“Жасадига ўт қўйилган Фархунда кўз ўнгимдан кетмайди...”

Сурат манбаси, Reuters
Афғонистон пойтахти Кобулда Қуръони Каримни ёқишда асоссиз айбланиб, оломон томонидан бир аёлнинг ўлдирилиши ортидан норозилик чиқишлари ҳануз давом этмоқда.
Фархунданинг қонга беланган ҳолда туширилган суратлари бутун жаҳонни ларзага солган.
Жумладан Би-би-си Афғонистон хизматидан Карим Ҳайдарини ҳам...
Карим яқиндагина Кобулда бўлган вақти Фархунда муллага қарши чиққани айтилган Шоҳ Ду Шамшира мақбарасига ҳам борганди.
У Кобулдаги бу ваҳшатнок фожеа ҳақида ўз оғриқларини ҳикоя қилади.
"Мен тўрт кундан бери кечалари ухламай чиқаман. Мени ухлатмаётган нарса - қулоғим остидаги оломон шовқини ва уриб ўлдирилган, қонга беланган аёл жасадининг ёқилиши манзарасидир…
Фархундага қарши ҳужум бу ердан мингларча чақирим узоқликда, менинг она шаҳрим Кобулда рўй берди.
Лекин бу зўравонлик мени нисбатан осуда Лондонда тинч қўймаяпти...
Балки мен эркак бўлганим учун ўзимни гуноҳкор ҳис қилаётгандирман...
Қолаверса, эркаклар ҳамма келиб чиққан урушлар ортидаги сабабчилар эмасми?
Балки мен афғон бўлганим учун ўзимни гуноҳкор сезаётгандирман?..
Менинг ватанимдаги эркаклар мамлакатнинг у ёки бу бурчагида бот-бот бу каби мусибатни аёллар бошига ёғдириб туришади.
Фархунда Кобулдаги Шоҳ Ду шамшира мақбарасига қадам босишидан бир неча ҳафта аввал мен Кобулни тарк этгандим.
Бу мақбара Кобул дарёси бўйида қад ростлаган гўзал бир иншоотдир.
Бу ердан шаҳар марказий бозори ва Президент қароргоҳига қадар пиёда борсангиз бўлади.
Одамлар бу ерга кўпинча бирон бир касалликдан шифо ё ўз муаммоларига ечим топиш учун келишади.
Ирим қилиб мақбарага бирор мато парчасини боғлаб кетадилар.
Мен ҳам Кобулда бўлган вақтим у ерга бориб,Калифорниядаги бир танишимнинг илтимосига биноан қийқим боғлаб келгандим.
Дўстим ҳатто мен боғлаган қийқимнинг суратини олиб ўзига жўнатишимни ҳам сўраганди.
Мақбара зиналаридан кўтарилар эканман, шу ерда аёллар гуруҳ бўлиб йиғилганларини кўрдим.

Чоршанба куни эди, бу куни мамлакат бўйлаб аёллар турли мақбараларда ибодатга йиғиладилар.
Мен ичкарига кириб, яшил пластикка ўралган тўрт устундан бирига қийқимни боғладим.
Бутун мақбара турли рангдаги кўплаб бошқа боғланган қийқимларга тўла эди.
Ўрта ёшли бир аёл "Нима учун ният қилдингиз" дея, оломон орасида овозини эшитишим учун баланд оҳангда сўради.
Буниси сир, холажон, дедим.
Мақбарани тарк этар эканман, узун соқолли ва оқ дўппили икки эркакни кўрдим.
Улар аёлларга яқин ўтириб, қоғозга бир нималарни ёзиб бераётгандилар.
Бу ҳам одатий кўриниш.
Аёллар кўпда оилавий муаммоларни ечиш йўлида улардан тумор сўрайдилар.
Эрларига тан соғлиқ тилайдилар, армиядаги ўғилларига хавфсизлик, қизларига яхши эр топилишини сўрайдилар.
Бу хизмат не қадар шубҳали бўлмасин, билими ҳаминқадар бўлган муллалар учун яхшигина даромад манбаидир…
Афғонистонда ҳам матбуот ва ҳам ижтимоий тармоқларда бу каби одат тобора кўпроқ танқид остига олинмоқда.
Айтилишича, бу одат нафақат Ислом шаънига доғ туширади, балки қаллобликдир ҳам.
Ўтган ҳафта ўлдирилган Фархунда ҳам ана шу одатнинг танқидчилраидан бири эди.
Диний илмдан сабоқ олган Фархунда матбуотдаги танқидлардан ҳам бир қадам илгари ташлади.
У фарзандсиз аёлга тумор сотаётган муллага қарши чиқди.
Кўринишича, унинг танқиди ёқмаган мулла бунга жавобан уни Қуръони Каримни ёқишда айблаган.
Бунинг кетидан ғазабланган оломон йиғилган.
Фархунда эркаклар нимага қодир эканликларини тушуниб етмаган кўринади.
Улар нафақат аёлларни алдаб пулларини ола билишади, улар ҳатто куппа-кундуз куни полициянинг кўз ўнгида аёлни калтаклаб ўлдиришлари ҳам мумкин!
Мақбара ташқарисида ҳамиша кўп сондаги ёшларни кўрасиз.
Улар аёлларни томоша қилиш учун, балки кимнингдир эътиборига тушиб, танишиш илинжида келадилар.
Фархунданинг ўлимга алоқадор кўрилган ҳозирда камида 20 киши ҳибсга олинган.
Уларнинг аксари ёш, шаҳарлик йигитлар.
Кўплари Facebook да ўз саҳифаларига эгалар ва ҳужумда иштирок этганларини тан олиб ёзишган.
Мен дохил кўплаб афғонлар учун бу каби ёш эркаклар бирданига муқаддас китобнинг адашган муҳофазакорларига айланиб, даҳшатли зўравонликка қўл ура билишлари - ўта азиятлидир.
Диний илми ҳаминқадар бўлган бу жамиятдаги нуқсонни ошкор қилиш йўлида бир гулдай аёл ўлдирилди…
Бу жамиятда уламолар шошқалоқ хулоса чиқариб, кейинроқ қайтариб оладилар, полиция эса коррупцияга ботган ва салоҳиятсиз...
Афғон аёлларининг дарду ситамлари, мусибатлари эса ҳали тугамайдиган кўринади…»
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












