зўравонлик усулларини қўллаши, ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари сабаб мазкур ташкилотга ёрдам сўраб мурожаат қилувчиларнинг сони талайгина.

Айниқса, полиция бўлимларида ҳаста муҳожирларни узоқ ушлаб туриш, хотин-қизларга нисбатан қўпол ҳатти-ҳаракатлар учун шикоятлар келиб тушиши давом этмоқда.

"Шундай воқеалар ҳам бўлаяптики, полициячи томонидан зўрланган муҳожир қизга босим ўтказилган. Қиз қаттиқ қўрқанидан ўз хоҳишим билан бўлдим, деган мазмундаги тилхатни ёзган," - дейди Г.Жўраева.

Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб, полиция бўлимларидаги муҳожирларни тутиб сақлаб туриш хоналарига "горячая линия" телефонлари рақамларини ёзиб қўйиш, ҳамда муҳожирлар қўлга олинган заҳоти бу ҳақда тегишли муассасаларни хабардор қилиш шартлиги ҳақидаги таклифлар билдирилди.

Экспертлар эса полиция махкамаларида электрон терминаллар юритишни маслаҳат бердилар. Бунда хоҳловчилар (қўлга олиниб, тутиб турилган инсонлар) худди таклиф ва шикоятлар қайдлари дафтарига ёзган сингари ўз мулоҳазаларини билдирадилар ва шу тариқа полиция иши ҳақида фуқароларнинг муносабатларини ўрганиш мунтазам равишда таъминланади.

Айниқса, ҳудудий полиция органлари раҳбарларининг аҳоли билан учрашувлари хусусида фуқароларни ахборот воситалари орқали хабардор этиб туришга эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

"Бундай давра суҳбатлари меҳнат муҳожирлари учун қандай натижа беради?" - дея сўрадик ташкилотчилардан бири ҳуқуқшунос Мирами Мелибоевдан.

"Барча фикр-мулоҳаза, таклифлар кўриб чиқилади ва умумлаштирилиб Давлат Думасига тақдим этилади", - деди ҳуқуқшунос.

"Полиция идораларининг фаолиятини тартибга солишда бу муҳим аҳамиятга эга. Меҳнат муҳожирлари учун полиция текширувлари фақат ФМХ ходимлари иштирокида бўлишини таъминлаш борасида саъий ҳаракатлар амалга оширилиши кўзда тутилган. Биз учун эса меҳнат муҳожирларининг мамлакат ҳудудида эркин ва ҳеч қандай камситишларсиз яшашлари, инсоний ҳуқуқларининг поймол этилмаслиги муҳим",-деди Мирами Мелибоев.