Рубл қадрсизланишидан оддий қозоғистонликлар қандай фойда кўряпти?

Сурат манбаси, Reuters
Жаҳон бозорларида нефт нархларининг тушиши билан биргаликда Россия рублининг қадри ҳам тушишда давом этмоқда.
Айни дамда Россияга қўшни баъзи мамлакатлар учун бу ҳолат анчайин қулай вазиятни туғдирмоқда.
Eurasianet.org нашрига кўра, Россия рубли тобора пасайиб борар экан, минглаб шимолий қозоғистонликлар бозор-ўчар учун Россияга ўтишмоқда.
Чегарадан турфа молларни ўтказиш эса анчайин осон, чунки ҳар иккала давлат ҳам Божхона Иттифоқига аъзо.
Шимолий қозоғистонликлар Сибирга ўтиб, турар жойу машинадан тортиб озиқ-овқат ва кийим-кечакларгача харид қилишмоқда.
Бугун Сибир шаҳарларидаги уй-жой нархлари Шимолий Қозоғистондаги билан тенглашиб қолган, бир замонлар эса нархлар фарқи осмон билан ерча эди.
Россия чегарасидан етмиш чақиримча узоқда жойлашган Қозоғистоннинг Петропавловск шаҳри яшовчисига кўра, у бу ердаги квартирасини сотиб, Омскдан ҳудди шунақасини сотиб олмоқчи. "Чунки рубл тушиб кетган", - дейди у маҳаллий телевизион канал билан суҳбатда.
Остонада эса рубл инқирозидан фойдаланиб, қўшни давлатдан қимматбаҳо машиналарни харид қилиш ҳоллари кўпайган.
Рублнинг долларга нисбатан нархи 40 фоизга тушиб кетган, Еврога нисбатан эса у 60 фоиз пастлаган. Бу Россияга қўшни Қозоғистонда яшаётган оддий аҳоли учун яхши хабардир, аммо мамлакат иқтисоди учун салбий ҳолат.
Рубл қадрининг тушиб бориши феврал ойида қозоқ тенгесининг ҳам қадрсизланишига сабаб бўлди. Бу ўз навбатида иқтисодий талотўп ва омма норозилигига сабаб бўлганди.
Россия рублининг бу қадар кескин ерлаб бориши, иқтисодчиларга кўра, Қозоғистон тенгесига таъсирсиз бўлмайди.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002












