Уинстон Черчилнинг Ислом, ирқ ва яҳудийлар ҳақида айтганлари

"Қарама-қаршиликларга бой арбоб"

Сурат манбаси, PA

Сурат тагсўзи, "Қарама-қаршиликларга бой арбоб"
    • Author, Том Ҳейден
    • Role, Би-би-си

Буюк Британияда Уинстон Черчил ўлимининг 50 йиллиги хотирланмоқда.

Аксарият уни буюк бир арбоб ўлароқ ҳурмат қилади, аммо айримлар учун Черчил мубоҳасали бир шахс эди.

Иккинчи жаҳон урушида Британиянинг бошига қора кунлар тушган эди.

Аммо аксарият айнан Черчилнинг доно раҳбарлиги остида халқнинг руҳи тушмасдан нацистлар Олмонияси мағлуб қилинди деб ишонади.

2002 йилда Черчил энг буюк британияликлар рўйхатида Шекспир ва Дарвинлар қаторидан жой олганди.

Тарихчиларга кўра, йигирманчи асрнинг йирик сиёсий арбоби бенуқсон бир шахс эди деган қараш ҳақиқатдан йироқ эди.

Черчил Архивлари Марказидан Аллен Паквуднинг айтишича, “Черчил мураккаб, қарама-қаршиликларга бой арбоб эди ва ҳаёти давомида ана шу қарама-қаршиликлар билан курашиб яшади”.

Ирқлар масаласи

Уинстон Черчил
Сурат тагсўзи, Уинстон Черчил

Ўтган йил апрел ойида Лейбористлар партиясидан Бенжамин Виттингҳам ўзининг Twitter микроблогида Черчилни “ирқчи ва оқ ирқ устиворлиги ғоясининг яловбардори” деб ёзди.

Черчилнинг набираси Сэр Николас Соамес ғазабга тушди. Виттингҳамнинг консерваторлар партиясидан мухолифи бўлмиш Бен Валлас эса унинг фикрларини “мисли кўрилмаган даражада ҳақорат” деб таърифлади.

Кейинроқ Виттингҳамнинг бу твити ўчириб ташланди ва лейбористлар партияси ўз аъзосининг айни қарашларига партиянинг алоқаси йўқлиги ҳақида баёнот берди.

Аммо Черчилнинг “ирқчилиги” ҳақидаги даъволар биринчи бор янграётгани йўқ эди.

1937 йилда Черчил Фаластин Қироллик Комиссиясига “Мен масалан, Америкадаги қизил ҳиндулар ва ёки Австралиядаги қора танлиларга нисбатан катта бир ёмонлик қилинган деб эътироф этмайман. Яъни, бу одамлардан устунроқ, бақувватроқ ва дунё ишларида ақллироқ ирқ келиб уларнинг ерларини олиши хатолик ва ёки ёмонлик эмас”, деб айтади.

Черчил ирқлар орасида фарқлар, яъни бир ирқнинг бошқа ирқдан яхшироқ эканига ишонар эди, дейди Черчил ҳақида китоб ёзган Жон Чармли.

Унинг назарида оқ танли протестантлар биринчи табақа, кейин оқ танли католиклар бўлишган.

Шунингдек, у ҳиндлар африкаликлардан устунроқ деган тушунчага эга бўлган.

Заҳарли газлар

Черчил курдлар ва афғонларга қарши кимёвий қуролларни ишлатиш керак деган қарашлари учун танқид остига олинади.

"Мен газ ишлатиш-ишлатмасликка доир мубоҳасаларни тушунмайман, мен тараққиётсиз қабилаларга қарши заҳарли газ ишлатилиши тарафдориман деб биламан”.

Атоқли олим Ноам Чомский айнан мана шу сўзлари учун Черчилни танқид тиғи билан “сийлайди”.

Аммо “Уинстон Черчил ва Ислом дунёси” номли китоб муаллифи Варрен Доктерга кўра, бу хато қарашдир.

Муаллифга кўра, у заҳарли эмас, балки кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаш кераклигини назарда тутган.

Бенголдаги очарчилик

1943 йили Ҳиндистон ҳамон Британия назорати остида эди.

Шу йил мамлакатнинг шимолий-шарқий минтақаси Бенголда бир йил аввал Япония томонидан Бирманинг босиб олиниши туфайли мисли кўрилмаган очарчилик рўй берди.

Камида 3 миллион киши очликдан ўлади.

Ана шу вақт Черчилнинг амаллари ва ёки ҳеч бир амалга қўл урмагани кескин танқидлар остида...

“Черчилнинг махфий уруши” номли китоб муаллифи Мадҳусрии Мукержига кўра, Британия Бош вазири ўша вақт Ҳиндистоннинг буғдой эҳтиёжига кўз юмгани етмагандай, бу жабрдийда мамлакатга гуруч экспортини камайтирмаслик учун босим кўрсатади.

"Ўшанда янги озод этилган Оврўпо давлатларидаги оврўполиклар учун ғалла йиғиш керак эди. Австралиядан 170000 тонна ғалла очарчиликдан азоб чекаётган Ҳиндистонни четлаб Оврўпога келтирилди. Оврўполиклар истеъмол қилиши учун эмас, балки омборларда сақлаш учун”, дейди муаллиф.

Черчил ўшанда ҳатто очарчилик учун ҳиндларнинг ўзини айблагани айтилади.

“Ҳиндлар қуёнлар каби болалашади”.

Бу даҳшатли фожеа эди, аммо айни воқеиликка ўша пайт кечаётган Иккинчи Жаҳон уруши манзарасида қараш керак, дейди ёзувчи Паквуд.

"Черчил уруш ичида эди...Албатта, ўша пайт эҳтиёжлар, талаблар ва устивор масалалар орасида қолган. Бу мураккаб вазият эди ва у ҳар доим ҳамма нарсани оқилона ҳал қилолмас эди”.

Ганди ҳақида

"Империянинг душмани"

Сурат манбаси, BBC World Service

Сурат тагсўзи, "Империянинг душмани"

Черчил Ҳиндистон мустақиллиги учун курашган ва бугун нафақат мамлакатда, балки бутун дунёда ҳурмат билан хотирланадиган Ганди ҳақида ҳам “ўзига хос” фикрда эди.

"Гандини фақат ...рўза тутгани учун озод қилмаслик керак”, дейди у бир гал вазирларга. “Агар у ўлса, бир ёмон одам ва Империянинг душманидан қутуламиз”.

Яҳудийларга муносабат

2012 йилда Қуддусда Черчил Маркази очилиши режаланган эди.

Аммо бу ғояга қаршилар уни “ўз авлоди ва табақаси орасида антисемитизмга ёт бўлмаган шахс” деб аташади.

Черчилнинг расмий таржимаи ҳол баёнчиси Сэр Мартин Гилберт эса уни Сионистлар ғоясидан хабардор шахс бўлгани ва яҳудийлар давлати ғоясини дастаклаганини айтади.

Чармлига кўра, ҳам антисемит ва ҳам сионизмни қўллаб-қувватлаш мумкин эмас деган қараш нотўғридир.

У яҳудийларнинг ўз давлатига эга бўлиш ҳуқуқига ишонган.

Черчил назарида бу давлат Фаластин ҳудудида бўлиши керак эди.

Аммо шунга қарамай, у майда аксиляҳудийчиликдан холи бўлмаган.

Ўша давр сиёсатчиларидан камдан ками бундан холи эди...

Исломга нафратми ва ё муҳаббат?

Черчил "мураккаблиги": Фаластинда яҳудийлар давлати қурилиши тарафдори ва Исломга нисбатан қариндошларини хавотирга солиш даражасида илиқ муносабати...

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Черчил "мураккаблиги": Фаластинда яҳудийлар давлати қурилиши тарафдори ва Исломга нисбатан қариндошларини хавотирга солиш даражасида илиқ муносабати...

Liberty GB партиясининг раиси Пол Вестонни ўтган йил ирқий ҳақоратлашда шубҳа қилиб ҳибсга олишади.

Аслида у Черчилнинг Исломга доир фикрларини овоз чиқариб ўқиётган эди...

1899 йилда Черчил ёзади.

"Муҳаммадийлар динида ... муллоларига юкланган вазифалар қанчалар ваҳшиёна! Одамлар ўйламасликка ўрганишган...қишлоқ хўжалигида ишлари абгор, савдода ҳам суст ва қаерга

Пайғамбарнинг издошлари бормасин мулк дахлсизлиги ҳам кафолатланмайди”.

Чармлига кўра, бу ўша пайт аксарият британияликлар ишонган манзара эди. Черчил ҳам ана шу ёзганларига бир муддат ишонганига шубҳа йўқ.

Аммо Доктерга кўра, унинг бу ёзганлари Исломга эмас, балки 1899 йили Судандаги Маҳдийлар қавмига қаратилган.

Черчил Судандаги жангларда қатнашади.

Аслида эса яқинда ошкор бўлган маълумотларга кўра, Черчил Исломга катта қизиқиш ва илиқлик билан қараган.

Бу “ошиқлик” ҳатто унинг оила аъзоларини безовта қилган.

Черчилнинг яқинлари унинг Исломга ўтиб кетишидан хавотирда бўлишган.

1940 йилда Черчил ҳукумати Лондонда ҳиндистонлик мусулмонлар учун масжид қурилишига 100 000 фунт ажратади.

Бу мусулмонларнинг Британия Империяси учун жангларда курашгани учун ўзига хос миннатдорчилик рамзи эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002