Тожикистонлик собиқ жангари: ‘Биз ИШИД учун қурбонлик эдик’

Агар, расмий рақамларга таянилса, бугун Сурияда ИШИД сафларида жанг қилаётган тожикистонликларнинг сони мингдан ортади.
Яқин Шарқда ўз исломий халифатига асос солган бу гуруҳнинг фаолияти Тожикистондан ташқари дунёнинг қатор давлатларида, жумладан, Британия ва Россияда ҳам тақиқланган.
Тожикистонлик масъулларнинг айтишларича, жиҳодчилар сафида бўлган 300 га яқин фуқаролари аллақачон жангларда ҳалок ҳам бўлишган.
Тожикистондан Сурияга асосан 19 дан 45 ёшгача бўлган эркаклар кетишмоқда.
Устига устак, бу каби хатарли саёҳатга бутунбошли оила бўлиб йўл солаётганлари ҳам оз эмас.
ИШИД, бундан ташқари, Россияда меҳнат муҳожирлигида банд тожикистонликлар ҳисобидан ҳам ўзига янги аъзолар ёллашга уринмоқда.
Ўтган йили Тожикистон Жиноят Кодексига тузатиш киритилган, унга мувофиқ, жиҳодчилар сафини ўз ихтиёри билан тарк этиб, ортга қайтишга қарор қилган мамлакат фуқароларининг авф этилишлари айтилганди.
Аммо, мавжуд тартиб-қоидага мувофиқ, бу каби шахслар Тожикистонга қайтгач, бир неча ой СИЗО да сақланади.
Мамлакат Ички ишлари вазирлиги, Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитаси ва Бош прокуратура вакиллари томонидан сўроқ қилинади.
Орада кечган вақт давомида эса, бу каби тожикистонликларнинг сони қарийб 200 кишини ташкил этган.
Пойтахт Душанбедан унча узоқ бўлмаган Ваҳдат шаҳрилик 30 яшар Бобожон Қорабоев ана шундай инсонлардан бири.
Москвада такси ҳайдовчилиги билан шуғулланган.
Аммо йўловчиларидан бири ИШИД ёлловчиси бўлиб чиқади ва у алал-оқибат Туркия орқали Сурияга кетади.
Бобожон Тожикистонда тўлиқ ўрта мактабни тугатган.
Мактабни битириб, ҳарбий институтга ўқишга кирган.
Оилавий шароити туфайли, таҳсилини ташлаб, тўрт танга илинжида Россияга меҳнат муҳожирлигига кетишга мажбур бўлган. У ерда қарийб 10 йил яшаган.
Сурияда эса, ҳаммаси бўлиб тўрт ойча бўлган. Аввалига қадимий Пальмира шаҳрига келиб жойлашган.
Бобожон Қорабоев билан Би-би-си Рус Хизмати мухбири Анора Саркорова суҳбатлашишга муваффақ бўлган:

Сурат манбаси, AFP
Бобожон Қорабоев: 2015 йилнинг ёзида мен ва ИШИД сафларига янги ёлланган яна 150 кишини учта автобусга солиб, Пальмира шаҳрига келтиришди. Пальмира ўша пайтда ИШИДнинг қўлида эди. Жангариларнинг ҳарбий тайёргарликдан ўтказувчи жамлоғи шаҳарнинг тарихий қисмидан уч чақиримча узоқликда жойлашганди. Жамлоқни ИШИДнинг махсус бўлинмаси юритарди. Ростини айтсам, Пальмиранинг қадим тарихи ҳақида кўп нарса билмасдим. Аммо, шаҳарни кўргач, унинг гўзаллигидан ҳайратга тушдим. Ҳашаматли устунлар, арклар, пальмалар...Шаҳарнинг қандайдир хос фазоси бор эди. Аммо шаҳарнинг ҳар икки: ҳам тарихий ва ҳам замонавий қисми жанглардан ниҳоятда катта зарар кўрганлиги шундоққина кафтдек кўзга ташланиб турарди. Пальмира кўчаларида чилпарчин бўлган устунларнинг бўлаклари сочилиб ётар, атрофдаги ҳамма нарса харобага айлангандек кўринарди. Мен бу ернинг қаерлигини араб йўриқчимиздан сўрадим. У менга бу жойнинг Пальмира шаҳри экани, яқинда ўзлари босиб олиб, бузиб-вайрон қилишганини айтди. Шундайин қадимий обидаларни вайрон қилишнинг нима кераги бор эди, десам, динимизга тўғри келмайди, шу боис ҳам, неки куфр бўлса, яксон этилиши керак, деди. Аммо кейинчалик фақат пуллаб бўлмайдиган нарсаларнинггина вайрон қилингани, қиммати бор неки бўлса, аллақачон сотиб юборилганини сездим. Бу ишга қўл урганларни эса, музей осори-атиқаларининг қанчалик динга мувофиқ келиши ёки йўқлиги заррача ҳам қизиқтириб ўтирмаганлиги аён эди. Диний қарашларини бир четга йиғиштириб, имкони бўлган ҳамма нарсадан пул қилишга интилишган. Буни яна англаб туриб, ўзларининг қанчалик шафқатсиз эканликларини намойиш этиш, ўз кучларини кўрсатиб қўйиш ва одамларнинг кўнгилларига қўрқув солиш учун қилишган. Улар ўзларини гўёки Исломнинг номидан иш тутаётгандек қилиб кўрсатишади. Аммо ИШИД жангарилари Сурияда қилган ишларни айтсам, уларнинг ҳеч бири нафақат Ислом, балки бирор бир динга тўғри келмайди. Мен Пальмирада унча кўп бўлмадим. Аммо бизни тутиб турган шарт-шароитларга чидаб бўлмасди. Иссиқ, очлик, ташналик...Алал-оқибат мен чидаб туролмадим. Норозилигимни изҳор эта бошладим. Ҳеч қанча вақт ўтмай, қилган ишим учун мени қамоқхоналарига ташлашди. Қамоқхона ҳам шундоққина ёнгинамизда жойлашган ва менга ўхшаган норозилар учун мўлжалланганди.
Би-би-си: Энди, тайёргарлик жамлоғида сизларга нималарни ўргатишди?
Бобожон Қорабоев: Тайинли ҳеч бир нарсани. Бу тайёргарликдан кўра кўпроқ ўзига хос бир синов муддатига ўхшаб кетарди. Менимча, улар бизнинг қанчалик уруш оғирликларига дош бера олишимиз, ўзларига маъқул одамми, йўқлигимизни билишни исташарди. Мен билан бирга келган 150 одам орасидан фақат уч нафаримиз тожикистонлик эдик. Қолган барчалари араблардан иборат, кейин бир нафар яманлик таржимон ҳам бор эди. Ҳаммамиз тенгдош – 25 ва 30 ёшлар оралиғида эдик. Бизга кунига бир шиша сув ва етти дона анжир беришарди. Гоҳ-гоҳида махсус совутгич ўрнатилган жуда қимматбаҳо машинада қўмондоннинг ўзи келиб, аҳволдан бохабар бўлиб кетарди. Менга ўхшаб Сурияга келиб қолган йигитлар аксариятининг муаммомиз шунда эдики, биз уларнинг яхши иш, адолатли давлатга оид гапларига учганмиз. Аммо ўзимиз бу ерга келиб гувоҳ бўлган ҳолат буткул бошқача бўлиб чиқди.
“Иш муаммоси. Инқироз”
Би-би-си: Сиз ИШИДнинг ёлловчиси билан қандай қилиб танишиб қолдингиз?
Бобожон Қорабоев: Мен 10 йилча Россияда ишладим. Аввалига Самарадаги ресторанларнинг бирида ошпазга ёрдамчилик қилдим. Кейин Москвада ўзимга машина сотиб олдим. Шахсий йўлда киракашлик қилиб, пул ишлай бошладим. Кейин Петербургга кетдим. Менга саёҳат қилиш ёқарди. Одамларни Сурияга юбориш билан шуғулланувчи ёлловчи билан тасодифан танишиб қолганман. Бир неча марта машинамга чиққан. Асли тожикистонлик. Исмини менга Абдураҳмон, деб таништирган. Доимий мижозимга ҳам айланиб қолганидан, тез-тез гаплашиб турардик. У менга Сурия ҳақида гапириб берарди. Доимо Тожикистондаги адолатсизликлардан сўз юритар, Россияда ҳар хил видеоларни қўйиб берарди.

Ўша пайтда мен ҳам пулдан анча қийналиб қолгандим. Россиядаги инқироз бизнинг ишимизга ҳам таъсир қилганди. Шунда бояги одам менга Сурияга боришни таклиф қилиб қолди. Борасан, кўрасан, балки, кўпроқ пул ишлаб оларсан, ёқмаса, қайтиб келаверасан, ҳеч бир муаммо бўлмайди, деди. Ўша пайтда мен Сурия билан умуман қизиқмасдим. Бу мамлакат ҳақида эшитган-билганларим фақат телевизор орқали берилаётган хабарлардан иборат эди, холос. ИШИД ҳақида ҳам худди шундай. Берилаётган янгиликлардан бошқа бу гуруҳ ҳақида ҳеч нарса билмасдим. Уларнинг ёлловчиси эса, Сурия анчайин тинчиб қолгани, ИШИД назорати остидаги ҳудудларда турли фабрика ва корхоналар ишлаб ётгани, шундай экан, бориб, бемалол пул ишлаб, қайтишим мумкинлигини айтди. Ёлловчилар(кейинчалик мен улардан яна бири билан танишгандим. Унисининг исми Халил эди) жуда уста психолог бўлишади. Улар оғир аҳволда қолган одамларни ўзларининг ўлжалари сифатида танлашади. Ишсизлик, мавқеингизнинг ноқонунийлиги, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот ходимларининг таҳқирлари, тақирбошлар, адолатсизлик эса, ёлловчилар учун яхшигина манба вазифасини бажаради. Улар сизни шундай зомбига айлантириб ташлашадики, ортиқ нима рост, нима ёлғон эканини фарқлай олмаслик даражасига борасиз. Ёлловчиларнинг ҳар бир сўзига ишониб қоласиз. Ақлингиз эса, анча кеч, ортиқ ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайдиган бир пайтда киради. Ёлловчи учун эса, одамларни ёллаш – иш. У ана шу фаолияти орқасидан пул топади. Мени ИШИД сафларига ёллаган одам Мисрда таҳсил олган. Ўша ерда қарашлари мутаассиблашган. Уни ёлловчиликка махсус тайёрлашган. Ҳамма ижтимоий мулоқот тармоқларида уларнинг ўз саҳифалари бор. Улар ўз аккаунтларига кирган ва қизиқиш билдириб қолган барча билан мулоқотга чиқишади. Пулсиз, ночор аҳволда қолган инсонлар эса, биринчилардан бўлиб уларнинг ўлжасига айланишади. Сурияда эканман, бир кун нега мени бу куйларга солдинг, деб, ёлловчимга қўнғироқ қилишга аҳд қилдим. У бўлса кулиб, сени тез орада ўлдиришади, жуда ишонувчан, содда одам экансан, бу – менинг ишим, мен сенга ўхшаганлардан қанчасини Сурияга юборганман, дея жавоб берди. Яна, менга ўхшаган одамларнинг ҳеч кимга кераги йўқ экани, тақдиримизда битилгани – ном-нишонсиз ўлиб кетиш эканини ҳам қўшимча қилди.
Би-би-си: Сафар харажатларини ким кўтарди?
Бобожон Қорабоев: Табиийки, менда ундай пул йўқ эди. Аммо бу муаммо эмас экан. Менга чиптани ўзлари олиб беришди, Туркия-Сурия чегарасигача бўлган йўл харажатларини ҳам аввалдан тўлаб қўйишди. Бизни Истамбулда кутиб олишди. Кейин Туркиянинг Сурия билан чегарадош Газиантеп шаҳрига олиб кетишди. Таксида 18 соатлик йўл экан. Ўтган йилнинг апрел ойлари охирлари эди. Сурия томонида бизни бошқа машиналарга жойлаштиришди. Русча гапирувчи бир доғистонлик йигит кутиб олди. Паспорт ва уяли телефонларимизни олиб қўйди. Менга бу ер ёқмади, кетаман, десам, биродар, бу ердан ортга йўл йўқ деди, у худди мазах қилгандек. Шунда мени алдашгани ва нималарга аралашиб қолганимни англаб етдим. Биз билан бирга Туркиядан Сурияга кесиб ўтганларнинг сони эса, бир неча юзга етарди.
“Очиқ туйнук”
Би-би-си: Сурия-Туркия чегарасини кесиб ўтиш шунчалар осонми? Қаерга кетаётганингизни билиб ҳам, сизларни олиб бориб қўйишга рози бўладиган киракашларни топиш қийин эмасми?
Бобожон Қорабоев: Биз Туркия-Сурия чегарасини бемалол кесиб ўтдик. Анча узоқда туркиялик чегарачилар ва ҳарбийларнинг казармалари кўзга ташланиб турарди. Аммо ўзаро чегаранинг биз ўтган қисмида ҳеч ким йўқ эди. Устига устак, каттагина туйнук очилган бўлиб, одамлар хотиржам ўтиб-қайтишарди. Нега бундайлигига ақлим етмадию, аммо мазкур ҳолатнинг тасодифий эмаслигига ишончим комил эди. Истамбулда эса, ёлловчиларнинг таниш таксичилари бор. Ўшалар сизни Сурия чегарасигача элтиб қўйишади. Улар қилаётган ишларини, кимни, қаерга элтишаётганини яхши билишади. Чегарадан кесиб ўтаётганимизда эса, таксичим, ҳатто, мени ва ҳужжатларимни суратга олиб, кўз олдимда ёлловчимга жўнатиб юборди. Менимча, таксичи шу йўл билан унга ҳисоб беради ва хизмат ҳаққини олади. Бирлари бизни чегарагача элтиб қўйишгани, бошқалари эса, “хавфсиз туйнук” очиб беришгани учун пул ишлашади. Чунки бу ҳудуд қўриқланувчи ва ёпиқ эканига қарамай, биз бамайлихотир чегарани кесиб, Сурия томонига ўтдик. Бизни чегарагача иккита таксида олиб келишди. Уларнинг орасида эркаклардан ташқари, аёллар ва болалар ҳам бор эди. Мен у ерда Қирғизистон фуқароларини ҳам кўрдим.

Сурат манбаси, AP
Эртаси куни бизни Раққага олиб кетишди. Йўлда олтита назорат нуқтасига кўзим тушди. Аммо улардан бирортасида бизни тўхтатишмади: биз тушган машина ҳам, бизга ҳамкорлик қилаётган доғистонлик ҳам уларга яхши таниш эди. Ярим ойча мени ертўлада сақлашди. У ерда мендан ташқари яна икки юзтача одам бор эди. Ҳаммаси менга ўхшаб яқинда келган, ёш йигитлар эди. Ораларида французлар, испанлар, араблар ва руслар ҳам бор эди. Ертўлада улардан бири билан танишиб қолдим. Калининграддан экани, яқинда Ислом динини қабул қилганини айтди. Менга русча исмини айтмади, ўзини Абу Талха, деб таништирди. Бизга кунига бир маҳал гуручли бўтқа беришарди. Бир ойча ҳар биримиз ҳақимизда маълумот йиғишди. Одам жуда кўп эди. Чунки ертўлада қоплаб паспортлар, уяли телефонлар ва бошқа шахсий буюмларга кўзим тушди. Чунки бунга ўхшаш нарсаларни янги келганлардан йиғиштириб олишади, сизни текшириб бўлишгач, шахсий маълумотларингиз битилган битта қоғоз беришади. У сизнинг янги ҳужжатингиз саналади.
Би-би-си: Танишув жараёнида шаҳарга чиқиш, у ердаги вазиятни ўз кўзингиз билан кўриш ва маҳаллий аҳолининг ҳаёт тарзига ҳам назар ташлаш имкони бўлдими?
Бобожон Қорабоев: Йўқ. Бизни ертўладан ташқарига чиқаришмади. У ерда тартиб-интизом жуда қатъий. Ҳеч ким ҳеч нарсанинг фаҳмига боролмайди. Ўша ерда илк бор бир тунислик йигитчани ўлдиришганига ўз кўзларим билан гувоҳ бўлганман. У биз билан бирга келганлардан эди. Жосус экан, деб айтишди. Аммо ким норозилигини ошкора изҳор этишни бошласа, дарҳол қатл этишар ёки зудлик билан қамоқхонага ташлашарди. Ҳеч бир танқид ва бирор бир саволга ўрин йўқ эди.
Раққадан бир гуруҳ одамларни Табхага олиб кетишди. Бу ер ИШИД сафларига янги ёлланган русийзабонлар учун мўлжалланган экан. Шу боис, мен ҳам Табхага тушдим. Жамлоғимиз ҳам ўша жойнинг ўзида жойлашган экан. У ерда бизга қурол-яроғ ишлатишни ўргатишди, жисмоний машқлар қилардик, кейин қисқа муддатли ҳарбий сабоқ ҳам олдик. Бизга пул тўлашмасди, кунига бир маҳал овқат беришарди, холос. Машқларимиз тугагач, бизни тақсимлашга киришишди. Аммо ўша пайтга келиб, мен билан бирга Табхага келтирилган 20 нафар тожикистонликдан тўрттамиз омон қолгандик, холос. Бизга айтишларича, улар ё отишма ва ёки портлаш остида қолиб, ҳалок бўлишган. Табхада бизга ўхшаган янги ёлланганларни фақат икки ойгача ушлашади, холос. Ватандошларимнинг аксарияти эса, менга ўхшаган Россиядан ёлланган меҳнат муҳожирлари эди. Уларнинг ҳаммаси Сурияга келишганидан жуда афсусда эдилар. Барчалари ортга – ватанга қайтишни орзу қилишарди. Ҳеч кимнинг жанг қилгиси ва ўлгиси йўқ эди. Чунки ҳеч биримиз нима учун жанг қилаётганимизни билмасдик. Мен бошқа ватандошларимдан ҳам ИШИД сафларига қандай қилиб тушиб қолишгани ҳақида сўраганман. Улардан бирининг менга айтишича, банкдан қарз олган, аммо уни қайтаришнинг уддасидан чиқа олмаган. Ёлловчи эса, Сурияга борсанг, қарзларингни биз ёпамиз, деб ваъда қилган. Аммо, ҳеч қанча вақт ўтмай, бечора ўлиб кетди. Тожикистонда иккита боласи ва тўланмаган қарзи қолиб кетди. Қарзидан ҳам қутулолмади. Ҳамма қўрқув ва ваҳима ичида эди. Нима учун ҳам Сурияга келдик, дейишарди. Аммо бир-биримиз билан кўп мулоқот қила олмасдик. Агар кимдир бошқа бировимизнинг керагидан ортиқ сиридан огоҳлигини билиб қолишса, ўлдиришарди. Ўлимга йўлланган шахсдан бошқа сиз у ерда ҳеч ким эдингиз.
Би-би-си: ИШИД назорати остида бўлган ҳудудлардаги ҳаёт қандай экан? Тасвирлаб бера оласизми?
Бобожон Қорабоев: Табхада бир машъум воқеанинг гувоҳи бўлганман. Бир машина келиб тўхтади. Ичидан 25 ёшлар чамали бир йигитчани олиб чиқишди. Битта қоғозга битилган ҳукмни ўқишди-да, бошини танасидан жудо қилишди. Шундоққина шаҳарнинг марказида. Мени ҳайратга солгани ҳеч кимнинг пинагини бузмагани бўлди. Ҳамма бу каби ёвузликлар, қон ва ўлимга кўникиб қолган. Қаердадир ён-атрофда жанглар борар, бу ерда ИШИДнинг номидан одамларнинг калласини олишар, осишар экан, одамлар бемалол ўтиб-қайтар ва кундалик юмушлари билан банд бўлишарди. Худди ҳеч кимга ҳеч нарса таъсир қилмаётгандек таассурот пайдо бўларди. Энг ҳайратланарлиси, ҳатто, қатл этилишга олиб кетилаётган одамларнинг ҳам сассизлиги эди. Улардан бирортаси бақирмас, ёлвормас, қотилларини ўз фикрларидан қайтаришга ҳаракат қилишмасди. Бунинг фойдасиз экани, бу каби одамлар билан гаплашиб кўришнинг бирор бир фойдаси йўқлигини англаб туришарди. Чунки уларнинг кўнгилларида раҳм-шафқат уйғотишнинг ўзи иложсиз бир нарса эди. Улар учун биз шунчаки инсоний маҳсулот, қурбонлик, қулдан ўзга нарса эмасдик. Мутлақ қонунсизлик муҳити ҳукмрон эди. Табассум қилиш, кулиш, уяли телефонда бирор бир ўйин ўйнашингиз мумкин эмасди. Бир-бирингиз билан мулоқот қилишингиз ҳам хушланмасди. Бунинг учун сизни жазолашлари ҳам мумкин эди. Китоб ва газета умуман кўзга ташланмасди. Одамлар дунё бехабар яшашарди. Шаҳар аҳолиси эса, имкон қадар кўчага чиқмасликка ҳаракат қиларди. Хотин-қизлар мутлақ ўраниб олишган. Эркаклар ўз юмушлари билан банд эди. Болаларни махсус мактабларга олиб кетишарди. Мен бу ҳарбийлаштирилган мактабларда, ҳатто, икки-уч яшар гўдакларни ҳам кўрганман. Сурияга оиласи билан келганлар учун эса, ортга йўл буткул ёпиқ эди. Чунки болаларини ИШИД жангарилари олиб қўйишади. Уларнинг наздларида болалар – ИШИДнинг мулкидир.
Жанг учун 50 доллар

Сурат манбаси, AP
Би-би-си: Сиз қандай қилиб қочишга муваффақ бўлдингиз?
Бобожон Қорабоев: Мен Сурияда жаъми тўрт ойча бўлдим. Аммо илк келган кунимдан бошлабоқ қочиш режасида бўлганман. Аммо ҳеч кимга айтмаганман. Ҳатто, ўз бўлинмадагиларимга ҳам. Чунки ҳеч кимга ишониб бўлмасди. Агар, кимгадир ўз режанг ҳақида айтиб қўйсанг ва бу ҳақда билиб қолишса, ўша одамни, у чақиб беришга улгурган бўлса, сени ўлдиришарди. Шу боис ҳам, ҳеч ким ҳеч кимга миқ этмасди. Бир-биримиз билан фақат имо-ишора орқали мулоқот қилардик. Маҳаллий аҳолига мурожаат қилиш ҳам фойдасиз эди. Уларнинг ИШИДни кўрарга кўзлари йўқ. Ўзларининг озод қилинишларини кутиб ётишибди. Аслида ҳам, бу одамларни нима учун яхши кўриш керак? Шаҳарларни вайрон қилиб, яқинларингизни қатл этишгани учунми? ИШИД назорати остидаги ҳудудларда бошбошдоқлик ҳукмронлик қилгани боис, одамларда қўрқув туйғуси кучли. Салгина хато учун қатл этилишингиз мумкин. Ўзим танишиш ва гаплашишга муваффақ бўлган аксарият собиқ Шўро давлатлари фуқаролари ҳам ўзларини алданган ҳис этишарди. ИШИД жангарилари содир этаётган ваҳшийликлар уларни руҳан ларзага солган. Улардан кўпчилиги бу – мусулмонларнинг иши эмас, деб ошкора айтмоқчи ҳам бўлишган. Қилган журъатлари учун улардан айримлари қамоқхонага ташланган, бошқалари ўлдирилган. Жанг қилишни истайсанми-йўқми, деб ҳам биров сендан сўраб ўтирмайди. Шундоққина уруш жабҳасига олиб боришади, қўрол-яроғ беришади. Ўлдир, дейишади. Биз у ерда жонли нишон эдик. Амирларимиз(қўмондонларимиз) асосан доғистонлик ва чеченлар эди. Улар қайтиб борсангиз, сизларни жиноий жавобгарликка тортишади, деб бизни қўрқитишарди. Мен фақат бир марта жангда иштирок этганман. Шунда ҳам, қандай қилиб омон қолганимни билмайман. Бўлинмамиз шиддатли отишма остида қолган. Ҳатто, бошимни ердан кўтариб, ён-атрофимга ҳам қаролмаганман. Ўша жангда ўзим билган кўпчилик таниш-билишларим ҳалок бўлишган. Уларнинг бир марта қарши ўт очишга улгуришганига ҳам ишонмайман. Бизни жонли қалқон сифатида жабҳанинг олд сафларига ташлашар, яққол ўлимга йўллашарди. Жангдан омон қолганларга эса, 50 доллар бериб, совун ва кир ювиш кукуни олиб, ўзларингни тартибга келтириб олинглар, дейишарди.
Бир кун кутилмаганда кўзим такси ҳайдовчисига тушиб қолди. Шартта ёнига бордиму, мени чегарагача элтиб қўя олмайсизми, деб сўрадим. Пул бердим. Назорат нуқтасида эса, исломий халифатда менга беришган ҳужжатни кўрсатдим. Ўтказиб юборишди. Янги ёлланганларни чегарада кутиб олади, деб ўйлашди шекилли. Ярим тунга яқин чегарани кесиб ўтдим. Бу гал ҳам чегаранинг нариги томонида ҳеч ким йўқ эди. Ҳатто, симтўсиқнинг қораси ҳам кўзга ташланмасди. Бийдек яйдоқ жой эди. Бир соатча пиёда йўл босиб, одамлар яшайдиган қандайдир жойга етиб олдим. Одамлардан полицияга қўнғироқ қилиб беришларини сўрадим. Курдлар бўлса-чи, деб жуда қўрқдим. Чунки улар мени ўлдиришлари мумкин эди. Туркия полициясига тожикистонлик эканимни айтдим, аммо Сурияга бормоқчи бўлгану, фикридан қайтган одам сифатида таништирдим. Мени Тожикистон элчихонасига топширишди. Элчихонадагилар ҳужжатларимни тўғрилаб, ортга қайтариб юборишди. Тожикистонда эса, масъулларга ўз ихтиёрим билан таслим бўлдим ва ҳамма гапни айтиб бердим. Текширишди, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат Миллий Хавфсизлик қўмитаси ходимлари мен билан гаплашишди, шахсимни аниқлашгач, қўйиб юборишди. Тожикистонлик масъуллар ўз ваъдаларининг устидан чиқишди. Ўз ихтиёри билан ортга қайтганларни жиноий жавобгарликдан соқит этишди.
Би-би-си: Сурияда эканингиздан оилангизнинг хабари бормиди?
Бобожон Қорабоев: Бу нарса уларнинг ҳатто хаёлларига ҳам келмаган. Фақат Тожикистонга қайтганимдан сўнггина бу ҳақда хабар топишди. Онам касалхонага тушиб қолдилар. Москвада ишлайдиган акамни эса, Олмонияга кетаяпман, бизнес билан шуғулланмоқчиман, машина олиб келаман, деб алдадим. Оиламга шунча дарду алам етказган бўлсам ҳам, улар мени қўллаб-қувватлашади. Ҳаётимни йўлга қўйиб олишим учун қўлларидан келганча кўмак беришга уринишаяпти. Мен ҳам жамият, ҳам оилам ва ҳам ватаним олдидаги айбимни ҳис этиб турибман. Қўшнимларимнинг муносабати эса, турлича бўлди. Ўзимнинг Сурияга бориш қароримдан минг марта пушаймон бўлдим.
Менга ўхшаганга ким ҳам қиз берарди?
Би-би-си: Ҳозир ҳаётингиз қандай кечмоқда?
Бобожон Қорабоев: Ҳаётимни янгитдан қуришни жуда-жуда истайман. Ҳамма нарсани унутишни хоҳлайман. Бу – осон эмас. Ортга қайтгим, ҳамма нарсани ўзгартиришни қанчалар исташимни билсангиз эди...Аммо, биламан, бунинг ҳеч бир иложи йўқ. Ҳаётимни шу ўтмишим билан давом этдиришим лозим бўлади. Тожикистонда ҳамма дўстларим, синфдошларим мендан юз ўгиришди. Кўча-куйда ҳам мени кўриб, ўзларини кўрмаганга солишади. Уларни ҳам тушунаман. Ҳатто, ўзим ҳам кўчага чиқишга уяламан. Хижолат ва дарду аламдаман. Деярли ҳеч ким билан гаплашмайман.
Жудаям оила қуриш истагим бор. Аммо уйдагиларим оғиз солган ҳамма қизлар рад жавобини беришди. Мендек одамга ким ҳам қизини берарди?
Бундан ташқари, Тожикистонда, барибир, қора рўйхатда тураман. Менга қайтиб ишонишлари учун ҳали кўп иш қилишим керак. Турли иғво ва шубҳаю гумонлардан хавотирдаман. Яна мендан фойдаланишмасин, деб қўрқаман.
Суриядан келаётган хабарларни изчиллик билан кузатиб бораман. ИШИД устидан қозонилаётган муваффақиятлардан қувончимнинг чеки йўқ. Дунёқарашимда ҳам кўп нарса ўзгарди. Мен бу одамларнинг Исломдан қанчалик нафратланишларини тушуниб етдим. ИШИД жангарилари – уруш учун атайдан тайёрланган одамлар. Ислом, дин эса – улар учун бир ниқоб. Уларнинг таъсирига тушиб, алданиб қолаётган ёш йигитларга раҳмим келади.
Бу – жиҳод эмас. Сурия уруши бу – катта бизнес, пул, кимларнингдир манфаатлари дегани. Бошлиқлари, қўмондонлари, ёлловчилари ўз вазифаларини бажариб беришади ва бунинг ортидан пул ишлашади. Оддий жангарилар, яъни, уларнинг алдовларига учган ёш-ёш йигитлар – қурбонликка айланишади. ИШИД лидерлари шафқат нималигини билишмайди, уларда на-да инсонийлик ва на-да бирор бир қадр-қиммат тушунчаси бор. Мен қилган хатони бошқа ҳеч бир ким такрорламаслигини истайман. Ҳалиям омадим кулиб боқди, омон қолдим. Аммо кўпчилик ўз яқинларининг кўнгилларини тилка-пора қилиб, ким ва нима учун эканлигини билмай, ўлиб кетишади.
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
- ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - http://bbc.in/1RWaATf
- Instagram - BBC UZBEK
- Twitter - BBC UZBEK
- Odnoklassniki - BBCUZBEK
- Facebook - BBC UZBEK
- Google+BBC UZBEK
- YouTube - BBCUZBEK (http://bbc.in/1TzgAUw)
- Skype - uzbekbbclondon
- bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг.












