Тожик президентнинг қариндошлари сўроқ қилинмоқда

Тожикистондаги Давлат молиявий назорати ва коррупция билан кураш агентлиги маълум қилишича, собиқ саноат вазири Заид Саидовга очилган терговда Президент Имомали Раҳмоннинг қариндошлари ҳам текширилаяпти.
Заид Саидов ўтган йил декабрида айбдор деб топилган, бироқ унга ва яна 14 кишига қарши янги тергов иши очилган.
Тожикистон матбуотига кўра, айни тергов доирасида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Давлаталаи Саид, ҳамда собиқ Энергетика ва саноат вазири Шерали Гул сўроқ қилинганлар.
Президент деъвонининг собиқ раҳбари Матлубхон Давлатов ҳам сўроқ қилиниши кутилмоқда.
Шерали Гул ва Матлубхон Давлатовлар, баъзи хабарларга кўра, Президент Имомали Раҳмон билан қариндошчилик ришталарига эгалар.
25 декабрда Тожикистон Олий маҳкамаси Заид Саидовни кўп хотинлилик, жинсий зўравонлик, фирибгарлик ва порахўрликда айбдор деб топиб, 26 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган ва мол-мулкини мусодара қилган.
Кейинроқ у ва унинг оиласига тегишли олтита ширкат давлат томонидан тортиб олинган.
Маҳаллий сиёсий таҳлилчиларга кўра, жаноб Саидовнинг маҳкамага тортилиши ортида сиёсий сабаблар ётади. У 2013 йилда "Янги Тожикистон" номли сиёсий партияни ташкил қилиш истаги ҳақида эълон қилганди.












