Қозоғистон: ер хорижликларга сотилмасин!

Омма норозилиги унчалик қаршиланмайдиган Қозоғистонда сўнгги бир неча кун мобайнида ерга эгалик соҳасида ўтказилаётган ислоҳотларга қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда.

Охирги кунларда Ер Кодексига киритилган ўзгартиришга қарши норозиликлар мамлакат бўйлаб ёйилди.

Дастлаб Қозоғистон ғарбидаги Атирау шаҳрида одамлар кўчаларга чиқишди. Шундан сўнг норозиликлар шимолдаги Ақтобе ва шарқдаги Семей шаҳарларида ҳам бошланди.

Баъзи кузатувчилар ҳар бир шаҳардаги намойишчилар сонини 1000 кишидан 2 минг кишигача, дея тахмин қилдилар. Намойишлар ноодатий кўриниш бўлган Қозоғистон учун бу анчайин жиддий миқёсдир.

Одамлар нимадан норози?

Одамларнинг норзилигига асосий сабаб Ер Кодексига киритилган, хорижликларга мамлакатдаги ҳосилдор ерларни 25 йилга ижарага бериш рухсатидир.

Ушбу қонун ўтган йили ноябр ойида қабул қилинди ва шу йил июл ойининг бошидан кучга киради. Қонунга мувофиқ, ерлар сотилиши ёки ким ошди савдосида лицензия ҳуқуқини сотиб олиш имконини беради.

Одамларнинг асосий хавотири Хитой каби қўшни мамлакатлардан сармоячилар келиб, ерларни сотиб олишларидир.

Бу хавотир эҳтиросли масаладир. Ақтўбедаги намойишчилардан бри 27 апрел куни "Ерларимизни Хитойликларга бера олмаймиз. Улар бу ерга келишса, ҳеч қачон кетмайдилар" , дея нутқ қилди.

17 миллион аҳолига эга бўлган Қозоғистонда кўплар йирик қўшни мамлакат Хитой уларни "ютиб юбориши" мумкинлигидан қўрқадилар.

Ақтўбедаги намойишчилардан бирининг айтишича, "25 йилга келгандан кейин 65 йилга қоладилар. 65 йилдан кейин уларнинг авлодлари Қозоғистон фуқаролигини оладилар ва бизнинг авлодларимиз уларга қул бўладилар".

Хитой Қозоғистон билан узун чегарага эга ва охирги йилларда мамлакат энергия ва инфратизилмалари соҳасига кўплба сармоя киритиб келмоқда.

Бир тарафдан қараганда Қозоғистонда киритилаётган ислоҳотлар анчайин прогрессив.

Мамлакатдаги жорий ердан фойдаланиш борасидаги қонун-қоидалар самарали эмаслиги аён бўлган. Ҳозирда ерни кимошди савдоси орқали сотиш ёки ижарага бериш усули аслида ер олди-бердисига ошкоралик олиб келиши мумкин. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасига ўта катта эҳтиёж бўлган сармояларни олиб келиб, ташаббускорликни рағбатлантириши мумкин.

Ҳукуматнинг айтишича, янги қонун хорижликларга ерни сотиб олиш эмас, ижарага олиш имконини беради.

"Бу миш-мишларнинг ҳаммаси асоссиз. Буларни тарқатаётганлар топилиб, жазога тортилиши крак",- деди шу ҳафта бошида Президент Нурсултон Назарбоев.

Шу вақтгача мавжуд бўлган қонунга мувофиқ хорижликлар ерни 10 йилга қадар ижарага олиш имконига эга эдилар. Ҳозирда бу муддат 25 йилга узайтирилмоқда.

Ҳукуматга ишонч йўқ

Қозоғистон ҳукуматига кўплар ишонмайдилар.

Аксарият киритилаётган қонунларнинг яширин томони бор, деб ўйлайдилар. Коррупция кенг тарқалгани туфайли янги қонундан фақатгина пулдор ва қудратдагилар манфаат кўриб, қолганлар ерсиз қоладилар деган шубҳалар бор.

"Қозоғистонда ишлар қандай қилинишини биласизку. Ҳамма ерда коррупция" дейди исмини ошкор этишни истамаган бир намойишчи.

Қозоғистонда охирги маротаба йирик намойишлар 2011 йили Жанозен шаҳрида нефт соҳаси ишчилари норозилик билдирганлари эди. Ўшанда полиция уларга қарата ўқ очиб, 14 киши ҳалок бўлган.

Лекин жорий намойишлар бир шаҳарда эмас, бир неча шаҳарда бўлиб ўтмоқда.

Бу ўз ўрнида аҳоли орасида норозилик ҳисларининг кенгаяётганидан далолат беради.

Иқтисодий инқироз туфайли яшаш даражаси тушиб бормоқда.

Қозоғистон нефт экспортига деярли қарам ва жаҳон бозорларида нефт нархларининг тушиб кетгани сабабли мамлакат бюджетида камомад рўй берган.

Ҳукумат харажатларни ярмига қисқартиришга мажбур бўлди. Миллий валюта ўз қийматининг ярмини йўқотди. Ҳозирда нефт нархи аста секин кўтарилмоқда, танга ҳам қийматини оҳиста тикламоқда.

Полиция намойишчилардан бир неча кишини ҳибсга олган.

Aқтўбедаги намойишларни видеотасвирга олган бир инсон ҳуқуқи ҳимоячисини ҳам полицияга олиб бориб, сўроқ қилишган. Кейинчалик у озод этилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг