'Чеченистон юраги' масжиди Россиянинг рамзи деб тан олинди

Танлов ташкилий қўмитаси Грознийдаги масжидни Коломенск кремли билан бир қаторда муддатидан илгари Россиянинг энг зўр меъморий обидаси, деб топди.
Аслида, танловнинг иккинчи босқичи натижаларига мувофиқ, Коломенск кремли олдинда бораётганди.
Аммо овоз бериш чоғида юзага келган техник нуқсондан кескин шикоят этиб, Чеченистон раҳбарияти масжидни танловдан чиқариб олганди.
Жумладан, Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров, "мобил операторларининг қаллобликлари ўз масжидларининг иккинчи босқичда ютиб чиқишига имкон бермагани"ни баён қилганди.
Сўнгги хабарлардан аён бўлишича, ташкилий қўмита аъзолари танловнинг иккинчи босқичида SMS орқали овоз бериш чоғида кутилмаган муаммолар келиб чиққанини тан олишган.
"Техник нуқсонлар туфайли беш миллиондан ортиқ овоз ҳисобга олинмай қолган", - дейилади ташкилий қўмита расмий баёнотида.
"Россия 10" танлови эса, худди катта машмашаларга сабаб бўлган "Россиянинг номи" лойиҳаси каби ташкиллаштирилган.
Янги лойиҳа умумий овоз беришлар орқали Россиянинг ўнта энг кўзга кўринган меъморий обидасини аниқлаб олишни кўзда тутади.
Танловда фақат битта меъморий обиданинг ғолиб чиқиши кўзда тутилмаган эса-да, август ойидаги овоз беришларда "Чеченистон юраги" масжидининг ютиб чиқиши интернетда катта баҳсу мунозараларга сабаб бўлганди.
Ижтимоий мулоқот тармоқларида, "масжиднинг Россия рамзига айланишига йўл қўймаслик", бунинг ўрнига Кремлга овоз беришга чақирилган даъватлар тиқилиб кетганди.
Чеченистоннинг ўзида эса, одамларни масжид учун овоз беришга ундаб, концертлар ва турли тадбирлар уюштирилганди.
"Чеченистон юраги"
Шахсан Чеченистон Президенти Рамзан Қодировнинг ўзи томонидан очилган масжид 2008 йилда қуриб битказилган.
"Чеченистон юраги" икки чечен урушидан вайрон бўлган пойтахт Грознийнинг қайта тикланиши рамзи сифатида барпо этилганди.
Ушбу масжид Оврўподаги энг йирикларидан бири, деб ҳам кўрилади.
Рамзан Қодировнинг отаси, Чеченистон марҳум президенти Аҳмад Қодиров шарафига унинг номи билан аталган масжидда бир вақтнинг ўзида 10 минг киши намоз ўқий олади.
Масжид 14 гектарлик майдонни эгаллаган "Чеченистон юраги" мажмуасининг бир қисми ҳисобланади.
Ушбу мажмуадан, масжиддан ташқари, Ислом университети, Диний ишлар бўйича қўмитаси, мадраса, Исломий кутубхона ва талабалар учун ётоқхона ҳам ўрин олган.
Масжидни фойдаланишга топширилишидан сал аввал бориб кўрган президент Владимир Путин, "у билан нафақат чечен халқи ва мусулмонлари, балки бутун Россия мусулмонлари ғурурланишса, арзиши"ни айтганди.












