Тожикистонда Исломий партия идораси ёпиб қўйилгани нимани англатади?

Сурат манбаси, BBC World Service
Тожикистон Ислом Уйғониш партиясининг Душанбедаги асосий идораси муҳрлаб кетилган.
Мазкур ҳолат 15 сентябрда партиянинг қурултойи ўтиши режаланган бир пайтда кузатилмоқда.
Душанбедан журналист Мардон Муҳаммадга кўра, ТИУПнинг Душанбедаги идораси 24 август куни шаҳар Иқтисодий суди қарори асосида вақтинча ёпилган.
"Қарорга кўра, Тожикистон Ислом Уйғониш партияси бу бинони ноқонуний тарзда "Тижорат" номли ширкатдан сотиб олган. Энди маҳкама бир ҳайъат ташкил этиб, бу ишни кўриб чиқиши лозим. Айтилишича, келгуси 10 кун давомида партия идораси ёпиқ қолади", дейди журналист.
Тожикистон Ислом Уйғониш партияси раиси ўринбосари Маҳмадали Ҳайит маҳкама қарорини "ноқонуний" деб атаган. Унга кўра, бу амалдан мақсад партияси фаолиятига тўсиқ қўйиш ва 15 сентябрга мўлжалланган қурултойининг бўлиб ўтишига йўл қўймасликдир. Олдинроқ, ТИУП қурултой жараёнида партиянинг янги раҳбарияти сайланиши ҳақида маълум қилганди.
Сўнгги ойлар мухолифатдаги асосий фирқа - Тожикистон Ислом Уйғониш партияси аъзоларига нисбатан ҳукумат босимлари ва тазйиқлари ортиб бораётгани борасида хабар бериб келинди.
Ой бошларида Ислом Уйғониш партияси босмахонаси "тозалик қоидаларига амал қилмагани" айтилиб, фаолияти тўхтатилганди.
Кузатувчилар мазкур амални ҳам ҳукумат томонидан партияга қарши кўрилаётган чоралар навбатдагиси сифатида кўрадилар.
"Баъзи кузатувчилар Душанбе шаҳар ҳокимияти Тожикистон Ислом Уйғониш партиясининг ўз қурултойини ўтказиш учун жой бериш борасидаги сўровларини беэътибор қолдиргани, энди эса, йиғин учун ягона танлов бўлган партия идорасини ёпиб қўйишганига эътибор қаратадилар. Улар мазкур қадам ТИУП фаолиятига жиддий тўсиқ бўлиши мумкинлигини айтадилар", дейди Душанбедан журналист Мардон Муҳаммад.

Сурат манбаси, internet
Ислом Уйғониш Партияси Тожикистондаги энг йирик мухолиф партия ҳисобланади. Шунингдек, у Марказий Осиёда расман рўйхатдан ўтган ягона Исломий фирқа ҳамдир.
Мухолифат аъзолари, жумладан, Ислом Уйғониш Партияси 1997 йил 5 йиллик ички урушларга барҳам берган тинчлик битимига биноан ҳукумат таркибида фаолият қилиш ҳуқуқига эга бўлган.
Бироқ, ўшандан бери Президент Имомали Раҳмон қудратни ўз қўлида мустаҳкамлаган ва мухолифат аъзоларини ҳукумат лавозимларидан қарийб олиб ташланган.
Март ойида бўлиб ўтган парламент сайловларида Исломий Уйғониш партияси талаб қилинган 5 фоизлик натижага эриша олмагани туфайли 2010 йилдан бери ўз тасарруфида бўлган парламентдаги икки ўринни йўқотган. Ғарб ва мухолифат сайловлар демократия андозаларига мос ўтмаганини айтишган.
Сайловдан сўнг партия раҳбари Муҳиддин Кабири мамлакатни тарк этган. Сўнгги маълумотларга кўра, у ҳозир Туркияда қолмоқда.
Айрим кузатувчилар Тожикистон ҳукуматининг босимлари Ислом Уйғониш Партияси фаолиятига буткул барҳам беришга қаратилганини айтадилар. Ҳозирда партия сиёсий саҳнадан бутунлай кетиши эҳтимоли юзасидан ҳам миш-мишлар пайдо бўлган.
Душанбедан журналист Мардон Муҳаммад билан суҳбатни тўлиқ тингланг:
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












